Истеъдодли ярим ҳимоячи Жамшид Искандеров “Пахтакор”даги узоқ йиллик фаолиятдан сўнг бошқа клубга ўтишга қарор қилди ва йил бошида “Локомотив” таркибига келиб қўшилди.
Хўш, Искандеров учун янги жамоадаги илк мавсум қандай кечди? Якунига етаётган чемпионат борасида унинг фикрлари қандай? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида футболчидан интервью олдик.
P.S. Интервью "Андижон" - "Локомотив" баҳсидан сўнг олинган.
- АГМК дарвозасига киритган голингиз ПФЛ томонидан октябрь ойининг “Энг чиройли голи” деб топилди. Шундай бўлишини кутганмидингиз?
- Гол урганимдан кейин жамоадошларим энг чиройли гол бўлади деб ўзимга айтишди. Лекин тўғрисини айтсам, ўзим кутмагандим. Чунки чиройли голлар орасида ўша ўйинда бизга тўп киритган Элгужа Григалашвилининг голи ҳам бор эди. Мен ҳар бир голни ўзим учун чиройли деб ҳисоблайман. Мен урган гол энг чиройли деб топилибди, бундан жуда хурсандман.
- Ўша голни қандай таърифлаган бўлардингиз?
- Тўп менга тушган заҳоти фақат тепиш фикри бўлди ва зарба бердим. Тўп дарвоза томон бораётганда гол бўлишини сезгандим. Ҳар бир футболчида ички сезги бўлади ва тўпга зарба бергандан сўнг гол бўлиш-бўлмаслигини ҳис қилади.
- Нафақат АГМК билан, балки “Сурхон”, “Бунёдкор”, “Қўқон-1912”, “Металлург” ва “Қизилқум”га қарши баҳсларда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилди. Агар шу ўйинларни битта қилиб оладиган бўлсак, “Локомотив”га ғалаба учун нима етишмади?
- Ўзимиз йўл қўйган хатолар халақит берди деб ўйлайман. Кўплаб қулай вазиятлардан фойдалана олмадик. Эътибор берсангиз, мана шу санаб ўтилган ўйинларнинг ҳаммасида тўп назорати бизда бўлди, бироқ биттадан кўп гол ура олмадик. Бу ҳам етмагандек йўқ жойдан гол ўтказиб юборяпмиз. Ҳаммасига ўзимиз айбдормиз деб ўйлайман. Оддий ҳолларда гол ўтказганимиз жуда алам қилади.
- “Локомотив” гол уришга қийналяпти деган фикрга қандай қарайсиз?
- Деярли барча ўйинларда устунлик жамоамиз томонида бўляпти. Лекин ростдан ҳам гол уришга келганда қийинчилик бўляпти. Ҳар бир ўйинда иккита-учталаб гол уришни хоҳлаймиз. “Андижон” билан кечган учрашувда бунинг уддасидан чиқдик. Якуний ҳисоб ҳам ўйин “Локо” устунлигида кечганини айтиб турибди. Шу баҳсда “Локомотив”нинг асл кучи кўзга ташланди деб ўйлайман.
- Темурхўжа Абдухолиқовнинг йўқлиги билиняптими?
- Темурхўжа БАА чемпионатига кетмасидан олдин жамоамиз тўпурари эди. Албатта, шундай савияли ҳужумчининг йўқлиги ҳар доим билинади. Чунки барибир Темурхўжа соф ҳужумчи ва қулай имкониятларни йўққа чиқармайди. Унга янги клубида омад тилаб қоламан.
- “Локомотив” чемпионатни иккинчи ўринда тугатадиган бўлди. Буни қониқарли натижа деб ҳисоблайсизми?
- Бир томондан қониқарли деса ҳам, демаса ҳам бўлади. Ҳамма яхши билади, “Локомотив” ўз олдига фақат юқори мақсадларни қўяди ва ҳар йили чемпионлик учун курашади. “Локомотив” 2016 йилдан бошлаб кетма-кет уч йил чемпионликни ҳеч кимга бермади, аммо бу йил улоқни “Пахтакор” илиб кетди. Энди бу - футбол, доим ҳам чемпион бўлишнинг иложи йўқ. Тан олиш керак, бу мавсум “Пахтакор” бошқаларга нисбатан кучли ўйин намойиш этди. Биз учун эса синов йили бўлди. Қолаверса, чемпионликка хос ўйин намойиш эта олмадик.
- Шахсан сиз учун бу йилги Суперлига қандай ўтди?
- Ўз фикримни айтадиган бўлсам, чемпионат зўр ўтди дея олмайман. Кучли ўйинлар деярли кузатилмади. Олдинги йиллари бир эслаб кўринг-а клублар ўртасида қандай қарама-қаршиликлар бўларди, негадир бу йил шундай шижоат кўринмади. Жамоаларда яққол ажралиб турган икки-уч яхши футболчи ҳам кўзга ташланмади. Чиройли ўйин ва голлари билан порлайдиган ёшлар чиқмади. Дербига хос ўйинлар ҳам бўлмади.
- Ўз ўйингиздан қанчалик қониқдингиз?
- Тўғриси айтсам, унчалик қониқмадим. Кучли ўйин кўрсатишим мумкин эди, лекин нимадир бўлди. Насиб қилса кейинги йил янада кучли бўлишга ҳаракат қиламан. Балки “Локомотив”га келганимга ҳали кўп бўлмагани учунми, ўз имкониятларимни тўлиқ намоён эта олмадим. Лекин тўрт баҳога лойиқ ўйнадим деб ўйлайман.
- Бу йил эсда қолди деб нимани айта оласиз?
- Нимадир зўр воқеа бўлди деб айтиш қийин. Чемпионат кучли ўтмади, шунга яраша эслашга арзигулик воқеа ҳам бўлмади. Агар шундай воқеа бўлганида эсимда қоларди. Чемпионат номи ўзгаргани билан ўйинлар Суперлига даражасида ўтди деб ўйламайман. Фақат шуни айтишим мумкин, бу йилги мавсум тўлиқ “Пахтакор” ҳукмронлиги остида кечди. Жалолиддин Машарипов кўп ўйинларда ўзини кўрсатди, чиройли тўп узатишларни амалга оширди. Драган Черан кўплаб голлар урди, шунингдек Игорь Сергеев ҳам ўзини кўрсатди. Лекин бошқа клубларда ярқ этган футболчилар кўзга ташланмади.
- “Пахтакор” бошқаларга қараганда шунчалик кучлими?
- “Пахтакор” яхши шаклланди, ўзига яраша кучайди ҳам. Лекин бошқалар бир жойда қотиб қолди деб ўйлайман. Тўғриси, бошқа жамоаларда шарт-шароит ҳозирги “Пахтакор” даражасида эмас. Шу боис қолган клубларни ҳам қўллаб-қувватлаш керак. Чунки қанча кўп кучли жамоа ўйнаса, чемпионат шунча зўр бўлади. Ҳатто “Локомотив” ҳам “Пахтакор”га рақобат қила олмаганидан кейин бошқаларни қўяверинг.
- Йил бошида “Локомотив”га кўчиб ўтдингиз. Янги жамоага киришиб кетиш қанчалик қийин бўлди?
- Кўп қийин бўлмади, чунки ҳамма футболчиларни яхши биламан. Лекин шундай ўйинлар бўлдики, майдонда барибир қийналдим. Бир-биримизни тушуниб кетиш осон бўлмади.
- “Локомотив” сафида урган голларингиз орасида сиз учун энг чиройлиси қайси?
- Мен гол ажратмайман. Фақат жамоамизга ғалаба келтирса бўлди, шуни энг чиройли гол деб ҳисоблайман. Ютгандан кейин ҳар бир гол чиройли кўринади.
- Миллий терма жамоамизда бош мураббий ўзгаргач сиз ҳам чақирув олдингиз. Таклиф бўлишини кутганмидингиз?
- Ҳар бир футболчи терма жамоа учун интилади ва бош жамоамиз либосини кийсам дейди. Тўғриси, таклиф кутгандим ва йил бошидан бери шунга ҳаракат қилаётгандим. Терма жамоага қайтганимдан жуда хурсандман. Миллий жамоа либосини кийиш мен учун шараф ҳисобланади. Бу формада ўзимни умуман бошқача ҳис қиламан.
- Икки йиллик танаффусдан кейин терма жамоага қайтиб, Яман ва Қирғизистон билан баҳсларда гол урдингиз. Лекин негадир Саудия Арабистонига қарши ўйинда мураббий майдонга туширмади. Бу ҳолат алам қилдими?
- Энди терма жамоага чақирилган ҳар бир футболчи майдонга тушиб ўйнасам дейди, лекин якуний қарорни барибир бош мураббий қабул қилади. Мураббийлар штаби ҳар бир ўйин учун таркибни белгилайди ва шунга қараб тактика қўллайди. Ўша куни мен ҳам майдонга тушишга умид қилгандим, лекин мураббий бошқа футболчиларни афзал кўрди. Менга кўпроқ ўйнамаганимдан кўра ютқазиб қўйганимиз алам қилди.
- Мухлислар ҳалигача ўша ўйинда нима бўлганига ҳайрон.
- Ўзимиз ҳам тушунмай қолдик. Ютиб тургандик, лекин охирги дақиқаларда омад юз ўгирди. Саудияликлар бахтига уларнинг футболчиси тепган тўп рикошет туфайли голга айланди. Агар рикошет гол бўлмаганида улар бошқа гол ура олмасди.
- Маълум бир муддат “Пахтакор”да Шота Арвеладзе билан ишлаб кўрдингиз. Бу мураббийга қандай таъриф берасиз?
- Шота Арвеладзе европалик бўлгани учун “Пахтакор”га европача футбол ҳавосини олиб кирди. Ўзига хос ўйин услуби бор ва шу асосда жамоани тайёрлаб боради. Жуда талабчан мураббий ва ютқазишни ёмон кўради.
- Нима деб ўйлайсиз, Арвеладзе сизга ишонмадими?
- Шота Арвеладзе биринчи келган пайти менга кўп ишонарди. Шундай бўлдики, мени ҳимоячилар олдига қўя бошлади. Мен ҳам қўлимдан келганча яхши ўйнашга ҳаракат қилдим. Яхши ўйин кўрсатдим деб ўйлайман. 2017 йил шартномам тугаганди, лекин 2018 йил учун янги шартнома таклиф қилишди. Мураббий ишончи футболчи учун муҳим роль ўйнайди. Ўтган йилги мавсумдан умидим катта эди. Лекин нимадир бўлди-ю захирага ўтириб қолдим. Бу менга қаттиқ таъсир қилди ва клубдан кетишга қарор қилдим.
- Нима сабабдан захирада қолиб кетаётганингиз ҳақида бош мураббий билан гаплашиб кўрмадингизми?
- Энди менинг характерим унақа эмас. Майдонга тушмасам мураббий олдига бориб нима учун ўйнатмаяпсиз деб сабабини сўрамайман, балки ўз устимда ишлашда давом этаман. Мураббий қўймаяптими, демак бу унинг қарори дейман. Мен фақат ҳар бир учрашувда майдонга тушишни кутаман.
- “Локомотив” варианти қандай юзага келди?
- “Пахтакор” жамоасида бўлишимни кимлардир хоҳламади деб ўйлайман. Айримлар мени бошқача кўрсатиб Шота Арвеладзега ёмонлаган бўлишиям мумкин. Шундай бўлдики, клубдан кетишим кераклигини сеза бошладим. Бу орада “Локомотив”дан бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов қўнғироқ қилиб “темирйўлчилар” сафига таклиф этди. “Локомотив” - кучли жамоа, ҳар йили Осиё чемпионлар лигасида ўйнаб келяпти. Бу клубга ўтишдан олдин яқин дўстим Жалолиддин Машариповдан маслаҳат сўрадим, чунки Жалол ҳам “Локо”да ўйнаб кетган. У менга “Локо” яхши жамоа, бориб бемалол ўйнасанг бўлади деганидан кейин шу клубни танладим.
- Келинг, энди бироз ўтмишга боқиб болалик пайтларни ёдга олсак. Болалигингиз қандай ўтган, қийинчиликлар бўлганми?
- Кўпчилик қатори мен ҳам кўчада тўп тепиб катта бўлганман. Оддий оилада ўсдим. Футболчи бўлишимга асосий сабабчи тоғам деб ўйлайман. Урганчда Жалолиддин Машарипов билан бирга футбол ўйнардик. Бошида бир-биримизга қарши ўйнаганмиз. Кейин иккаламизни битта жамоага олишган.
Ўйлашимча, ҳеч қайси футболчи бирданига зўр бўлиб қолмайди. Бунга катта қийинчилик билан эришилади. Ёшлигимизда Олимбой Давлетов бизга устозлик қиларди, у киши кўплаб мусобақаларга олиб борган. Бир йили Жиззахдаги болалар ўртасидаги турнирга борганимизда ўйинимизни кўргани “Пахтакор”дан мураббийлар келишганди. Ўшанда Машарипов иккаламизнинг ўйинимиз Ким Дмитрий Макаровичга маъқул келиб бизни “Пахтакор”га таклиф этганди. Шундан сўнг Тошкентга келганмиз.
- Дмитрий Ким сизга кўп ёрдам бергани ҳақида эшитгандим.
- Ҳа, шундай. 2005 йил “Пахтакор”га мен, Машарипов ва Абдулазиз Юсупов келганимизда бир муддат Дмитрий Макарович уйида ҳам яшаганмиз. Чунки борадиган жойимиз йўқ эди. Шундай бўлганки, бизни булар кичкина, футбол ўйнаб кета олмайди деб ҳайдаб юбормоқчи бўлишган. Аммо Самвел Бабаян ва Дмитрий Ким ёрдами туфайли “Пахтакор”да қолганмиз.
- Адашмасам, “Локомотив” билан мавсум охиригача шартнома тузгансиз. Кейинги режалар қанақа?
- Ҳозирча клуб раҳбарияти янги шартнома таклиф қилгани йўқ. Мавсум якунлансин, кейин бир гап бўлар. Ҳозирча фақат бир гапни айтишим мумкин, четдан ҳам таклиф бор. Кўрамиз, балки хорижга кетарман.
Х.Холиқов суҳбатлашди.
Манба: championat.asia «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»