Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси қисқа таътилдан сўнг, кечадан яна машғулотларга киришди.
Биринчи кун футболчилар тикланиш машқларини бажаришган бўлса, бугун тўп билан муомалада бўлишди ва одатдагидек ўйинни шакллантириш устида ишлашди. Клубни аввал хабар берилганидек Мурод Холмуҳаммедов тарк этган, легионерлар ҳозирча шу ерда.
Шунингдек, олимпия терма жамоаси билан Таиландда ўтказилган Осиё чемпионатида иштирок этган беш футболчи Ислом Қобилов, Санжар Қодирқулов, Абдулла Абдуллаев, Нурилло Тўхтасинов, Миржаҳон Мираҳмадов тўлиқ тартибда шуғулланишди. “Ал Завра” билан баҳсда жароҳат олган туркманистонлик легионер Селим Нурмурадов индивидуал тарзда машқларни бажарди. Қувноқ кайфиятда ўтган “қалдирғочлар”нинг навбатдаги машғулотидан кейин бош мураббий Вадим Абрамовдан сайтимиз учун интервью олдик.
“Биз учун омадсиз ўтган ўйиндан кейин яна машғулотларни бошладик. "Ўрнимиздан туриб" мақсадимиз сари интилишда давом этамиз”, - дея гап бошлади Вадим Карленович.
- Тўғриси, январь ойи клубларимиз учун ҳам, олимпия терма жамоамиз учун ҳам муваффақиятсиз якунланди. Бундай шароитда уларни руҳиятини ва кайфиятини кўтариш қийин бўлиши табиий...
- Бу футбол. Яхшиси мағлубиятларни тезроқ унутишимиз ва янги мавсумга ҳозирликни давом эттиришимиз керак. Ғалаба ва мағлубият ҳамиша бирга юради.
- Матбуот анжуманида агар гуруҳ босқичига чиқа олмасак легионерлар жамоани тарк этади деган эдингиз. Кўряпмизки улар билан ҳали xайрлашилгани йўқ...
- Ҳа айтгандим. Кўрамиз уларни маҳаллий футболчилар билан солиштирамиз. Легионерлар жамоамизда қолишни истайдими, йўқми? Бизнинг ўзимизга яраша талабларимиз бор.
- Кейинги ҳафтада Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинни бошлайди. Кенгайтирилган таркибдан ўтган ой Осиё чемпионатида қатнашган футболчилар ҳам жой оладими? Кўз остингизга олиб қўйган ўйинчилар борми терма жамоага муносиб?
- Яқин кунларда таркибни эълон қиламиз. Албатта, олимпия терма жамоаси аъзолари ҳам чақирилади. Боиси, улар миллий жамоага мослашишлари лозим. Улар термамизнинг келажаги. Гарчи Олимпиадага чиқа олишмаган бўлишса ҳам юқори даражадаги футболчилар етарли. Беларусь билан беллашув фойдадан ҳоли бўлмаслиги аниқ.
- ФИФА кунлари доирасида ўтказилмаётганини инобатга олсак, демак мазкур йиғинда фақат маҳаллий футболчилар қатнашади...
- Ҳа. Хорижда ўйнаётган футболчиларни жалб қила олмаймиз. Легионерлар кейинги йиғинда қўшилади.
- Қишки трансферлар ойнасида жиддий ўзгаришлар бўлди. “Бунёдкор”нинг муҳим фигураларидан Жавоҳир Қаҳрамонов, Санжар Турсунов, Хуршид Ғиёсов бошқа клубларга йўл олди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Оддий қарайман. Улар қаер яхшироқ бўлса ўша клубга кетишди. Ҳаёт давом этади. Батафсил муҳокама қилмоқчи эмасман. Умуман олганда янги қўшилган футболчилар ўзларини астойдил кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи