Англияда Манчестер дербиси, Германияда грандлар тўқнашуви...

  • 10-11-2018, 18:38
  • 296
  • Спорт
  • Англияда Манчестер дербиси, Германияда грандлар тўқнашуви...
    Пайшанба куни Европа Лигасида навбатдаги тур бўлиб ўтган бўлса, эртасига миллий чемпионатлар ҳам ўйинларни давом эттиришди. Терма жамоалар билан боғлиқ бу йилдаги сўнгги танаффус олдидан бўлиб ўтаётган бу ҳафта ўйинларида ҳам бир қатор эътиборга молик учрашувлар йиғилиб қолган. Манчестерда дерби, Дортмундда йилнинг марказий ўйинларидан бири, Вигода эса, «Реал» мураббийи тақдирини ҳал қиладиган учрашув... Келинг, бир бошдан.

    БОРУССИЯ ДОРТМУНД – БАВАРИЯ (10 ноябрь, 22:30)

    Фото: EPA/LUKAS BARTH
    Дортмундликлар Чемпионлар Лигасида «Атлетико»га ютқазиб, мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди, аммо Бундеслигада ҳаммаси яхши, жамоа ўн турдан буён мағлубиятга учрамай, «Бавария»ни 4 очкога ортда қолдирмоқда. Демак, сўнгги йилларда илк бор дортмундликлар ўйинни фаворит сифатида бошлайди.

    Гап фақат турнир жадвалида эмас, «Бавария» ҳозирда ўйин борасида ҳам етарлича муаммоларга дуч келишмоқда. Ўтган ҳафталарда жамоа яна ғалаба қозонишни бошлаб, ҳаммаси ортда қолгандек бўлганди, аммо сўнгги турда «Фрайбург» билан Мюнхендаги дуранг яна эски гапларни қўзғаб юборди. Ковач ва жамоа етакчилари ўртасида зиддият борлиги, раҳбарият ёш мураббийга сўнгги имкониятни бераётганликлари ҳақидаги хабарлар яна пайдо бўла бошлади. Аксига олиб, клуб раҳбарлари ёки футболчилар томонидан Ковачни тўлиқ қўллаб-қувватлашлари ҳақидаги баёнотларнинг йўқлиги вазиятнинг қалтис эканидан далолат қилади. Демак, бу ўйиндаги мағлубият балки Нико Ковачнинг истеъфоси билан ҳам якунига етиши мумкин.

    Таркибларга келсак, Арьен Роббен ўйинга тайёр бўлишга улгурмади ва бугун унинг майдонга тушмаслиги аниқ. Шунингдек, Тиаго Алкантара ҳам бир неча ҳафтага сафдан чиққан. Коман ва Толиссонинг жароҳатлари эса, янада жиддийроқ, уларни унутиб ҳам юбордик. Мезбонлар сафида эса, фақат Шмельцер сафда эмас. Айниқса, сўнгги ўйинларда бутун Европа томонидан муҳокама қилинаётган Санчонинг ўйинини кўриш қизиқарли бўлса керак.

    Юрген Клопп даврида дортмундликлар «Бавария» билан ҳар жабҳада рақобат қилишган бўлсалар-да, охирги йилларда мюнхенликларнинг яққол устунлиги сезилиб қолди. Ўзаро ўйинларда ҳам, сўнгги беш ўйиндан тўрттасида «Бавария» устун келган. Айниқса, шу йилнинг март ойида Мюнхенда бўлган учрашув «Боруссия»га жуда оғир ботгани шубҳасиз. Левандовски собиқ жамоаси дарвозасига ҳет-трик қайд этган ушбу ўйинда мезбонлар 6:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

    МАНЧЕСТЕР СИТИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (11 ноябрь, 21:30)

    Фото: REUTERS
    Алекс Фергюсон кетганидан бери, Манчестернинг футбол маркази «шаҳарликлар» томонга кўчди, деб бемалол айтиш мумкин. «Этиҳад» «Олд Траффорд»дан қўрқинчлироқ, бу ерда кўпроқ гол урилмоқда, кўпроқ соврин ютилмоқда, умуман, шу ўтган беш мавсумнинг ҳар бирида «Сити» қўшнисидан юқори ўринда жойлашди.

    Аммо бошқа бир жиҳат бор. «Манчестер Сити» ҳар томонлама ҳозирда юқорироқ даражада экани айтилса-да, тўғри, масалан, «Олд Траффорд»даги сўнгги икки ўйин Гвардиола шогирдлари ғалабаси билан тушади, аммо «Этиҳад»да ўтаётган ўйинларда устунлик кузатилмаяпти. Масалан, бу стадионда кечган охирги уч ўйинда мезбонлар ғалаба қозона олишмаяпти. Луи ван Гаалнинг сўнгги мавсумида меҳмонлар Рэшфорднинг голи ёрдамида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди, кейинги йили ҳисоб очилмади. Шу йилнинг апрелида эса, Погба ва унинг шериклари иккинчи бўлимда камбэк амалга ошириб, «Манчестер Сити»нинг чемпионлик байрамини кейинги суриб юборган эдилар.

    Дарвоқе, камбэклар ҳақида. Бу «Юнайтед»нинг ўзига хос фишкасига айланиб бормоқда. Ўтган мавсум охирларида «Челси», «Кристал Пэлас», «Тоттенҳэм»га қарши ўйинларда бурилиш ясаган Моуриньо шогирдлари сўнгги беш ўйиннинг учтасида иродали ғалабага эришдилар. «Челси» билан ўйинда ҳам фақат сўнгги сониялардаги гол лондонликларни мағлубиятдан қутқарди. Бу «Манчестер Юнайтед»нинг жуда ёмон бошлаган ўйинларда ҳам вазиятни ўнглашга қодирлигини намойиш қилмоқда. Бу борада ҳақиқий синов эса, айнан дербида бўлиб ўтади. Чунки Гвардиола жамоаси доим бир гол билан кифояланамайдиган ва вазиятни эртароқ ҳал қилишга уринадиган жамоа.

    Мезбонлар таркибида Кевин де Брюйне яна йўқ. Аммо сўнгги ўйинлар жамоада бир ёки икки футболчининг ўрни ўйин сифатида таъсир этмаслигини исботламоқда. Масалан, «Шахтёр»га қарши ўйинда Агуэро ҳам майдонга тушмади, лекин бу ҳам Стерлинг, Жезус, Сане, Силва, Маҳрез каби футболчиларга 6 гол уришга халақит бермади. «Манчестер Юнайтед» сафида Эррера, Феллайни каби футболчиларнинг сафга қайтганликларини кўрдик. Ромелу Лукаку борасида Жозе Моуриньо ҳужумчининг машғулотларни бошлаганини, дербида майдонга тушиш имконияти борлигини айтди. Аммо соғ ҳолатда ҳам катта эҳтимол билан Лукаку захирада қолса керак, чунки Антони Марсиял сўнгги ўйинларда жуда яхши ўйнаяпти. Моуриньо сафардаги дербида икки ҳужумчи билан ҳаракат қилишни истамаса керак.

    Аммо бошқа муаммо ҳам чиқди. Бугун «иблислар» етакчиси Поль Погба машғулотларда қатнашмагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, франциялик яримҳимоячида кичик жароҳат бор. Шундай бўлса-да, мураббийлар унинг эртанги ўйинга тайёр бўлишига умид қилишмоқда.

    Эсингизда бўлса, Погба ўтган йили «Манчестер Сити» футболчиларидан бири жароҳат олиб, жамоасига ёрдам бера олмаса хурсанд бўлишини айтганди. Ҳозирги кунларда бундай тилакларнинг қайтишига қирқ йил керак бўлмаяпти. Дарвоқе, ўтган мавсумда ҳам Погба биринчи Манчестер дербисида иштирок эта олмаганди. «Арсенал»га қарши ўйинда олинган қизил карточка туфайли яримҳимоячи дисквалификацияга учраганди.

    МОНАКО – ПСЖ (12 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
    Фото: AFP/Getty Images
    «Монако»нинг бугунги ҳолатидан келиб чиқсак, «ПСЖ»нинг ғалабасига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Лекин Франция чемпионатидаги сўнгги икки мавсум чемпионлари ўртасидаги баҳсни эътибордан четда қолдиргимиз келмади.

    «Монако»нинг ҳолати ҳақиқатан ҳам ёмон, ҳатто Тьерри Анри ҳам вазиятни ўнглай олмаяпти. Таркиб умуман олганда ёмон эмас, лекин қаторасига 15 ўйиндан бери ғалаба қозона олмаслик ростан ҳам жуда чуқур инқироз юзага келганини билдиради. «Монако» охирги марта 11 август куни сафарда «Нант» устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу жамоа учун ҳам охиргиси, ҳам умуман ушбу мавсумдаги ягона ғалаба бўлиб турибди.

    «Монако»нинг бу ёмон натижаларига объектив сабаблардан бири, албатта, жуда кўп футболчиларнинг жароҳатланганликларидир. Траоре, Головин, Ражжи, Субашич, Глик, Лопеш, Йшветич, Пеллегри каби футболчилар билан натижалар сал бўлсаям яхшироқ бўлиши, ҳеч бўлмаса, «ПСЖ»га муносиб қаршилик кўрсата олиш учун шароит яратиши мумкин эди.

    «ПСЖ» эса, Франция чемпионатида йўқотишсиз бормоқда. 12 ўйиндан 41 гол, атиги 7 маротаба дарвозадан тўп олиб чиқилган. Асосий тақибчилар билан ўртадаги фарқ 10 очкога етиб улгурди. Тухел жамоаси бутун эътиборини Чемпионлар Лигасидаги ўйинларга қаратиши табиий, зеро айнан ўша мусобақада «ПСЖ» муаммоларга дуч келмоқда.

    Ўзаро ўйинларда «ПСЖ» яққол устун. Сўнгги 18 ўйиндан атиги 2 маротаба «Монако» устун келган холос. Ҳар иккала ғалаба ҳам 2016 йилда қўлга киритилган. Ўшанда монаколиклар таркибида ҳаракат қилган Менди, Силва, Фабиньо, Бакойоко, Моутиньо, Лемар каби футболчилар аллақачон бошқа жамоаларга ўтиб кетиб улгуришди. Жамоалар ўртасидаги сўнгги уч ўйин парижликларнинг йирик ҳисобидаги ғалабаси илан тугаган.

    МИЛАН – ЮВЕНТУС (12 ноябрга ўтар кечаси, 00:30)

    «Милан» олдинги йиллардан фарқли равишда, барқарорликка эришди деб айтиш мумкин. Чунки жамоа А Серияда фақат «Наполи» ва «Интер»дан мағлубиятга учради. Ўртамиёна жамоаларга қарши ўйинларда ютқазмасликни, ўз очколарини қийинчилик билан бўлса-да, олишни ўрганди. Бугунги жамоа футболчи Гаттузонинг ўзгинаси, озгина класс етмаслиги мумкин, лекин сўнгги дақиқаларгача курашиш, мотивация, майдонда бор имкониятни ишга солиш бўйича уларга эътироз бўлиши мумкин эмас. Айнан мана шундай иродали ўйинлар оқибатида «Милан» ҳозирда Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи ўринларга чиқиб олди.

    «Милан» топ ўйинларни бой бераётган бўлса-да, ҳар доим етарли қаршилик кўрсатилаётганини ҳам таъкидлаш керак. «Наполи» билан ўйинда 2:0 ҳисобида олдинда ҳам боришганди, Милан дербисида фақат сўнгги дақиқадаги гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Ишонч билан «Милан»нинг айниқса ўз майдонида «Ювентус»га кескин қаршилик қилишини тахмин қилса бўлади.

    «Манчестер Юнайтёд»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларидаги «совуқ душ» «Ювентус» учун жуда яхши сабоқ бўлгани шубҳасиз. Туринликлар учун ҳам салбий вазиятдан тезроқ чиқиб кетиш учун Миландаги ўйин катта аҳамият касб этади. Терма жамоалар билан боғлиқ танаффус ортидан кетма-кет икки ўйинни муваффақиятсиз ўтказиш жамоанинг руҳий ҳолатига таъсир қилиши турган гап.

    Таркиблар борасида «Милан»нинг ҳолати анча ёмон. Бонавентура, Чалхонўғли, Штринич, Калдара, Биглия, Мусаккио каби футболчилар жамоанинг асосий ўйинчилари ҳисобланишарди. Бундан ташқари, Гонсало Игуаиннинг ҳам собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. «Ювсентус»да эса, сўнгги ўйинларда майдонга тушаётган футболчиларнинг ҳаммаси тайёр, кутилмаган жароҳатлар йўқ.

    «Милан» охирги марта «Ювентус» устидан 2016 йилнинг октябрида кичик ғалабага эришган. Шундан кейинги барча беш ўйин «Ювентус»нинг ғалабаси билан якунланган.

    СЕЛЬТА – РЕАЛ МАДРИД (12 нобярга ўтар кечаси, 00:45)

    Бу учрашувнинг энг аҳамиятли жиҳати, балки бу ўйин натижаси «Реал»ни ушбу мавсум охиригача бошқарадиган бош мураббий ким бўлишига ойдинлик киритиши керак. Сантьяго Солари ўзига берилган имкониятдан яхши фойдаланмоқда: 3 ўйин, 3 ғалаба, тўплар нисбати 11-0.

    Бу ўйинлардаги рақиблар у қадар кучли бўлмагани ва сал қаттиқроқ қаршилик кўрсатган «Вальядолид» билан ўйинда ғалаба қийинчилик билан қўлга киритилганини эътироф этиш керак. Лекин, аввалги рақиблар ҳам шу тоифа эди ва Лопетеги қўл остидаги натижалар кўнгилдагидек бўлмаган. Шуниси аниқки, жамоа ўйинини ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда ва ҳатто Бензема, Бэйл каби футболчилар Соларининг мавсум охиригача жамоада қолиш кераклиги ҳақида матбуотда ҳам фикр билдириб улгуришди. Соларига топширилган 4 ўйиннинг сўнггиси «Сельта»га қарши, унинг майдонида бўлиб ўтади ва айтиш мумкинки, энг қийинроғи ҳам шу.

    Бошқа тарафдан, сўнгги ҳафта бирмунча сокин ўтгани ва Переснинг бирор бир машҳур ном билан музокаралари фаол босқичга ўтмаганидан, Соларининг ҳозирча бош мураббий этиб расман тайинланиши ҳақиқатга яқинга ўхшаб турибди.

    «Сельта» мавсумни жуда яхши бошлаганди. Ҳатто «Атлетико» устидан ишончли ғалабага эришиб, турнир жадвали юқориларидан жой ҳам олганди. Аммо кейинчалик вазият ёмон томонга ўзгарди, Антонио Муҳаммад шогирдлари сўнгги 7 ўйиндан атиги бир марта ғалаба қозонишди холос. Шундай бўлса-да, виголиклар ўз майдонларида хавфли рақиб бўлиб қолаверади. «Реал»га қарши Вигода бўлиб ўтган сўнгги уч ўйиндан иккитасида мезбонлар очко олишнинг уддасидан чиққанликлари бунга ёрқин далил бўла олади.

    «Реал» таркибида Карвахал, Марсело, Варан каби ҳимоячилар жамоага ёрдам бера олмаяпти. Аммо қизиғи, айнан шунақа муаммоли пайтда «Реал» ўз дарвозасини дахлсиз сақлашни бошлади ва уч ўйиндан бери гол ўтказиб юборгани йўқ. Мезбонлар таркибида ҳужумчи Систеда жароҳат бор, лекин у сўнгги ўйинларда шундоқ ҳам асосий таркибга кира олмаётганди.

    БОШҚА ЎЙИНЛАР
    10 ноябрь. «Кристал Пэлас» – «ТОТТЕНҲЭМ» (22:30), «АТЛЕТИКО» – «Атлетик» (22:30), «Женоа» – «НАПОЛИ» (11 нобярга ўтар кечаси. 00:30),
    11 ноябрь. «Аталанта» – «ИНТЕР» (16:30), «ЛИВЕРПУЛЬ» – «Фулҳэм» (17:00), «РОМА» – «Сампдория» (19:00), «ЧЕЛСИ» – «Эвертон» (19:15), «БАРСЕЛОНА» – «Бетис» (20:15), «Зенит» – ЦСКА (21:00), «АРСЕНАЛ» – «Вулверҳэмптон» (21:30).

    Манба: Kun.uz

    » » Англияда Манчестер дербиси, Германияда грандлар тўқнашуви...