23:13 / 24.01.2020
2 040

Австралияни олдин ҳам ютганмиз

Австралияни олдин ҳам ютганмиз
Эртага U-23 Осиё чемпионатининг 3-ўрин учун баҳси ўтказилади. Бунда Ўзбекистон ва Австралия олимпия терма жамоалари кураш олиб боради ва ғолиб Олимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлади. Кўриниб турибдики, ўйиннинг аҳамияти ниҳоятда юқори. Бундаги босим ярим финалдагидан кўра кучлироқ. Чунки мағлуб бўлган жамоага хатосини тўғрилаш учун бошқа имкон берилмайди.

Ярим финалда Саудия Арабистонига ютқаздик. Битта рикошет масалани ҳал қилди. Вазиятлардан фойдаланганимизда финалга биз чиқардик. Энди бу - футбол, бир гал бешта уриб кейинги ўйинда умуман тўп кирита олмаслик мумкин. Лекин энг муҳими, тезроқ мағлубиятни унутган ҳолда кейинги баҳсга ҳозирлик кўриш.

Бундай мусобақалар чемпионат ўйинидан тубдан фарқ қилади. Чемпионатда мағлубиятдан кейин тегишли хулоса чиқариш учун бир ҳафта вақт бўлади, бундай турнирларда эса икки кун ичида ўзингга келишинг шарт. Одатда иродаси кучли жамоалар мана шу жиҳати билан ажралиб туради.

Эртанги рақиб Австралияни ноқулай демаган бўлардим. Чунки Австралия биз учун фақат миллий терма жамоа даражасида кучли ва ўта ноқулай бўлиб келган. Адашмасам, уларга ҳали гол урмаганмиз. Лекин олимпия ва ёшлар даражасида Австралияни бунгача мағлуб этганмиз. Шундай экан, эртанги ўйин олдидан ваҳимага тушиш керак эмас.

Шу ўринда иккита ўйинни ёдга олсак:

1. 2016 йилги U-19 Осиё чемпионати
Баҳрайнда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Австралия билан бир гуруҳда кураш олиб бориб, бу жамоани 3:2 ҳисобида мағлуб этганмиз. Якунда Австралия гуруҳда қолиб кетган, биз эса кейинги босқичга йўл олганмиз.

Қизиғи шундаки, ўша ўйинда иштирок этган 8 нафар футболчимиз бугунги кунда Ўзбекистон U-23 терма жамоаси сафида бўлиб турибди. Булар - Ҳожиакбар Алижонов, Ислом Қобилов, Азиз Ғаниев, Жасур Яхшибоев, Бобир Абдихолиқов, Шароф Муҳитдинов, Ойбек Рустамов ва Достон Ибрагимов.

2016 йил Австралия мағлуб этилган ўйинда биздан Достон Ибрагимов 2 бор тўп киритган, яна битта голни Бобир Абдихолиқов урган. Бундан кўриниб турибдики, футболчилар учун Австралия кўп ҳам бегона эмас ва ҳаракат қилиб "кенгурулар"ни яна мағлуб этса бўлади.

2. 2012 йилги Олимпия ўйинлари саралаш босқичи
2012 йил ҳам Олимпиадага чиқишга ҳаракат қилиб кўргандик, бироқ "Жар" стадионида БААни 2:0 ҳисобида енга туриб якунда 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйганимизни яхши эслайсиз. Ўша ўйиндан олдин эса шу стадионда Австралия билан куч синашиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз.

Ўйинда Кенжа Тўраев ҳисобни очган, кейинчалик иккинчи бўлим охирларида Олег Зотеев жуда чиройли гол билан ҳаммани лол қолдирганди. Эсимда, ўша беллашувда Австралия бизнинг термамизга деярли қаршилик қила олмаган.

Хуллас эртанги учрашув олдидан кўнгилни кенг қилайлик. Австралия жисмоний жиҳатдан кучли кўрингани билан жуда бир ваҳимали рақиб эмас. Биз учун энг ноқулай рақиб Жанубий Корея эди. Шу боис Корея финалга чиққанидан хурсанд бўлишимиз керак. Австралияни эса амалласа бўлади.

Хайрулла Холиқов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Австралияни олдин ҳам ютганмиз