«МЮ» сўнгги дақиқаларда 2 та гол уриб, «Ювентус»дан ғалабани тортиб олди

  • 8-11-2018, 10:14
  • 404
  • Спорт
  • «МЮ» сўнгги дақиқаларда 2 та гол уриб, «Ювентус»дан ғалабани тортиб олди
    Европа Чемпионлар Лигаси 4-туридан ўрин олган «Ювентус» – «Манчестер Юнайтед» учрашуви ўз якунига етди. «Ювентус Стэдиум»да кечган баҳсда меҳмонлар иродали ғалабани қўлга киритишди.

    Ўйин кутилганидек мезбонларнинг устунлигида бошланди ва танаффусгача икки томонда ҳам бир қатор яхши имкониятлар юзага келди.

    Иккинчи бўлимни иккала томон ҳам фаол бошлади. Мезбонлар 65-дақиқага келиб ўз мақсадларига етдилар. Майдон марказидан узатилган тўпга Криштиану Роналду тўхтатмасдан зарба берди ва чиройли голга муаллиф бўлди.

    Ушбу голдан сўнг туринликлар янада жонланишди ва рақиб дарвозаси олдида бирин-кетин хавфли вазиятларни содир этдилар.

    Жозе Моуринью эса ўзгаришлар орқали ўйинни ўз томонига оғдиришга уринди. Бу эса ўз самарасини берди: 86-дақиқада Хуан Мата жарима зарбасини қойилмақом бажариб, мувозанатни тиклади.

    90-дақиқада меҳмонлар ғалаба тўпини киритишди: жаримадан узатилган тўпга Маруан Феллайни боши билан зарба берди, уни дарвозабон қайтаришга эришди, бироқ қайтган тўп Алекс Сандрога тегиб дарвозадан жой олди.

    Шу тариқа, гуруҳдаги вазият қуйидагича тус олди: 1. «Ювентус» (9); 2. «МЮ» (7); 3. «Валенсия» (5); 4. «Янг Бойз» (1).

    ЕЧЛ, 4-тур

    Ювентус Италия – Манчестер Юнайтед Англия 1:2 (0:0, 1:2)

    Голлар:
    1:0 – 65 Роналду, 1:1 – 86 Мата, 1:2 – 89, автогол Алекс Сандро.

    Ювентус – Шченсны, Бонуччи, Алекс Сандро, Де Шильо (Бардзальи, 83), Кьеллини, Хедира (Матюиди, 61), Пьянич, Бентанкур, Куадрадо (Манджукич, 90), Дибала, Роналду.

    Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Смоллинг, Шоу, Янг, Линделеф, Лингард (Рэшфорд, 70), Эррера (Мата, 79), Санчес (Феллайни, 79), Погба, Марсьяль, Матич.
    Огоҳлантиришлар: Матич (12), Алекс Сандро (55), Дибала (75), Эррера (75).


    Манба: www.uff.uz

    » » «МЮ» сўнгги дақиқаларда 2 та гол уриб, «Ювентус»дан ғалабани тортиб олди