17:24 / 08.04.2019
3 072

Шота Арвеладзе: «Жаҳон юлдузлари Тошкентда? Уларга биз ҳам футбол ўйнай олишимизни кўрсатамиз»

Шота Арвеладзе: «Жаҳон юлдузлари Тошкентда? Уларга биз ҳам футбол ўйнай олишимизни кўрсатамиз»
ОЧЛ гуруҳ босқичининг 3-тури доирасидаги «Пахтакор»-«Ас-Садд» ўйини олдидан матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббий Шота Арвеладзе ва ҳужумчи Марат Бикмаев иштирок этди.

«Биз жуда кучли рақибга қарши жуда қийин ўйин кутяпти. Рақибнинг ўз олдига қандай улкан мақсадлар қўйган клуб эканини биламиз. Шунга қарамай, биз ўз мухлисларимиз қаршисида ўйнаймиз. Улар учун чиройли футбол кўрсатиб, натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Ғалаба қозонсак, гуруҳдаги ҳолатимизни анчагина яхшилаб, кейинги босқичга чиқиш имкониятимизни оширамиз», – деди Арвеладзе анжуманнинг кириш қисмида.

«Кайфиятлар аъло. Эртага ҳам шундай яхши кайфиятда бўлишимиз керак. Баҳснинг биз учун муҳим томони – гуруҳдаги ўрнимизни яхшилай олишимиз мумкин. Бунинг учун барча имкониятларни ишга соламиз», – таъкидлади Марат Бикмаев.

– Хави, Габи, Ал-Ҳайдос ва Бунежа... Эртага жуда кучли таркибга эга жамоага қарши майдонга чиқасиз. Рақибни ўрганиб чиқиб, қандай хулосаларга келдингиз?
– Албатта, таркибида кимлар бор, қандай ўйнашади, буларни таҳлил қилиб чиққанмиз. Бу каби жаҳон юлдузларини Тошкентда кўриб турганимиздан хурсандмиз, аммо биз ҳам ўз савиямизни кўрсатиш, биз ҳам футбол ўйнай олишимизни намойиш қилиш ниятидамиз. Жамоамизда истеъдодли ва маҳоратли футболчилар кўп, бундай масъулиятли ўйинлар улар учун биринчиси эмас. Қолаверса, рақибимиз тўрт нафар юлдуздангина иборат жамоа эмас.

– «Ас-Садд» Қатар чемпионатида 21 та ўйинда 92 та гол урди, ҳужумчи Бағдод Бунежа эса деярли 40 та тўп киритган...
– Бунга катта эътибор қаратмоқчи эмасмиз. Ўйин олдидан бу бизга ижобий таъсир қилмайди. Тўғри, бу – ажойиб натижа, лекин у абадий давом этмайди.

– Хави ОЧЛдаги сафар ўйинларига кўп ҳам бормайди. Бу мавсумда ҳам Жиддадаги «Ал-Аҳли» билан ўйинга бормади. «Ас-Садд»нинг Хави билан ва Хависиз ўйинида қандай фарқ сездингиз?
– Сафар ўйинларига ҳар доим ҳам боравермайдиган Хавининг Тошкентга келгани у «Пахтакор»ни етарлича кучли жамоа деб ҳисоблаётганини англатади. У ҳозир аввал ўйнаган позицияда тўп тепмаяпти. Ёшига қарамай, ҳамон ўзи ўйнаётган амплуада жуда фойдали футболчи.

– Жароҳати бор Аъзамов ва Симич сафга қайтишдими?
– Кеча улар машғулотларда қатнашишди, бугун ҳам машқ ўтайдилар. Аммо уларнинг ўйиндаги иштироки тўғрисида ҳозир аниқ бир нарса дейиш қийин.

– Эртага ҳужумкор ўйин кўрсатасизми ёки ҳимоявий?
– Эртага доим қўллаб келган услубимизда ўйнаймиз. Албатта, рақиб имкон берган қадар. Ўйинни ақл билан бошқаришга ҳаракат қиламиз. Бу рақибга ҳам тааллуқли, улар ҳам ўйинни назорат қилишга уринишади.

– Рақибга қандайдир сюрпризингиз борми?
– Ҳар бир ўйинда сюрпризлар етарлича бўлади. Албатта, тайёрлаб қўйган бир нечта кутилмаган совғаларимиз йўқ эмас. Улар қанчалик иш беришини эртага кўрамиз.

– (Савол Марат Бикмаевга) ОЧЛдаги аввалги икки ўйинда деярли бир хил нуқтадаги жаримадан гол урдингиз. Шу нуқта атрофида эртага ҳам стандарт вазият юзага келишини истармидингиз?
– Албатта, хоҳлардим. Кўрамиз. Ўйин, албатта, қийин бўлади. Вазиятларнинг ҳар биридан иложи борича фойдаланиш керак.

– Жамоа Суперлигада иккита қийин ўйинларда майдонга тушди. Футболчилар бу баҳслардан кейин эртанги ўйинга руҳан ва жисмонан қанчалик тайёр?
– Бу ўйин қанчалик муҳимлигини ҳаммамиз тушуниб турибмиз. Қолаверса, таркибдаги кўплаб футболчилар терма жамоалар миқёсида ўйнаб юришади, фақат баъзи ёшлар учунгина бундай даражадаги ўйин янги тажриба бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор»–«Ас-Садд» учрашуви эртага, 9 апрель куни соат 19:00да «Пахтакор» стадионида старт олади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шота Арвеладзе: «Жаҳон юлдузлари Тошкентда? Уларга биз ҳам футбол ўйнай олишимизни кўрсатамиз»