10:58 / 25.06.2018
3 157

ЖЧ-2018. Бугун учинчи тур бошланади ҳамда «А» ва «В» гуруҳларида масала ҳал бўлади

ЖЧ-2018. Бугун учинчи тур бошланади ҳамда «А» ва «В» гуруҳларида масала ҳал бўлади
Куни кеча ЖЧ-2018 мусобақасининг 2-тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди. 64 ўйиндан иборат турнирнинг 32та учрашуви ортда қолди ва яна шунча ўйин бизни олдинда кутиб турибди. Бугун эса сўнгги 3-тур старт олади, “А” ва “В” гуруҳларида плей-офф масаласи ҳал бўлади.

ЖЧ-2018
А гуруҳи, 3-тур

Уругвай – Россия

25 июн, 19:00, “Самара Арена”

Плей-офф масаласини 2-турдан сўнг ҳал қилиб улгурган бу икки терма жамоа бугун гуруҳ пешқадами номини аниқлаб берадилар. Учрашувда Россияни дуранг натижа ҳам қониқтиради, Уругвай эса фақат ғалаба учун майдонга чиқиши аниқ.

Уругвай 1-турда Миср терма жамоасига қарши жуда қийин ўйин ўтказди ва фақат сўнгги дақиқалардаги гол эвазига ғалабани илиб кетди. Иккинчи турда эса Саудия Арабистонини минимал ҳисобда таслим этди. Россия эса аксинча, мезбонлар очилиш баҳсида саудияликларни йирик ҳисобда таслим қилдилар. Иккинчи ўйинда эса Муҳаммад Салоҳ бошчилигидаги Миср қийинчиликсиз мағлуб этилди.

Ушбу терма жамоалар шу кунга қадар бир марта ўзаро тўқнаш келганлар. 2012 йилда ўтказилган ўртоқлик учрашувида 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилган. Уругвай термаси кетма-кет бешта ўйиндан буён фақат ғалабани қўлга киритмоқда. Россия эса сўнгги тўртта баҳсда ўз дарвозасидан биттадан ортиқ тўп ўтказиб юбормади.

ЖЧ-2018
А гуруҳи, 3-тур

Саудия Арабистони – Миср

25 июн, 19:00, “Волгоград Арена”

Ушбу икки араб мамлакати Россия ва Уругвайга рақобатчи бўлолмадилар, ҳамда кейинги босқичга йўлланма берувчи ўринлар учун курашни муддатидан олдин тўхтатдилар. Бугунги ўйин эса фақат мухлислар учун бўлади ва юпанч вазифасини ўтаса ажаб эмас.

Саралаш баҳсларини кўтаринки руҳда ўтказган Саудия Арабистони Россия майдонларида яққол аутсайдерга айланиб қолди. “Сахро бургутлари” жаҳон чемпионатларида кетма-кет 12 учрашувдан бери ғалаба нималигини билмай келмоқдалар ва бугун ушбу қора анъанани бузишга ҳаракат қиладилар.

28 йиллик танаффусдан сўнг жаҳон чемпионатига чиққан Миср термаси ҳали ушбу турнирда ғалабага эриша олмаган. Уларнинг энг яхши натижалари ЖЧ-1990 мусобақасида қайд этилган, ўшанда “фиръавнлар” Голландия билан 1:1 ўйнашганди.

Ушбу терма жамоалар ўзаро тўрт бор тўқнаш келган ва уларнинг учтасида Миср ғалаба қозонган. Саудиянинг мағлубиятли серияси 5та ўйинга етди. Миср эса кетма-кет саккиз ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай келмоқда.

ЖЧ-2018
В гуруҳи, 3-тур

Эрон – Португалия

25 июн, 23:00, “Мордовия Арена”

Эрон терма жамоаси ўтган мундиалда бўлгани каби бу сафар ҳам фаворитларга “бош оғриғи” бўлишда давом этмоқда. Ушбу баҳсда икки терма жамоада ҳам имконият бор, бироқ португалларни дуранг натижа ҳам қониқтиради.

Кўпчилик томонидан гуруҳ аутсайдери саналган форслар илк баҳсда Марокашни ўз услубларида таслим этишди ва испанларга қарши ҳам жуда юқори савияда ўйин кўрсатишди. Эрон бугун ғалаба қозона олса катта сенсация қайд этиб, плей-оффга йўл олиши мумкин.

Португалия терма жамоаси эса Криштиану Роналдунинг голлари эвазига ўз ўйинларини қутқариб қолмоқда. Битта футболчидан иборат терма жамоа номини олган португаллар бугун мустахкам ҳимоя қўрғонини ёриб ўтишларига тўғри келади.

Ушбу икки терма жамоа ўзаро икки бор тўқнаш келган. Уларнинг иккитасида ҳам Европа вакилларининг қўллари баланд келган. Португалия кетма-кет бешта ўйиндан буён ютқазмай келаяпти ва шуларнинг учтасида жамоа гол ўтказиб юбормаган.

ЖЧ-2018
В гуруҳи, 3-тур

Испания – Марокаш

25 июн, 23:00, “Калининград Арена”

Испания терма жамоаси гуруҳдан чиқиш имкониятларини йўқотган Марокашга қарши ўйин ўтказади. “Қизил фурия” ушбу баҳсда яққол фаворит ҳисобланаётган бўлсада, Марокаш аввалги икки ўйинда ҳам ғалабага мос ҳаракат қилагинини унутмаслик лозим. Ушбу баҳсни ўзбекистонлик ФИФА ҳаками Равшан Эрматов жамоаси бошқариб боради.

Испания ҳозирда мухлислар кутган ўйинни намойиш қила олмаяпти. Илк учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ғалаба қўлдан чиқиб кетди, Эронга қарши ўйинда яққол устунлик қилган бўлсада фақат битта гол уришга эришди.

Марокаш илк турни аламли мағлубият билан бошлади, жамоа 95-дақиқада ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди ва жуда катта руҳий зарбани қабул қилиб олди. Иккинчи турда Марокаш термаси Португалия билан ўйнади ва голдан ташқари барча статистикаларда устунликни қўлга киритди. Бу жамоа ҳозирча ушбу мундиалнинг энг омадсиз термаларидан бири бўлиб турибди.

Ушбу терма жамоалар ЖЧ-1961 мусобақасида икки марта тўқнаш келганлар ва икки ўйинда ҳам испанларнинг қўли баланд келган. Испания Евро-2016дан кейин бирорта баҳсда мағлуб бўлмади, уларнинг мағлубиятсиз серияси 22 ўйинга етди.

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЖЧ-2018. Бугун учинчи тур бошланади ҳамда «А» ва «В» гуруҳларида масала ҳал бўлади