15:20 / 27.09.2018
2 298

Погба ва Моуриньо яна жанжаллашмоқда: сардорлик боғичи олиниши ва машғулотлар вақтидаги видео

Погба ва Моуриньо яна жанжаллашмоқда: сардорлик боғичи олиниши ва машғулотлар вақтидаги видео
Фото: Squawka
«Манчестер Юнайтед» Англия Лигаси кубогида чемпионшип вакили, Фрэнк Лэмпард бошқарувидаги «Дерби Каунти»га ютқазиб, турнирни тарк этгач, жамоа ички муҳити ОАВ диққат марказида турибди. Айниқса, Жозе Моуриньо ва Поль Погба ўртасидаги қиличбозликни кузатиш қизиқ бўлмоқда.

Мураббий франциялик футболчидан очиқчасига шикоят қилди: «Ягона ҳақиқат шуки, мен у бундан буёғига жамоа вице-сардори бўлмаслиги тўғрисида қарор қабул қилдим. Аммо ҳеч қандай тортишув йўқ, муаммо мавжуд эмас. Мен – мураббийман ва шундай қарор қабул қилишим мумкин. Ўртамизда муаммо йўқ, бу шунчаки мен изоҳлашим шарт бўлмаган қарор холос».

Кўринишидан Жозе Погбанинг якшанба кунги интервьюсидан қаттиқ дарғазаб бўлган. Чемпиоантнинг 6-турида «Вулверҳэмптон» билан ўйинда қайд этилган дурангдан кейин франциялик футболчи жамоа ўйин услубини танқид қилганди. Натижада, Моуриньо уни «Дерби Каунти»га қарши ўйин қайдномасига ҳам киритмади, кейинги куни машғулотлар вақтида эса футболчи мураббийнинг олдидан ўтгач, унинг айтган сўзларидан кейин юзини очиқчасига тириштирди.

The Guardian хабарига кўра, Моуриньонинг охирги сўзи шундай бўлган: «Йўқол». Клуб эса, португалиялик мураббий тилидан бу сўз чиққанини инкор этмоқда.

Sky Sports ҳам бу мулоқотни очиқлашга ҳаракат қилди; айтишларича, Жозе пресс-атташега мурожаат қилган: «Поль буни инстаграмга қачон қўйганди?». У бу билан франциялик футболчи «Вулверҳэмптон»га қарши ўйинда заявкага киритилмаганидан кейин трибунада ўтириб, заявка қилинмаган жамоадошлари билан кулиб ўтиргани акс этган тасвирини назарда тутгани тахмин қилинмоқда.

Қайд этиш керакки, Жозе ва Поль муносабатлари ўтган мавсум ярмида, футболчининг ўйини пасайиши туфайли бошланганди.

Погба қишда эринчоқ бўлиб қолган ва ҳимояга ёрдам бермай қўйганди. Натижада, мураббий февраль-март ойида уни асосий таркибдан чиқарди. Айниқса, ЕЧЛ 1/8 финалида «Севилья»га қарши ўйинлар буни кўрсатиб қўйди: икки ўйинда ҳам Поль фақат захирадан ўйинга қўшилди. Ўйинларда француз футболчиси ўрнини ёш Скотт Мактомини эгаллай бошлади ва Жозе уни доимий равишда мақтаб турди.

ЕЧЛни эрта тарк этганига қарамасдан, «МЮ» ўтган мавсумда АПЛда Фергюсон кетганидан буён энг яхши натижани қайд этди (2-ўрин) – бу эса барчани хотиржам қилди ва мураббий-футболчи можароси унутилди.

Кейин Погба жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этди, финалдан кейин таътилга чиқиб кетди – аввалига Лос-Анжелесда, кейин Француз Полинезиясида. Жозе ёзги трансферлар йўқлигидан асабийлаша бошлади ва раҳбарият билан зиддиятга борди. У яхши футболчилар сотиб олинмаганига яраша, жамоа мавсумолди йиғинини тўлиқ таркибда ўтказишини талаб қилди.

Поль мураббийнинг иродасини бажо келтирмади ва таътилни охиригача адо этди. У таътилда ялло қилиб юрганида Моуриньо унинг гоҳ «Ювентус»га, гоҳ «Барселона»га ўтиши ҳақидаги хабарларни ўқиб, чандон асабийлашарди.

Фото: REUTERS/Phil Noble
Вазиятга клуб раҳбарияти аралашишга мажбур бўлди: Погба сотилмайди! Бу Моуриньо учун ҳам сигнал эди, у Поль билан бирга ишлашда давом этишини тушуниб олди.

Жозе тактикани ўзгартирди: Погбани жамоа сардори Антонио Валенсиянинг ўринбосари этиб тайинлади. У футболчини яна мақтай бошлади: «Погба монстр», «мен Погбадан ҳар қачонгидан кўра кўпроқ розиман», «Погба клубимизда бахтиёр» – у франциялик футболчини ҳатто пенальтини аниқ ижро эта олмаганидан кейин ҳам мақташда давом этди.

Фото: REUTERS/Phil Noble
Бу эса ёрдам берди. Поль уч ўйинда жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушди, 4 гол уриб, 2 голга ассистентлик қилди. У «МЮ»нинг ҳақиқий етакчисига айланганди. Аммо Погбанинг ўзи ОАВни келажаги борасидаги ноаниқлик билан чалғитишда давом этарди.

Кўринишидан Погбанинг кайфиятига агенти Мино Райола таъсир кўрсатмоқда. Бу италиялик агентнинг имзоси: у кичик чўғни катта оловга айлантира олади, футболчини бошқа клубга трансфер қилишга кўндиради, у бу орқали трансфердан комиссион улуш ишлаб олишни кўзлайди.

Айни вақтда Полга кўплаб топ-клублардан қизиқиш мавжуд, қолаверса, эндиликда ЕЧЛда биринчи даврада бошқа жамоа учун ўйнаган футболчиларни иккинчи давра ўйинларига заявка қилиш мумкин бўлади.

Аммо Погбанинг сотуви «МЮ»нинг имижига салбий таъсир кўрсатиши тайин. Поль Манчестерга икки йил муқаддам келганди – инглизлар «Ювентус»га 105 миллион евро тўлаган ва футболчи билан 2021 йилгача шартнома тузган. Италия нашрлари маълумотига кўра, келишув доирасида клублар махсус бандни қўшишган: Поль «Юве»га 60 миллион евро эвазига қайтиши мумкин бўлади. Бошқа даъвогарлар учун қанча нарх белгилангани маълум эмас.

Погба ва Моуриньо зиддийтини «Барселона» диққат билан кузатиб бормоқда: маълум бўлишича каталонияликлар ёзда «МЮ»га футболчи учун 50 млн евро таклиф этишган; энди улар январь учун янги таклифни тайёрлашмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Погба ва Моуриньо яна жанжаллашмоқда: сардорлик боғичи олиниши ва машғулотлар вақтидаги видео