02:00 / 28.12.2018
2 818

Моуриньода 3 та кубок ва беҳисоб жанжаллар холосми?

Моуриньода 3 та кубок ва беҳисоб жанжаллар холосми?
Жозе Моуриньо «МЮ»да қандай ишлари билан ёдда қолди. Очиғи, фақат майдонда зерикарли бўлди. «МЮ» португалиялик мутахассис фаолиятидаги 7-клуб эди. Жозе мураббийлик йўлининг бошида роса қийналган: «Бенфика»ни атиги 11та ва «Лейрия»ни 20та ўйинда майдонга бошлаб тушганди. Кейин эса зафарлар аро сузди, гўё.

Яъни «Порту», «Челси», «Интер» ва «Реал» бош мураббийи сифатида мунтазам нимадир ютган ва «Беназир» лақабини олган мураббий «МЮ»даги ишини бой коллекция билан бошлади - 22та соврин. Уларнинг энг кўпи Англияда қўлга киритилган. Аниқроғи, Моу совринларидан 8тасини «Челси»даги икки даврида расмийлаштирди. Хуллас, Жозе «МЮ» воситасида туманли ўлкадаги шахсий статистикасини янада яхшилади, фақат...

Илк мавсумда 3 та соврин. Жозе «МЮ»даги ишини Англия суперкубогидаги «сенсацион» ғалаба билан бошлади: «қизил иблислар» амалдаги чемпион мақомида майдонга тушган «Лестер»ни 2:1 ҳисобида доғда қолдиришди. Ҳал қилувчи голни ўйин тугашига 7 дақиқа қолганида Златан Ибрагимович урганди. Моуриньонинг «МЮ»си кейинги йили финалда «Саутгемптон»ни енгиб, Лига кубоги соҳибига айланди. Эътиборлиси, ғалаба голи яна Ибра номига ёзилди. Бўйдор швед бу сафар якуний нуқтани финал ҳуштаги янграшига атиги 3 дақиқа қолганида қўйди. Жозе «МЮ» билан евросоврин олишни ҳам уддалади: унинг коллекциясига етишмаётган ЕЛ кубогини манкунианлар тортиқ этишди. Манчестерликлар финалда «Аякс»дан устун келишди (2:0), фақат Ибрагимович ёрдамисиз.

Ғалабалар ҳисобида энг паст фоиз. Португалиялик мутахассис «МЮ» бошқарувида жами ўйинларнинг 58,3 фоизида ғалабани таъминлади - бу «Бенфика» ва «Лейрия»да узоққа чўзилмаган фаолиятини ҳисобга олмасак, унинг учун энг паст кўрсаткичдир. Дейлик, Жозе аввалги клуби - «Челси»да бироз яхшироқ натижага эришганди - 58,8 фоиз ўйинда ғалаба. «Беназир» бу борада энг юқори кўрсаткични «Реал»да қайд этган - 71,9 фоиз. Умуман олганда, Моу «МЮ»ни 144та ўйинда майдонга бошлаб тушди: 84та ғалаба, 32та дуранг ва 28та мағлубият.

Калачев билан жанжаллашди ва ярашди. «МЮ» ЕЛда ғалаба қозонган мавсум турнирнинг 1|8 финалида «Ростов»га тўқнаш келди. 1:1 ҳисобида якунланган биринчи ўйин Моуринью ва Тимофей Калачев ўртасидаги жанжал билан эсда қолди. Аниқроғи, Жозе «Ростов» вакилига ошкора эътироз билдиргач, у мураббийга оғзини юмиб туришни тавсия этди. «Асосийси, ўйин тугагач, ярашиб олдик, бир-биримизни ҳурмат қиламиз. Калачев олдимга келиб, узр сўради, мен эса унинг «Олд Траффорд»да майдонга тушолмаслигидан хурсандлигимни яширмадим. Жанжалга келсак, эҳтиросга берилиб, бир-биримизга «Тилингни тий» қабилида дўқ урдик, хос», - деди Жозенинг ўзи можаро ҳақида.

Конте билан жанжал ва яна ярашув... 2017 йилнинг илк ойлари Моуриньо ва Антонио Конте матбуот воситасида «нордон» сўзлар алмашишди, мартда эса, Англия кубоги доирасидаги учрашувда муштлашиб кетишларига оз қолди. Ноябрь ойида чемпионат баҳсида тўқнаш келган икки мураббий бир-бирига қўл беришни истамади. «Ўзимни масхарабоздек тутмаслигим эҳтиросни йўқотганимни англатмайди», - дея киноя қилди Жозе италиялик мутахассиснинг майдон четидаги хатти-ҳаракатларига шаъма тарзида. Конте ҳам жавоб қайтаришни пайсалга солмади: «Ўйлайманки, у аввало, ўзига назар солиши керак. Баъзан қарилик паришонхотирлиги панд беради: сен ўтмишдаги ишларингни унутиб қўясан...». Янги йил, тўғрироғи, февралда мураббийлар ярашиб олишди.

Хьюз билан можаро. Мавсум-2017|2018. «МЮ» Марк Хьюз бошқарувидаги и «Сток Сити» билан ўйинда дуранг билан чекланди (2:2), Моу эса рақиб жамоа устозига қўл беришни хоҳламади. «Ҳа, Жозени туртиб юбордим, чунки у менга тегишли техник ҳудудга кириб олди. Эҳтимол, шунинг учун сўрашишни истамагандир...», - дея изоҳлади ҳолатни уэльслик мураббий. Жозе бу хусусда берилган саволга жавобан анча ўткир гапирди: «Аҳмоқликлар ҳақида ҳеч нарса демайман - қариб қолдим. Яхшиси, аҳмоқликлар хусусида аҳмоқлар гапираверишсин».

Шиша билан зарба. 2017 йил декабрь. «МЮ» ҳамшаҳри - «Манчестер Сити»га 1:2 ҳисобида ютқазгач, ўйиндан кейин трибунаости йўлакда «ур-сур» кузатилди. Жозе хусусан, «Сити» дарвозабони Эдерсон билан жанжаллашди (мураббийга «шаҳарликлар»нинг кийиниш хонасида ғалабани бошқача нишонлашгани ёқмаганди). Кейинроқ «МЮ» устози бошига шиша идиш келиб тушди, боз устига, юзига сут тўкилди.

Вице-президент билан трансферлар масаласида келишмовчилик. 2018 йилнинг бутун ёзи бўйи бу можаро ҳақида тинмай ёзишди. «МЮ» вице-президенти Эд Вудворд трансферлар учун катта маблағ сарфлашни хоҳламаган сари Жозенинг талаблари кучайиб бораверди. Португалиялик матбуот орқали чиқишларида жамоага янги футболчилар зарурлигини бот-бот таъкидлади. Ваҳоланки, «МЮ» трансферлар бозорида 82 миллион евро сарфлаб, Фред, Диего Далот ва Ли Грантни таркибга қўшиб олганди.

«Челси» мураббийига ҳужум. Жорий мавсум воқеаси - «кўклар» охирги дақиқада ҳисобни тенглаштиришгач, Маурицио Саррининг бош ёрдамчиси Жозе олдида рақс тушди. Натижада португалиялик қуюшқондан чиқиб, унга ташланди. Тўғри, можаро тезда барҳам топди.

Футболчиларга «душман»чилик. Поль Погба, Антони Мартиаль ва Эрик Байи мураббийнинг нафратига учрашди. Моу хусусан, сентябрда Погбани вице-сардор мақомидан маҳрум этди, Мартиални кўнгли бўшликда айблади. Байи эса франциялик дўстларини ҳимоя қилгани учун «бало»га дучор бўлди.

«Челси» фанатларига ишора. Ўзаро ўйинда лондонлик мухлислар «Беназир»ни ҳуштакбозлик билан «сийлашди», у бунга «аристократлар»ни неча бора чемпионлик сари етаклаганини билдирувчи бармоқлар ишораси воситасида жавоб берди.

Эътиборли фактлар

* Хосеп Гвардиола ва Жозе Моуринью Манчестернинг икки клубида бир вақтда иш бошлашди. «Сити» бу даврда «Юнайтед»га нисбатан нақ 83та кўп гол урди.

* «Беназир» бундан 3 йил олдин АПЛ етакчиси - «Лестер» билан ўйиндаги мағлубиятдан сўнг «Челси» бош мураббийи лавозимидан четлаштирилганди. Бу сафар «МЮ» етакчи «Ливерпул»га бас келолмади ва Жозе «аут»га чиқди. Ҳаттоки, саналар ҳам деярли тўғри келди: 17 декабрь (2015 йил) ва 18 декабрь (2018 йил).

* Моуриньонинг охирги 3та истеъфосида ҳам Юрген Клопп «ҳисса»си бор - немис мутахассиси бошқарган жамоалар португалияликка жавоб берилиши арафасида унинг клубларини «яксон» қилган. Аниқроғи, «Боруссия» Д. ЧЛ доирасида 4:1 ҳисобида ғалаба қозонгач, Жозе «Реал»дан кетган, «Ливерпуль» икки бора 3:1 кўринишида устун келиб, унинг «Челси» ва «МЮ» билан хайрлашишига йўл ҳозирлади.

* «МЮ» жорий мавсум Моу бошқарувидаги илк 17та ўйинда 26 очко олди (АПЛда). Бу - Манчестер гранди учун мавсум-1990|1991дан буён кузатилган энг ёмон стартдир.

Жозе Моуриньо учун эҳтимолий 5 та янги иш жойи: «Реал», «Милан», «Интер», «Бавария» ва Қатар термаси.

Жозе Моуриньонинг бутун фаолияти давомийлиги
«Бенфика» - 76 кун
«Лейрия» - 279 кун
«Порту» - 889 кун
«Челси» - 1176 кун
«Интер» - 727 кун
«Реал» - 1126 кун
«Челси» - 899 кун
«МЮ» - 935 кун
Жами: 16 йил 8 ой 27 кун

Истеъфога муносабат

Моунинг ишдан кетгани айниқса, франциялик ярим ҳимоячи Поль Погбага хуш ёқди. The Sun нашрида ёзилишича, 18 декабрь куни «МЮ» базасида ўзгача кўтаринкилик кузатилган. Дейлик, франциялик футболчи воқеаларнинг бундай ривожидан мамнунлигини яширмай, кийиниш хонасидаёқ бақир-чақир қилибди: «У мени аҳмоққа чиқаришни, мухлисларга ёмон кўрсатишни ўйлади. Бироқ ким билан ўчакилашаётганини хаёлига ҳам келтирмади!»

Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньода 3 та кубок ва беҳисоб жанжаллар холосми?