08:25 / 10.10.2018
1 558

Отабек Ғуломхўжаев: "Ўйнаганга яраша кучлироқ жамоалар билан ўйнаймиз"

Отабек Ғуломхўжаев: "Ўйнаганга яраша кучлироқ жамоалар билан ўйнаймиз"
Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Испаниянинг Малага шаҳрида ўтказиладиган халқаро мусобақага жўнаб кетди. 3-7 октябрь кунлари терма жамоамиз “Чиғатой” спорт базасида шуғулланишди. Шундан кейин Малага шаҳрига жўнаб кетишди. Вакилларимиз у ерда учта ўйинда иштирок этишади. Дастлаб 10 октябрь куни Франция U-18, 13 октябрда эса Бельгия U-18 ва 15 октябрда Шотландия U-18 терма жамоалари билан куч синашади.

Шу сабабли бу вакилларимиз учун муҳим мусобақа ҳисобланади. Отабек Ғуломхўжаев эса айни пайтда ўз футболчиларини мазкур турнир учун ҳар жиҳатдан пухта тайёрлашга бел боғлаган. Ўз навбатида шуни алоҳида айтиш керакки, мураббийнинг таъкидлашича, ушбу ёшдаги терма жамоамиз вақти келиб футболимизнинг олтин авлодига айланиши кутилмоқда. Айнан Ғуломхўжаев учун ҳам Малагади мусобақа катта аҳамият касб этади. Бельгия, Франция ҳамда Шотландиядек кучли рақибларга қарши ўйинлар албатта футболчиларимиз учун асқотиши турган гап. Қуйида Отабек Ғуломхўжаев ушбу мусобақа олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Чиғатойдаги тайёргарлик

- Биз Испания сафарига кетадиган таркибни аниқлаштириб олганмиз. Бундан 20 кун олдин ҳам йиғин ўтказгандик. Шу боис таркибимизнинг асосий ўзагини ҳал қилиб олганмиз. Терма жамоамизга турли клублардан футболчилар келишган бўлиб, уларнинг ҳозирги пайтдаги жисмоний ҳолатига қарамаймиз. Асосийси, уларнинг ҳаммаси яхши спорт формасида. Бу ерга келишганидан сўнг уларни ўз назоратимизга олганмиз. Яъни, машғулотларда бизнинг уч хил тоифадаги йўналишларимиз бор. Аммо битта уринишдаёқ барчасини футболчиларга ўргатиб бўлмайди.

Чиғатойдаги беш кунлик йиғинимизда асосан тактик услублар устида ишладик. Ҳужумдан кейин ҳимояланишга келганда бизда айрим камчиликлар бор. Ҳозирги кунда ҳимояга ҳам жиддий эътибор қаратиш давр талаби бўлиб қолган. Шунингдек, стандартлардан ҳам самарали фойдаланиш устида ишлаяпмиз.

Испаниядаги мусобақа

- Хориждаги йиғинимиз давомида футболчиларимизнинг қандай имкониятларга эга эканлиги янада яхшироқ кўринади. Масалан, индивидуал томондан кучлимизми ёки тактик жиҳатданми? Жисмоний ҳолатимиз қандайлигини эса ўйин кўрсатади. Шу билан бирга рақиб бизга қандай ўйинни таклиф қилади ва биз уларга қандай ўйинни таклиф қила оламиз? Сафар давомида ушбу жиҳатларга ҳам эътибор қаратамиз. Менда рақибларимиз ҳақида маълумотлар бор. Лекин уларда худди шу ёш тоифасида 2-3 та таркиблари бор. Шу боис бизга нисбатан рақибларимизнинг қайси жамоалари ўйнашларини эса билмаймиз. Масалан, Бельгиянинг U-19 жамоасининг иккита шаклланган таркиби бор.

Бельгия термасини ўйинини диск орқали кўрганимда, таркибида жуда кучли футболчилар борлигига гувоҳ бўлдим. Орадан 20 кун ўтиб Бельгия бошқа турнирда қатнашди. Аммо бу сафар умуман бошқа таркиб билан ўйнашди. Лекин умумий маънода уларнинг ўйин сифати кўриниб турибди. Айтмоқчиманки, йўналиши битта. Бироқ ҳали рақибларимизнинг кучли ёки кучсиз томонлари ҳақида етарли даражада маълумотларга эга эмасман. Асосий мақсадимиз ўзимизнинг футболчиларимизни шакллантиришдир. Шунчаки, мен ўз йигитларимизни кучли рақибларга қарши ўзларини қандай ҳис қилишларини, қандай ўйин кўрсатишларини кўрмоқчиман. Чунки ушбу ёшдаги футболчиларимиз биринчи марта бундай мусобақада қатнашишади. Биз Осиё жамоаларини танлаганимиз йўқ. Ўйнаганга яраша Европанинг кучли рақиблари билан ўйнайдиган бўлдик.

Йигитларимиз ўз клубларида ёки Тошкентдаги йиғинларимизда зўр ўйнашади. Лекин халқаро майдонда қандай тўп суришади? Бельгия, Франция, Шотландияга қарши учрашувларда футболчиларимиз саросимага тушиб қолишмайдими? Бунинг учун аввало уларнинг руҳиятини кўриб оламиз. Албатта, бу борада улар билан ишлаяпмиз. Энг муҳими, руҳий ҳолати жойида бўлиши керак. Қолган камчиликларни эса тўғриласа бўлади. У ерга боргандан кейин оёқлари қалтириб турса, у минг иқтидорли бўлмасин қиладиган ишини бажара олмай қолади. Биз бу йигитлардан натижани сўрамаймиз.

Мақсад ўз дарвозамиздан гол ўтказмаслик ёки тўпни ўзимизда сақлаб кўпроқ гол уриш эмас. Шунчаки, бизнинг ўз ўйин фалсафамиз бор. Европа термаларига қарши учрашувларда ҳам фақат ўз ўйинимизни кўрсатишимиз керак холос. Балки ўз дарвозамиздан 2-3 та гол ўтказиб юборармиз. Бироқ бундан фожеа ясамаймиз. Бизга бу ўйинлар нима учун керак? Асосийси, йигитларимизнинг руҳиятини кўтариш ва айнан қандай йўналишда улардан орқада қолиб кетяпмиз, шу каби масалаларни кўриб оламиз. Агар рақибларимиздан қайсидир жиҳатимиз бўйича устунроқ бўлсак, унда тўғри йўлдан кетаётганимиз билинади. Нима бўлганда ҳам Мадриддаги мусобақа биз учун катта мактаб бўлади. Бир сўз билан айтганда, яхши йиғинга кетяпмиз. Бунинг учун футболимиз раҳбарларига раҳмат айтаман. Улар биз учун ажойиб йиғинлар ташкил қилиб беришяпти.

Футболчиларнинг танлови

- Бизда футболчилар танлови ва уларни танлаб олиш имконияти кўп. Ҳали бу ёшда биз билан кетиши керак бўлган яна бир қанча ўйинчиларимиз қолиб кетишяпти. Аммо улар бизнинг захира вариантларимиз ҳисобланишади. Кейинги халқаро йиғинларимизда ҳам бошқаларни синаб кўрамиз. Биласизми, ўзимиз ўйнаб, маҳаллий жамоаларни ютиб юраверамиз, бироқ четга чиққанимизда қаерга югуришни, қандай ўйнашни билмай қоламиз. Барибир халқаро тажриба бошқача. Биз бошқа вилоят терма жамоаларини ҳам кўриб олдик ва уларнинг орасидан ҳам танлаб олганларимиз бор. Мен ҳозирдан мақтанмоқчи эмасман-у, аммо ҳозирги футболчиларимизга яхшилаб эътибор қаратсак, 2001 ва 2002 йилларда туғилган йигитларимиз орасида иқтидорлилари кўп. Шу боис улар бизнинг олтин авлодимизга айланишлари мумкин.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)