"Барселона" ҳозирда қийин даврларни бошдан ўтказмоқда. Клуб можаролар марказида қолиб кетди: ОАВда директорлар кенгаши буюртмаси билан ҳозирги раҳбариятни қўлловчи пиар-компания ўтказилаётгани ҳақидаги маълумот тарқалиб кетди.
Ушбу жараённинг бир қисмида раҳбариятни оқлаш учун баъзи футболчиларни қоралаш, ҳаттоки у "Барселона" футболчиси бўлса ҳам, уларни очиқчасига танқид қилиш ва ижтимоий тармоқларда кулгига қўйиш ҳолатлари кузатилди. Раҳбариятдан норозилар орасида жамоа етакчиси Лионель Месси ҳам борлиги эътиборни тортади, албатта.
Айнан шундай мушкул вазиятда Лео каталон газетаси Mundo Deportivo офисига келди ва катта интервью беришга қарор қилди. У жуда кўп нарсалар ҳақида очиқчасига суҳбатлашди: шахсий ҳаёти, клуб спорт директори Эрик Абидаль билан бўлган можаро, футболчиларнинг янги мураббийга кўникиш жараёни ва албатта Роналду ҳақида ҳам баъзи гапларни айтиб ўтди.
Оиласи ва шахсий ҳаёти
— "Барселона"даги илк кунларимданоқ Антонелла ёнимда эди. У хотиржамлик бағишлайди ва футболдан бошқа нарсаларга эътибор беришимда кўмаклашади. Менга ҳаёт тарзим ёқади: мен ва оилам яшайдиган Кастельдефенс тумани, кунлик режаларим, вақтимни оилам билан ўтказиш. Кўп вақтимни болаларим билан ўтказаман. Кун охирига келиб, иккаламиз ҳам чарчаб, ҳолдан тойиб қолган бўламиз. Чунки 3 нафар болани эплашнинг ўзи бўлмайди. Дам олишга эртароқ ётамиз. Сешанба ва пайшанба кунлари уларни футбол мактабига олиб борамиз, уйга қайтганимизда соат етти атрофида бўлади. Бизнинг ҳаётимиз оддий одамларникидек ва бу шунчаки ажойиб.
"Барселона"дан кетиш борасида
— Олдин айтганимни яна такрорлашим мумкин. Клуб шу ерда бўлишимни истар экан, мен томондан муаммолар бўлмайди. Менга бу ерда ўйнаш ёқади, мен клубда қолишни ва янги ғалабаларга эришишни истайман. Яна бир бор Чемпионлар Лигаси бош совринини бошим узра кўтармоқчиман ва буни уддалашга умид қиламан. Клубга истиқболли лойиҳа зарур.
(Шартномадаги, мавсум якунида жамоани бепул тарк этиши мумкинлиги борасидаги банд ҳақида) Бу банд ҳеч нимани ўзгартирмайди. Аввал ҳам клубни тарк этиш имкониятим бор эди. Керакли суммани тўлашга тайёр клублар пайдо бўлганди ҳам, лекин бу муаммо эмас. Яна бир бор айтаман: клуб буни истамаса, ҳеч қандай муаммо йўқ.
"Барселона" ўйин услуби ўзгариши ҳақида
— Биз янги мураббийга кўникмоқдамиз. Ҳар кимнинг ўйинга нисбатан ўз қараши бўлади, шунинг учун ҳам ҳозир футболчиларга осон эмас. Вальверде биздан бир хил ўйин талаб қилган бўлса, ҳозир бошқа нарса сўралмоқда. Сетьен менга кўпроқ эркинлик бермоқда. Баъзан, "Бильбао" билан ўйиндаги каби, у мени "алдамчи тўққизлик" позициясига қўймоқда, баъзан қанотда ўйнаяпман. Тўпни ўйинга киритишда тер Штегеннинг иштироки? Ҳа, бу ўзгаришларнинг яна бири. Энди у аввалгига нисбатан кўпроқ ўйинга қўшилмоқда. Баъзан бу таваккалчилик, лекин шунинг ёрдамида биз ҳимоядан яхшироқ вазиятга чиқиб боришимиз мумкин. Бошқа ўзгаришлар ҳам бор. Прессинг, биз рақиб анча эрта кутиб олишимиз керак ва контрпрессинг, тўпни олдириб қўйишимиз билан курашга киришамиз. Аввал бу нарсалар йўқ эди, шунинг учун кўникишга вақт кетади.
Сетьен – ўйинчиларга яқин инсон. У доим футбол ҳақида гапиради, майда деталларга эътибор беради ва уларни футболчилар билан муҳокама қилади.
Вальверденинг кетиши ҳақида
— Вальверденинг истеъфосидан афсусдаман. Сабаби у нафақат ажойиб мураббий балки жуда яхши инсон ҳам. Биз мураббий эмас кўпроқ футболчилар туфайли қатор ўйинларда очко йўқотдик, лекин бутун жамоани ўзгартиргандан, мураббийни истеъфога чиқарган осонроқ. Кейин эса Суперкубок учун баҳс: биз бутун ўйин давомида тизгинни ўз қўлимизда ушлаб турдик, аммо охирги 5 дақиқада сабаб мусобақани трак этдик. Шунинг учун барчаси шундай якунланди ва бундан жуда афсусдаман.
Примера ва Чемпионлар Лигасидаги имкониятлар
— Бу мавсум "Мадрид" ҳам, биз ҳам кўп очко йўқотяпмиз. Ҳар икки жамоага стабиллик етишмаётгандек. Шу сабабли чемпионлик учун кураш охирги тургача давом этса керак. "Класико" қандай натижа билан якунланса ҳам бу курашни ҳал қилиб бермайди, чунки кейин "Сельта" билан ўйинда ҳам шунча очко йўқотиш мумкин.
Чемпионлар Лигасига келадиган бўлсак, биз ўсишимиз зарур. Назаримда, ҳозирги ҳолатимизда бош соврин учун кураша олмаймиз. "Барселона"га ишончли ўйин етишмаяпти. Стабиллик етишмаяпти, бутун йил давомида йўл қўяётган аҳмоқона хатоларни тугатиш керак. Худди Чемпионлар Лигасида "Рома" ва "Ливерпуль"га қарши учрашувлардагидек: майдондасану, аммо шерикларинг билан алоқа йўқдек. Бу мусобақада биргина деталь туфайли сизни янчиб ташлай оладиган рақиблар бўлади. Биз иложи борича тезроқ янги мураббийнинг фикрларини ўзлаштиришимиз ва яхши спорт формасига кириб олишимиз зарур.
"Рома" ва "Ливерпуль"га қарши учрашувлар...
— Мен ҳали ҳам ўшанда нима бўлганини тушуниб етмадим. "Рома" билан бўлган учрашувлар бўлишими мумкин. Қисқа вақтга бўлсада диққатни йўқотсангиз, жазоланасиз. Бундай ўйинлар ўн йиллик ва ундан кўпроқ даврда бир бўлиши мумкиндир, аммо кейинги йил биз яна деярли шундай ҳолатга тушиб қолдик. Мана шуни мен ҳеч қанақасига тушунтириб беролмайман.
Криштиану Роналду ҳақида
— "Реал" у кетгач нима йўқотди? Кўпгина голлар! Йўқ, албатта, Роналду жамоага фақатгина голлар бермаган. Лекин у мунтазам гол ура олади. У шафқатсиз ҳужумчи ва гол уриш учун унга яримта имконият ҳам етарли бўлади. "Мадрид"да ҳозир ҳам ажойиб футболчилар бор, аммо уларнинг ҳеч бири ҳар мавсум 50 тадан гол урмайди – асосий фарқ шунда.
"Барселона" спорт директори билан можаро
— У нега бундай деганини тушунмадим. Лекин ўзимни худди менга кимдир ташлангандай ҳис қилдим. Жамоамиз ичидаги вазият, кийиниш хонасидаги гаплар ҳақида шундоқ ҳам кўп эслашмоқда. Эмишки, айнан футболчилар жамоага мураббий олиб келиб, бошқасини бўшатаётган экан. Айниқса, мен. Худди бу борадаги қарорни мен қабул қиладигандек. Энг ёқмаган томони, бу гапларни клуб директорларидан бири айтгани бўлди. Футболчиларни мураббийни бўшатишда фаоллик кўрсатганликда айблаш, ақлбовар қилмайдиган гап. Қарорни директор қабул қилмайдими? У ўша қарорлар учун жавобгар-ку?! Мураббийдан футболчилар норози эди дейиш ва аниқ исмларни айтмаслик, бу бутун жамоага ташланиш дегани.
Умуман олганда, январь ойининг бошидан буён жамоада мунтазам нимадир бўлмоқда. Бу эса футболчиларга халақит қилади. Улар бор эътиборларини ўйинга қарата олмай қоляптилар, уларни тинмай чалғитишмоқда.
Чемпионлар Лигасидаги рақиблар ҳақида
— "Ман Сити"нинг четлатилиши? Мени бу қарор ҳайрон қолдирди. Иш бунгача етиб боришини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. «ПСЖ», адашмасам, шунчаки жарима тўлаганди. Якунда "Сити"дек клуб уларнинг пуллари, имкониятлари ва шундай футболчилари билан мусобақадан четлатилса, жуда ғалати бўлади. Шундай бўлса, Агуэро "Барселона"га ўтиши мумкинми? Сиз жамоамизга бутун дунё ўтишини хоҳламайсизми? Билмасам, Чемпионлар Лигаси бўлмаса кўп ўйинчилар кетишни истаб қолса керак. Қайси рақиб кучлироқ? Бу мусобақада кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. "Ливерпуль" ютқазди, ПСЖ ютқазди. Ғолиблик учун асосий даъвогарлар – "Реал", "Ювентус", "Ливерпуль" ва ПСЖ. "Ливерпуль" билан яна бир бор тўқнаш келишни истармидим? Келинг, олдин "Наполи"дан ўтиб олайлик.
Омонжон Тўхтамирзаев таржимаси
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?