21:50 / 08.08.2019
2 465

"Бухоро" ва Муҳаммадиев учун ҳақиқий синовлар бошланди

"Бухоро" ва Муҳаммадиев учун ҳақиқий синовлар бошланди
Чемпионатни бир маромда ўтказа олмаётган клублардан бири «Бухоро» десак бунга ҳеч ким қаршилик қилмаса керак. У ерда мураббийлар алмашди ва ҳозирда тожикистонлик Муҳсин Муҳаммадиев бошқарувни ўз қўлига олганидан яхши хабардорсиз. Лекин ҳозирча натижалар у қадар ижобий томонга ўзгаргани йўқ. «Бухоро» бош мураббийлиги остида фақат биринчи давранинг охирги турида «Андижон»ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Қолган учрашувларда эса унинг жамоасидан омад юз ўгирмоқда. Натижада айни пайтда 11 очко билан мусобақа жадвалининг 13-поғонасида бормоқда.

У бош мураббийликка келган пайтда жамоа жуда қийин аҳволга тушиб қолганди. Очиғи, бундай пайтда манаман деган мураббий келса ҳам жамоани қутқариб қолиши қийин бўларди. Шу боис ҳар қандай мураббийга танаффус зарур бўларди. Давралар оралиғида эса таркибга айрим янги ўйинчилар таклиф этилди. Мураббийнинг ўзи ҳам бир неча бор иккинчи даврада жамоасининг ўйини кучайиши ҳақида гапирганди.

Лекин ҳозирча буни амалда кўраётганимиз йўқ. Боиси, аввалига «Андижон» майдонида ютқазган бўлса, кейин ўз уйида «Навбаҳор» билан бир очкодан бўлишиб олди. Аксига олиб, кейинги турда Тошкентда «Пахтакор»га қарши ўйнашади. Бунгача «Бухоро» тожикистонлик мураббий бошчилигида икки бор «Пахтакор»га қарши ўйнади ва иккаласида ҳам имкониятни бой берди. Демак, Муҳаммадиевнинг ҳозирги ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди.

Айтиш мумкинки, унинг учун ҳал қилувчи синовлар бошланди. Шунингдек, тожик ва ўзбек футболини яхши биладиган мутахассис иккала мамлакат терма жамоаларига ҳам бефарқ эмас. Шунинг учун у билан суҳбатимизни яқинда қуръа ташланган ЖЧ-2022 саралаши ҳақидаги саволлар билан бошладик.

- Муҳсин Муслимович, Тожикистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичида Япония, Қирғизистон, Мўғулистон ва Мьянма терма жамоаларига қарши ўйнайди. Ватанингиз бош жамоасининг кейинги босқичга чиқиш имкониятини қандай баҳолай олган бўлардингиз?
- Менимча, саралашнинг якуний босқичига чиқиш учун гуруҳда уч жамоа даъвогарлик қилса керак: Япония, Тожикистон ва Қирғизистон.

- Демак, Тожикистон ҳам фаворитми?
- Йўқ. Шак-шубҳасиз, Япония гуруҳнинг яққол фаворити ҳисобланади. Назаримда, навбатдаги босқичга чиқиш имконини берувчи иккинчи ўрин учун кураш айнан Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасида кечади.

- Мутахассис сифатида Ўзбекистон терма жамоасининг мундиал саралашидаги имкониятларини қандай чамалаган бўлардингиз? Термамиз бу босқичда Саудия Арабистони, Сингапур, Фаластин ва Яманга қарши тўп суради.
- Ўйлайманки, кейинги босқичга Саудия Арабистони билан айнан Ўзбекистон терма жамоаси йўл олади.

- Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи Усмон Тошев билан яхши муносабатда эканлигингиз маълум. «Бухоро» сафида ўйнаётган Фатхулло Фатхуллоев эса Тожикистон термасига илгари чақирилиб туриларди. Ишимиз тақозоси туфайли Усмон Қудратовичга гоҳ-гоҳида қўнғироқ қилиб турамиз. У билан охирги марта суҳбатлашганимизда Фатхуллоевни кузатиб бораётганини ва ушбу футболчини терма жамоага қайтариш нияти борлигини яширмади.
- Фатхуллоев – жуда тажрибали футболчи. У авваллари терма жамоа таркибида тез-тез майдонга тушарди. Ўз клубида сардор бўлиб ҳам тўп сурган. Афтидан, Тошев потенциал номзодлар қатори уни ҳам кузатиб бораётганига ишора қилган бўлса керак. Аммо Фатхуллонинг термага қайтиш ёки қайтмаслигини мен ҳал қилмайман. Буни Усмон Тошев ҳал қилиши керак.

- Муҳсин Муслимович, энди клубингизга оид айрим саволларга ўтсак. Айтинг-чи, «Бухоро»нинг ёзги йиғинидан қанчалик қониқиш ҳосил қилдингиз?
- Тўғриси, унчалик қониқиш ҳосил қилмадим. Чунки ўйлаган режаларимизни охиригача амалга оширишнинг иложи бўлмади.

- Ёзги дарвалар оралиғида жамоа таркибига бир қанча янги ўйинчилар жалб қилинди. Жумладан, легионерлар ҳам. Уларнинг ўйинидан қониқиш ҳосил қиляпсизми?
- Вақт – олий ҳакам дейишади. Янги футболчиларнинг «Бухоро» ўйинига кўникиб кетишлари учун ҳам вақт зарур.

- «Бухоро» иккинчи даврани Андижонда мағлубият билан бошлади. Кейин «Навбаҳор» билан дуранг ўйнади. Негадир жамоа ўйинида барқарорлик кўринмаяпти. Бу сиз учун жиддий муаммоми?
- Дарҳол хулоса чиқариш учун бироз эртамикин, деб ўйлайман. Чунки жамоа аъзолари яқинда таътилдан қайтишди, давралар оралиғидаги йиғинда ишлар олиб борилган бўлса-да, ўйинчиларнинг бир-бирига яна мослашиб олишлари осон бўлмайди. Қолаверса, таркибимизга янги футболчилар ҳам қўшилганини унутмаслик керак.

- Жамоа ярим ҳимоячиси Жаҳонгир Абдумўминов нима сабабдан «Бухоро»дан кетишга қарор қилди?
- Бу саволингизга бевосита ўзим жавоб бера олмайман…

- Ваҳоланки, у иккинчи давранинг дастлабки учрашувларида «Андижон» ва «Навбаҳор»га қарши майдонга тушди ва шундан сўнг «Бухоро»дан кетди. Нима, олдиндан шундай келишув бормиди?
- Яна такрорлашимга тўғри келади: Абдумўминовнинг клубдан нима сабабдан кетганини мендан сўрамасангиз яхши бўларди.

- Жамоангиз таркибидаги канадалик легионер Милован Капор анча тажрибали ҳимоячи. Уни «Бухоро»га таклиф қилиш ғояси айнан сиздан чиққанми?
- Ҳа, бўлмасам-чи! Футболчини айнан ўзим кузатиб, «Бухоро»га таклиф қилиш кераклигини айтганман. Ишонаманки, у ва яна бошқа легионерлар бизга ёрдам бера оладилар.

- «Бухоро»да сизни қийнаётган асосий муаммо нимадан иборат?
- Ушбу саволингизга ҳам дабдурустдан жавоб қайтариш мушкул. Бунинг учун бироз мулоҳаза юритишимга тўғри келади. Қолаверса, айни чоғда Тошкент сари йўлга чиқмоқчи бўлиб турибман. Агар Тошкентга борганимдан сўнг қўнғироқ қилсангиз, бу борада тайинли нимадир дейишим мумкин. Ҳозир эса мени маъзур тутасиз.
Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Бухоро" ва Муҳаммадиев учун ҳақиқий синовлар бошланди