18:10 / 28.05.2019
2 992

Канчельскис яна “катта саҳнада”

Канчельскис яна “катта саҳнада”
Суперлиганинг 10-турида “Навбаҳор” ҳамда “Андижон” иштирокидаги водий дербиси кўпчиликнинг қизиқишини уйғотганди. Чунки охирги йилларда ушбу клублар ўртасидаги дербиларга гувоҳ бўлмаётгандик. Шу боис бу сафарги тўқнашувни ўзгача ҳаяжон билан кутганлар кўп бўлди.

Айниқса, ўз олдига чемпионлик учун курашиш вазифасини қўйган “Навбаҳор” учун ҳар бир ўйин худди финалдек ўтишини инобатга олсак, бу сафарги водий дербисидан ҳар нарсани кутиш мумкин эди. Чунки “Андижон”нинг ҳозирги аҳволи ҳам ҳавас қилиб бўлмасди. Шунинг учун улар ҳам Намангандаги ўйиннинг қанчалик қийин ўтишини билган ҳолда шунга яраша ўйин кўрсатишларини кутгандик ва амалда ҳам шундай бўлиб чиқди.

Шу куни об-ҳаво ўз инжиқлигини кўрсатиб, кучли ёмғир ёғди. Аммо стадионга йиғилган мухлислар ва айниқса, Андижондан борган ашаддий ишқибозлар ҳар қандай ҳолатда ҳам севимли жамоасини ёлғизлатиб қўймасликларини яна бир бор исботладилар. Аммо ҳамма ҳам бу учрашувга бора олгани йўқ ва ўйинни “Спорт” телеканалида жонли равишда кўриш умидида ҳам эдилар. Бироқ аксига олиб “Спорт” водий дербисини олиб бермади. Аммо хафа бўлишга ҳожат йўқ эди, чунки бу ўйинни Наманган телеканали тўғридан-тўғри эфирга узатди. Буни билган билди, билмаганлар эса билмади.

Ўйин учун иккала жамоага ҳам раҳмат айтсак арзийди. Футболчилар майдонда борларини бериб ўйнашди. Ёғаётган ёмғир эса асло жамоаларнинг шаштини сўндирмади. “Навбаҳор” ўтган турда ўз майдонида “Металлург” билан дуранг ўйнаб қўйгани учун бу сафар қандай бўлмасин ютиши керак эди. “Андижон” ҳам бунгача бор йўғи битта ғалаба қозонгани боис бу ўйинни ютиши лозим эди. Шу боис майдонда ҳақиқий футбол, ҳақиқий кураш кечди.

Ўйиннинг бошларида “Навбаҳор”нинг собиқ ҳужумчиси Рўзимбой Аҳмедов қийин вазиятда гол уриб ҳисобни очгани меҳмонларга қўшимча куч ва мотивация бергани ҳам рост. Бу эса мезбонларнинг ишини янада қийинлаштириб юборди. Шу куни Илдар Маматказин бошчилигидаги ҳимоячилар ҳам яхши ўйнашди. Умуман олганда, бу сўзни “Андижон”нинг ҳар бир ўйинчисига нисбатан айтиш мумкин. Улар “Навбаҳор”нинг жиддий қаршилигини енгишга ҳаракат қилишди. Аслида эса воқеалар ривожи андижонликларнинг ғалабаси томон ўзгариб бораётганди.

Бироқ охирги дақиқаларда “Андижон”нинг собиқ ўйинчиси Азиз Ибрагимов томонидан урилган гол якунда учрашувнинг дуранг билан тугашини таъминлади. Эътибор берган бўлсангиз, голларни иккала жамоанинг собиқ футболчилари киритишди. Ўйинда эса тортишувли ҳолатлар ва асаббузарликлар ҳам кузатилди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак эди. Боиси водий дербиси шуниси билан ҳам водий дербиси деб аталади.

“Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис яна ўйиндан кейин “катта саҳнага” чиқди. Одатда унинг матбуот анжуманларида билдирадиган фикрлари анча кескин ва бир томонлама бўлиб қолмоқда. “Андижон”га қарши учрашувдан кейин ҳам россиялик мураббий яна ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда фикр билдирди. Аммо унинг рақиб ўйинчиларининг шахсиятига тегадиган сўзларни айтишга ҳаққи йўқ. Футбол – бу спорт, бу кураш, бу ўйин.

Шундай экан, буни чидаганга чиқарган. Канчельскис эса жамоаси ғалаба қозона олмаган пайтларда айбни рақиб ўйинчиларидан ва ҳакамлардан излаш билан оворалиги билан эсда қолмоқда холос. Эътибор беринг, “Навбаҳор” кетма-кет икки марта ўз майдонида ўйнади ва аслида режа бўйича улар олти очкони олишлари лозим эди. Аммо бунинг ўрнига наманганликлар фақат икки очкони қўлга кирита олдилар холос ва тўрт очкони йўқотди. Қизиғи шундаки, “Навбаҳор” бош мураббийи “Металлург” ва “Андижон”га қарши учрашувлардан кейин деярли бир хил фикрларни билдирди:

“Металлург”га қарши учрашувдан кейин айтган гаплари!

Бироз асабий ўйин бўлди. Агар биринчи бўлиб рақиб дарвозасини ишғол эта олганимизда, ғалаба қозонар эдик. Футболни раққосалар ўйнамайди. Ҳар бир вазиятда йиқилиб, майдонда ётиб олинишини асло оқламайман. Бу ўйин темпини туширади ва ўйин жозибасини бутунлай йўқотади. Бугун тез ёрдам вакиллари кўмаги керак бўладиган вазият умуман бўлгани йўқ.

Лекин кўплаб вазиятларда ўйинчилар оддий ҳолатларда ҳам майдонга чўзилиб олишди. Агар биз рақиб дарвозасини биринчи бўлиб ишғол этганимизда, аминманки, бутунлай бошқача ўйин кетарди. Ғалаба қозона олмадик – ўзимиз айбдормиз. Бугун 2 очкони йўқотдик. Лекин ўз шогирдларимдан майдонда ҳа деб ётиб олавермаганликлари учун мамнунман. Шу боисдан ҳам уларни ҳурмат қиламан, - деганди мутахассис.

«Андижон»га қарши учрашувдан кейинги айтган гаплари!

- Бу футбол эмас, балки раққосалар майдонга чиққандек гап. Уят! Уялиш керак футболчилар, уялиши! Ўйинни тўхтатиб қўйишмоқда. Футбол ўйнаб бўлмаяпти. Менга айтинглар-чи, бугун тез тиббий ёрдам машинаси бировни шифохонага олиб кетдими? Кимдир жавоб бера оладими? «Андижон» футболчилари қизлардек майдонга ётиб олавериб вақтни ўлдирди. Уялиш керак! Уят!

Деярли бир хил гаплар-а? Ўтган сафар ҳам, бу сафар ҳам у рақиб ўйинчиларининг шахсиятига тегадиган гапларни айтиб, ўзини оқлашга уриняпти. Лекин бу тўғрими? Унинг жамоаси очко йўқотса, албатта рақиб футболчиларини раққосалар дея айблаши керакми? Буни қандай тушуниш мумкин? Бунинг устига у кеча ҳакамлар шаънига ҳам номаъқул сўзларни ишлатганини айтиш лозим.

Ёдингизда бўлса, чемпионатнинг биринчи туридан кейин Тошкентда «Навбаҳор» «Қўқон-1912» билан дуранг ўйнагач, Канчельскис матбуот анжуманида ўйиндаги дуранг учун гўёки бунинг ичида ва ташида бўлмаган ЎФА билан ПФЛни танқид қилиб чиққанди. Кейин эса орадан кўп ўтмай мутахассис айтган гаплари учун расман узр сўраб чиққанди. Россиялик мутахассис фикр билдираётганда тилига эхтиёт бўлишини маслаҳат берган бўлардик. Оғзимга нима келса шуни гапираверман деса адашади. Бу Россия эмас, балки серқуёш Ўзбекистон!

Канчельскис бировлардан айб қидиргунча ўз жамоасининг натижаларини яхшилаш чораларини кўрса бўлмайдими? Ахир Наманган вилояти ҳокими жамоа учун барча шароитларни яратиб бераётган бўлса, мақсад ва вазифа аниқ бўлса, Наманган халқининг эса «Навбаҳор» ва мураббийдан ишончи катта. Аммо ўз майдонидаги кетма-кет иккита учрашувдаги дурангдан кейин Канчельскисга яна аввалгидек ишонч юқори бўлиб қолмоқдами, деган ҳақли савол ҳам туғилади. Ундан кўра у ўз ўрни ҳақида кўпроқ ўйласа бўлармиди? Натижага ким жавобгар? Ўзи бировларни ҳақорат қилаётган «раққоса» футболчиларми ёки мураббийми?

«Навбаҳор» 10 та ўйиндан фақат учтасидагина ғалаба қозонди холос. Ваҳоланки, жамоа олдига чемпионлик вазифаси қўйилган. Аслида биз ҳам водий жамоаларининг яна аввалги мавқеларига қайтишини истаймиз. Бу борада «Навбаҳор» жамоасининг олиб бораётган ишларини қадрлаймиз. Лекин «Пахтакор» билан «Локомотив»га рақобат қилмоқчи бўлган жамоанинг шу кунгача фақат учта ўйинда ғалаба қозона олганини қандай тушуниш мумкин?

Аслида эса «Навбаҳор»нинг ўзида ҳам ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар бўла туриб, бу ёқда мураббий рақиб жамоа ўйинчилари ва ҳакамларни ҳақорат қилиб гапираётгани ғалати. Ундан кўра жамоасининг ўйинидаги муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрмайдими? Қолаверса, мураббийнинг айтаётган гаплари дўстона алоқаларни ўрнатишган Наманган ва Андижон мухлислари ўртасида яна зиддиятли ҳолатларни келтириб чиқариш эҳтимолини ҳам ошириши турган гап.

Кўряпсизми, эхтиётсизлик билан айтган гаплар қанчадан-қанча акс-садоларни келтириб чиқаряпти. Ўзини ҳурмат қилган мураббий эса аввало қайд этилаётган салбий натижалардаги айбни ўз зиммасига олишдан қўрқмайди.

Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Канчельскис яна “катта саҳнада”