23:30 / 11.10.2018
2 076

«Арсенал»нинг ғалабалари ортида ким(лар) турибди?

«Арсенал»нинг ғалабалари ортида ким(лар) турибди?
«Арсенал» қаторасига олти ўйинда ғалаба қозонганидан кейин Премьер Лиганинг тўртинчи поғонасига чиқиб олди. Барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганимизда эса тўққизинчи ғалабасига эришди.

«Тўпчилар» ниҳоят ўзларига тегишли жойга қайтишмоқда. Уларнинг ғалабали серияси эса чемпионат бош соврини учун даъвогар сифатида тилга олинишга сабаб бўлмоқда. Бундай ўрин уларга балки ўзларига бўлган ишончни қайта тақдим қилар.

Албатта ишонч футболчиларга кўп нарсани тақдим қилади. Александр Ляказетт мухлисларнинг севимлисига айланиб бормоқда, барча Пьер-Эмерик Обамеянгнинг тезлигидан ҳайратда қолмоқда. Аарон Ремзининг голини 2019-йилги Пушкаш совринини ютиши ҳақида бонг урмоқда.

Бироқ яна шундай футболчилар борки, улар кўпчиликнинг эътиборидан четда қолмоқда. Улар ҳам яхши ўйнашди, бироқ юқоридаги жамоадошларининг соясида қолиб кетмоқда. Қуйида «тўпчилар»нинг ғалабаларига муносиб ҳиссасини қўшган футболчиларни таҳлил қиламиз.

Петр Чех
Дарвозабон, 5/9 ўйин ўтказган


Бернд Лено «Арсенал»нинг ёздаги энг йирик ҳариди бўлди ва айни вақтда у ўзини ижобий тарафда кўрсатмоқда. Клуб мухлислари дарвозада айнан чехиялик футболчининг бўлиши билан ғалабали серияга старт берилганини унутмаслик керак. Афсонавий посбон ҳамон ўзининг ажойиб ўйинларини намойиш қилишда давом этмоқда.

Айнан Чех «Вест Хем»га қарши ўйинда 13 та сейвни амалга ошириб мавсумдаги биринчи ғалаба қозонишига ёрдам берганди. У кейинчалик «Эвертон»га қарши ўйинда энг яхши футболчига айланди. У лондонликларнинг мавсумдаги биринчи қуруқ ўйин ўтказишига катта ёрдам берди. Жароҳат унга таъсир қилган бўлиши мумкин, аммо айнан у туфайли клуб ғалаба қозонишни бошлаб олди.

Роб Холдинг
Ҳимоячи 6/9 ўйин ўтказган


«Эвертон»га қарши бир тайм ўтказиб жароҳат сабаб майдонни тарк этган Сократис ўрнига туширилган Холдинг ўзини кўрсата бошлади. У Европа Лигаси доирасида 90 дақиқа ўйнади ва ўз ўйини билан кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.

Холдинг ўшандан бери ҳар бир ўйинда иштирок этиб келмоқда. Англиялик ҳимоячи асосий таркиб учун муҳим номзодга айланиб бормоқда. Сократис ёки Мустафи ёнида Холдинг анча босиқ ўйнамоқда ва клуб мухлислари Арсен Венгер унга имкон берганидан миннатдор.

Лукас Торрейра
Ярим ҳимоячи, 9/9 ўйин ўтказган


Янги вакил «тўпчилар»нинг энг яхши трансфери бўлиш учун ўзини кўрсатишни бошлаб юборган. Бироқ уни керагича қадрлашмаётгани ҳам бор гап.

Таянч ярим ҳимоячиси ҳар бир ўйинда иштирок этган бўлсада у мавсумни захира ўйинчиси сифатида бошлади. Унай Эмери уругвайлик ёш иқтидор эгасига нисбатан анча эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.

У «Эвертон»га қарши беллашувда биринчи марта тўлиқ 90 дақиқа ўйнашга муваффақ бўлди. Бироқ ўшандан бошлаб у ярим ҳимояда мунтазам тарзда пайдо бўла бошлади. Торрейранинг ярим ҳимояда «қора ишлар»ни бажаришни ўз зиммасига олиши Гранит Жакага олдинга бориш йўлини очиб берди.

Алекс Ивоби
Вингер, 7/9 ўйин ўтказган


Ивоби «Арсенал»нинг тўп билан энг кўп муомала қиладиган футболчисига айланган. Нигериялик футболчи тўп билан дриблинглар қилиши рақибларни шошириб қўймоқда ва бошқа жамоадошлари учун бўш майдонларни яратиб беришга имкон туғдирмоқда. Ивобининг ҳимоядаги ёрдами ва позицион ўйинда адашмаслиги унга ҳужум чизиғида иштирок этишига катта ёрдам бермоқда.

Унинг ишлаш коэффициенти ва ўзига бўлган ишончи жуда асқотмоқда. У клубнинг сўнгги вақтларда эришаётган натижаларига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Эркинжон Ғайбуллаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Арсенал»нинг ғалабалари ортида ким(лар) турибди?