15:22 / 11.02.2019
5 259

Миржалол Қосимов: "Тўйдан олдин ноғора чалмайлик"

Миржалол Қосимов: "Тўйдан олдин ноғора чалмайлик"
АГМК - "Истиқлол" учрашувидан олдинги матбуот анжуманида мезбонлар устози Миржалол Қосимов ва ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов иштирок этди.
"Худо хоҳласа эртага АГМК жамоамиз учун янги мавсум бошланмоқда. Фурсатдан фойдаланиб "Пахтакор" жамоасига омад тилаб қоламан. Кейинроқ "Локомотив" клубига ҳам омад ёр бўлишини тилайман. Эртага яхши ният билан майдонга тушамиз. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Битта муаммо - мавсум бошида эканлигимиз. Рақибни ҳурмат қиламиз, аммо майдонга ғалаба учун тушамиз", - дейди Миржалол Қосимов.

"Тайёргарлик яхши бўлди. Эртага қийин ўйин кутиб турибди. "Истиқлол" билан учрашувга 100 фоиз тайёрмиз. Мухлисларга ғалаба тақдим этишга ҳаракат қиламиз", - дейди Жасур Ҳасанов.

- Иккала жамоада ҳам янги мураббий ва янги футболчилар келган. Бундан ташқари мавсум боши. Шундай ҳолатда ғалаба қозонишда нима муҳим роль ўйнайди деб ўйлайсиз?
- Майдонга катта иштиёқ билан тушиш керак. Янги жамоа бўлгани учун чизиқлар ўртасидаги боғлиқликни ўрнатишга уриндик. Жамоавий ўйин бўлганидан кейин бир бирини яхши тушуниб ҳаракат қилиш лозим. Ўртоқлик ўйинларида таркибни ўзгартириб ҳам турдик. Жамоавий ўйинни йўлга қўйиш учун 10 кун ёки бир ой етарли эмас.

- Легионер ҳақида фикрларингиз қандай?
- Ҳозирча улар тўлиқ тайёр эмас. Бундан ташқари бир легионеримиз жароҳат олиб қолди. Ҳали мавсум узоқ давом этади. Шу боис яқин орада уларнинг фойдаси тегади. Улар жамоага мослашиб кетишлари лозим.

- "Истиқлол" ҳақида қандай фикрдасиз?
- Жамоанинг мавсумолди йиғинлардаги ўйинларини кўрдик. Аммо видеода кўриш бошқа, майдонда кўриш бошқа. Барчаси эртага майдонда кўрамиз.

- АГМК тайёргарлик доирасида машғулотларни турли стадионларда ўтказди. Футболчиларнинг кайфияти қандай?
Жасур Ҳасанов: - Барчанинг кайфияти ажойиб. Хорижда, Дубайда йиғин ўтказдик. Йигитлар билан бўлажак баҳсларга яхши тайёргарлик кўрдик.

- Таркибга кўплаб янги футболчилар таклиф этилди. Аммо тан олиш керак ўзини ортидан эргаштира оладиган футболчи йўқ. АГМК янги мавсумда "Локомотив" ва "Пахтакор" каби клубларга рақобат қиладими?
- Агар Месси бўлганида бошқа гап эди (кулади). Таркиб имкон қадар кучайтирилди. Аммо селекция ишлари бутун мавсум давомида кечади.

- "Истиқлол"ни ҳурмат қилган ҳолда кейинги рақибни ўрганиш ишлари бошландими?
- Ҳар қандай рақибни ҳурмат қилиш керак. Менинг принципим шундай: Дастлаб биринчи зинага чиқиш, ундан кейин иккинчи зинага чиқиш. Шундай экан ҳозир бу ҳақида гапиришга бироз эрта.

- Сиз Ўзбекистонда 5та клуб сафида ОЧЛда ўйнаган ягона футболчига айландингиз. Тажрибали футболчи сифатида жамоада етакчиликни қўлга олишга тайёрмисиз?
Жасур Ҳасанов: - Албатта бундан хурсандман. "Бунёдкор" сафида бир неча йиллар давомида ОЧЛда ўйнаб тажриба тўплаганман. Шундай экан бошқалардан катта футболчи сифатида ёшларга ёрдам беришга тайёрман.

- Олмалиқ кон металлургия комбинати раҳбарияти ва олмалиқлик мухлисларга қандай тилакларни билдирасиз?
- Аввало раҳбариятга раҳмат айтаман. Бизга шароитларни яратиб беришганига йигитлар номидан миннатдорчилик билдириб қоламан. Мухлисларга эса стадионга келиб бизни қўллаб туришларини сўраб қоламан. Москва ҳам бир кунда қурилмаган. АГМКни кучли жамоага айлантиришга ҳаракат қиламиз.

- Сиз фаолиятингиз давомида кўплаб футболчиларни кашф қилгансиз. АГМКда ҳам шундай яширин қурол борми?
- Тўйдан олдин ноғора чалмайлик. Таркибда кўплаб ёшлар бор, агар ўзини кўрсата оладиган ёшлар етишиб чиқса албатта хурсанд бўламан.
Нарзулла Сайдуллаев

Манба: championat.asia

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Миржалол Қосимов: "Тўйдан олдин ноғора чалмайлик"