09:00 / 17.08.2018
1 435

Туркиядаги ритейлерлар iPhone’га буюртма қабул қилишни тўхтатишди

Туркиядаги ритейлерлар iPhone’га буюртма қабул қилишни тўхтатишди
Туркиядаги йирик ритейлерлар мижозлардан Apple компаниясининг iPhone смартфонларига буюртма қабул қилишни тўхтатишди. Бу ҳақда Kun.uz нашри ёзмоқда.

Нашрнинг маълумот беришича, Истанбулдаги энг йирик электроника импортёрларидан бири бўлган Dogubank савдо майдончаси қиймати 50 миллион долларга яқин бўлган iPhone смартфонларига буюртмани бекор қилган. Смартфонлар Туркияга октябрь ва ноябрда келтирилиши лозим эди.

Истанбулдаги яна қатор фирма ва бозорлар ҳам Apple маҳсулотларидан ташқари, АҚШда ишлаб чиқарилган бошқа турдаги электроника маҳсулотларига буюртмалар қабул қилмаяпти.

Sabah газетасининг хабар беришича, iPhone’га буюртма бериш Туркиянинг Осиё қисмида тўхтатилган. Аксарият ритейлерлар Америкадаги электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялар билан шартномаларни бекор қилишмоқда ёки тузатиш киритишмоқда. Кўплаб сотувчилар пештахталардан Америка маҳсулотларини олиб ташлашган.

Маҳаллий сотувчилар ҳукумат билан ҳамжиҳатлик белгиси сифатида ана шундай чорага қўл уришди. 14 август куни Эрдўған «Туркияга қарши иқтисодий урушни бошлаганлар унинг учун тўлов тўлаши керак»лигини таъкидлади.

АҚШ ҳаракатларига эҳтимолий жавоб сифатида Эрдўған Америка электроника маҳсулотларини бойкот қилиш ва миллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантириш ҳақида гапирди.

«Биз чет эл валютасига сотиб олинаётган нарсалардан яхшироқ маҳсулотларни ишлаб чиқарамиз ва сотамиз. Биз Америка электроникасини бойкот қиламиз», - деди Эрдўған ва «Уларда iPhone бўлса, бошқа томондан Samsung ҳам бор», - дея қўшиб қўйди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)