13:36 / 29.03.2019
3 515

Финал сари йўл. Роналду ва Месси баҳсига гувоҳ бўламизми?

Финал сари йўл. Роналду ва Месси баҳсига гувоҳ бўламизми?
Европа Чемпионлар лигаси – узоқ ўтмишга эга турнирнинг жозибаси ҳар қандай футбол ишқибозини ҳаяжонга соладиган турнирдир. Бетакрор ўйинлар, ҳис-ҳаяжонли дамлар ва гранд жамоаларнинг тўқнашувлари, даҳшатли камбеклар турнирнинг 2018-2019 йилги мавсуми аввалгиларидан-да шов-шувларга бой бўлмоқда.

9 апрель оқшомида сизу биз “Ливерпул”-“Порту” ҳамда “Тоттенхем”-“Манчестер Сити” клубларининг тўқнашувига гувоҳ бўламиз.
Чемпионлар лигаси бош совринини боши узра 5 маротаба кўтарган, фаворит дея эътироф этилган ва айни вақтда нафақат Англияда, балки Европа майдонларида ишончли тўп сураётган Юрген Клоппнинг “Ливерпул”и ҳамда “Порту” ўртасидаги баҳс ҳам ҳақиқий курашга бой бўлиши тахмин қилинмоқда. Тенгсиз учлик Салоҳ, Мане ва Фирмино “Порту” ҳимоясини қўрқувга солиши аниқ. Ушбу мусобақада 2 маротаба ғолиб чиққан “Порту” ҳам анойилардан эмас. Ўтган йилги мавсум “Барселона”ни мусобақадан улоқтирган “Рома”дан 1/8 финалда ўз уйида ишончли тарзда устун келган “Порту” ҳам “совға” тайёрлаб қўйгани аниқ. “Ливерпул” эса ўтган йилги финалда “Реал Мадрид”дан қабул қилиб олинган аламли мағлубиятни унутиб, финал сари олға қадам ташлаши эса кутилаётган натижалардан.

Ва ниҳоят, “Тоттенхем” ўзининг янги стадионида илк ўйинини азалий рақиби “Манчестер Сити”га қарши ўтказади. Ушбу жамоалар ҳали бирор марта ҳам ушбу турнирда ғолиб бўла олишмаган. Англия Премер лигасининг 10 турида “Тоттенхем” ўз майдонида “Манчестер Сити”га 0-1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Ўшанда ўйин тенг курашлар остида кечган, бироқ “Шаҳарликлар”га омад ўз эшикларини очган эди. 9 апрель оқшомида Почеттинонинг ўзига хос қарорлари ва Харри Кейн, Эриксен ва Сон Хин Мин сингари футболчиларнинг кучли иштиёқи “Тоттенхем”га ғалаба олиб келиши мумкин. Бироқ, ўз рақибларини бирин-кетин янчиб ташлаётган ва машинага айланиб улгурган Пеп оғанинг шогирдлари бунга кўнмасликлари аниқ. Гуруҳ босқичи ҳамда 1/8 финалда ўртамиёна жамоалар билан куч синашган “Манчестер Сити”га илк ўйинда осон бўлмаслиги аниқ. Ҳар ҳолда энг яхши ҳимоя ва ҳужум, ярим ҳимояда ишончли ўйин кўрсатаётган Сити футболчилари ушбу оқшомда голлар шоусини уюштирмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Қиролларни тахтдан ағдарган “Учар голландлар”

Чемпионлар лигасида ҳақиқий шов-шувларга сабаб бўлган “АЯКС” клуби ниҳоят узоқ йиллардан кейин 1/8 финалга йўл олди. 4 маротаба мазкур турнирнинг бош совринини уйига олиб кетган “АЯКС” бу сафар ҳам чемпионлик сари отланган бўлса не ажаб. Бироқ уларни 10 апрель оқшомида ўз уйидаги "Ювентус" билан кечадиган муҳим ўйин кутмоқда. Бир неча мавсумдан буён чемпионликка даъвогар бўлиб келаётган “Юве”нинг бу йилги мақсадлари жуда улкан. Совринни уйига олиб кетиш учун Мадрид жамоасидан Роналдунида олиб келишни эплаган жамоага қарши ўйин осон бўлмаслиги аниқ. “АЯКС”нинг иқтидорли ёш футболчилари акаларига муносиб ворис бўлиш учун олға қадам ташлаган.

Аллегри устозлик қилаётган жамоанинг “Атлетико”га қарши кечган жавоб ўйинидаги “камбек”, ўз қудратини намоён этаётган “Криш”нинг супер ўйини, А серияда чемпион бўлавериб зериккан “Юве” раҳбарларининг ҳам истаги айнан чемпионлик. Меҳмонда эришилган ҳар қандай кичик натижа ҳам Роналдунинг жамоадошларига уй ўйини олдидан ажойиб натижа бўлади. Хуллас бу ўйин ҳам ҳароратли ўтишини тахмин қилиш мумкин.

“Сеҳрли таёқча” “Барса”га қарши

Уле Гуннер Сульшер – “Қизил иблис”ларнинг афсонавий сеҳрли таёқчаси “МЮ” га келганидан буён ўз шогирдларига майдонда завқланиб тўп тепишига қўйиб бермоқда. Бу эса натижаларда ўз сўзини аллақачон айтиб бўлди. Бир неча мавсумдан бери Англия Премьер лигасида ишончли ўйнай олмаётган “Манчестер Юнайтед” халқаро майдонда Жозе Моуриньо қўл остида эришган энг катта ютуғи бу Европа Лигаси чемпионлигидир. “Манчестер Юнайтед” таркибида суперюлдузлар ва ғалабага чанқоқ ёш истеъдодлар етарлича, улар керакли пайтда натижа кўрсата олишини “ПСЖ” билан бўлган ўйиндаги “камбек” орқали исботлаб қўйди. Эсингизда бўлса ўша ўйиндаги “ПСЖ”нинг тақдири 1998-1999 йилдаги Чемпионлар Лигаси финалида ўйнаган “Бавария”нинг тунини эслатиб юборди. Демак “Орзулар театри”да “Барселона”га осон бўлмаслиги тайин.

“Қироллик клуби” Чемпионлар Лигасини кетма-кет уч маротаба ютиб олди. Ҳар сафар “Барса”га нимадир етишмаётгандек туюлаверди. Ўзга сайёралик Месси ҳам ожиз қолмоқда. Бироқ, Валверде жамоага ўзгача иштиёқ олиб кирди ва рақибларни қандай қилиб бўлсада енгиш борасидаги тактикаларини бирин-кетин синовдан муваффақиятли ўтказиб келмоқда. Испанияда даҳшатли статистика қайд этаётган, тўпурарликда пешқадам Месси Чемпионлар Лигасида ҳам рақиблар дарвозасига 8 та тўпни жойлаб қўйган. У “Манчестер Юнайтед” нинг сейвларни хуш кўрувчи дарвозабони Давид Де Хеяни ҳам бу кеча синовдан ўтказиши аниқ.

Мақоламизга “Финал сари йўл. Роналду ва Месси баҳсига гувоҳ бўламизми?” дея ном берганимиз ҳам бежиз эмас. Жаҳон футболининг афсоналари-ю миллионлаб ишқибозлари финалда “Юве”-“Барса” тўқнашувига гувоҳ бўлиши эҳтимоли катта эканлигини аллақачон башорат қилишни бошлаб юборган. Лекин, бир нарсани унутмайлик, ушбу турнирда ҳар бир жамоа ғалаба сари интилади. Бу йўлда қандай жамоага рақиб бўлишининг эса аҳамияти йўқдек. Негаки, барчаси майдонда ҳал бўлади. Ҳатто фаворитларнинг имконияти 100 фоиз дейилган ўйинларда ҳам “суперкамбек”ларни кўриб кўзимиз ўрганиб қолган. Кўрамиз, 1/8 финалнинг дастлабки ўйинларида кимнинг қўли баланд келади-ю, кимдан омад юз ўгиради...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Финал сари йўл. Роналду ва Месси баҳсига гувоҳ бўламизми?