Фото: Manchester United
Бруно Фернандеш 19 ёшда «Удинезе»га борганида, уни жамоа фахрийси Антонио Ди Натале ўз қаноти остига олганди.
Португалиялик футболчи ўз вақтида Ди Натале унга том маънодаги устоз бўлганини тан олади – у зарба бериш техникаси, тана мувозанатини бошқариш, бўш зоналарга очилишни айнан италиялик ҳужумчидан ўрганган экан.
Албатта, Брунонинг ўрганишга бўлган иштиёқини ҳам таъкидлаш керак, масалан унинг Италиядаги биринчи клуби «Новара» мураббийи Кристиано Жаретта айтади: «Унинг хонасига кирганимда, детектив изқуварнинг офисига кириб қолгандек бўлдим. Бутун хона стикерлар билан тўлиб кетганди. Кейин эътибор бердим, столда Tavolo, креслода Sedia, музлатгичда эса, Frigo ёзуви ёпиштирилганди. Орадан бир ой ўтмасдан, у итальян тилини аъло даражада ўзлаштириб бўлганди.
Бруно Фернандеш - сўнгги икки йилда Португалиянинг энг яхши футболчиси. «Спортинг»даги сўнгги икки ярим ярим мавсумда 82 ўйинда майдонга тушиб, 39 гол урган ва 28та голли узатмани амалга оширган. Яримҳимоячи учун жуда ажойиб кўрсаткич. Айниқса, «Манчестер Юнайтед» яримҳимоячилари статистикасига эътибор берсак, Фернандешнинг жамоага нақадар етишмаётган мурват экани яққол билинади: Фред (33 ўйин, 1 гол, 1 ассист), Матич (72 ўйин, 2 гол, 1 ассист), Перрейра (38 ўйин, 2 гол, 4 ассист), Лингард (сўнгги 47 ўйинда 4 гол ва 2 ассист).
Ҳақиқатан ҳам Бруно Фернандеш «Манчестер Юнайтед»га етишмаётган тоифадаги футболчи эди, унинг жамоага жуда тез мослашгани ва фойда келтира бошлагани шу билан очиқланади. Албатта, Бруно атрофида бўлаётган мақтовлар учун у қадар лойиқ бўлиб улгурмагандир, клуб ушбу футболчини ҳаддан зиёд пиар қилиб юбораётгандек туюлар балки, аммо айнан шу трансфер ва унинг оқибати «Манчестер Юнайтед»даги бир янги хусусиятни очиб беради. Оле Гуннар Сульшернинг бир йилдан ортиқроқ вақт мобайнида амалга оширган ишлари, клубнинг ўзи учун янги йўл танлагани ҳақидаги фикрлар айнан Брунонинг трансфери ёрдамида исботланади. Қандай қилиб?
Ҳар қанча осмонга кўтарилгани билан, факт шуки, Бруно Фернандеш Мбаппе каби бўлажак «Олтин тўп» соҳиби ёки Неймар каби суперюлдуз эмас. У 25 ёшга кириб улгурди, яъни, бутун Европа фойдали актив сифатида эътибор қаратаётган топ-футболчи эмасди. Юқорида эслаб ўтилган натижалар ҳам кучли бешликдан ташқарида, Португалия лигасида рўй берган. У А Серияда ўзини синаб кўрган, «Новара», «Удинезе» ва «Сампдория»да ўйнаган, лекин ҳеч қачон ёрқин порламаганди.
Ҳамма гап шунда – Бруно Фернандеш ҳали кучли бешликда ўзини кўрсата олмаган футболчи, «Спортинг» сардори «Олд Траффорд»да юлдуз сифатида қабул қилинганидир. Яъни, футболчилар унга мана шу мақомни беришдан чекинишмади, Брунодаги қобилиятни муносиб баҳолашмоқда ва керак бўлганда, унинг ортидан юришга ҳам тайёр эканликларини кўрсата олишяпти.
Эътибор берсангиз, Бруно ўйин темпини назорат қиляпти, шерикларига ишора билан ёки оғзаки кўрсатмалар беряпти, пенальти тепяпти ҳатто. «Манчестер Юнайтед»да! Структура, қамрови ва катталиги бўйича фақат «Реал» ва «Барселона» тенг кела оладиган клубда! Тасаввур қиляпсизми?
Фото: United Tweets
Бир пайтлар, Давид Мойес «Эвертон»дан келиб, Фергюсоннинг ўрнини эгаллагач, футболчиларга қандай ҳимояланиш кераклигини ўргатмоқчи бўлади ва собиқ жамоаси сардори Фил Жагелка ўйинларидан видеотасвирларни қўйиб беради. «Дарс»да Рио Фердинанд, Патрис Эвра ва Неманья Видич ҳам ўтирган эди. Рио энсаси қотганини яширмайди.
- Босс, ҳаммаси яхши-ю, бу Фил Жагелка фаолиятида нечта соврин ютган ўзи? – деб сўрайди ўзини боса олмай.
Сўнгги беш йилда тўрт марта АПЛ чемпиони бўлиб, уч марта Чемпионлар Лигаси финалида ўйнаган Рио Фердинанд ва унинг шериклари учун Мойеснинг бу дарси камида ғалати кўрингани табиий эди. Ўшанда клубнинг буюклиги майдондаги натижалар билан ҳам ҳамоҳанг эдики, бу футболчиларда, жамоага яқин бўлган ҳаммада ўзига яраша виқорни пайдо қиларди.
Муаммо шундаки, натижалар ёмонлашди, пуллар, клуб структураси ва эътибор нуқтайи назаридан клуб буюклигича қолавергани сабаб, виқор «Олд Траффорд»ни тарк этмади. Ва зарар келтира бошлади.
Ким ва қандай ўйнашидан қатъи назар, «Манчестер Юнайтед» билан шартнома тузган футболчида мана шу – «асоссиз виқор» пайдо бўлар, Манчестерга келган футболчи ўзини дунёнинг энг яхши жамоасига келиб, орзусига етган деб ҳисобларди. Маошлар, мухлислар эътибори, муносабат ҳам шунга мос эди. Савия етадими, ҳали нимага эришилди ёки эришилмади, фарқи йўқ, «МЮ футболчиси» деган қуруқ таърифнинг ўзи футболнинг чўққисидек туюларди.
Люк Шоу, Антони Марсиял, Морган Шнайдерлин, Генрих Мхитарян ва бошқа футболчилар Манчестерга келгунча, жуда узоқ йўлни босиб ўтган бўлсалар-да, энди топ-клубга монанд ўсишда давом этиш ўрнига ўзларини тўлақонли юлдуз сифатида ҳис қила бошлашди. Ахир «МЮ» футболчиси бўлишнинг ўзи етарли, маош, муносабат, мухлислар эътиборининг ўзи ҳам сени юлдузга айлантиради.
Шунинг учун ҳам, юлдузли трансфер деганда, фақат Ди Мария, Погба, Санчес, Ибраҳимович каби харидлар тушунилар, мана шундай топ-юлдузлар билангина Каррингтонни қойил қолдириш мумкин эди, холос.
Сульшернинг «Манчестер Юнайтед»даги энг катта иши шуки, унинг клуб ҳақидаги хотиралари, фикрлари баъзида баландпарвоз, фойдасиз гаплардек туюлар, аммо жамоа муҳитига мана шу буюкликни сингдира олаётгани. «МЮ»нинг буюклиги унинг аъзоси бўлиш барча орзуларнинг манзили эмас, ҳар куни бунга лойиқликни исботлаш талаб қиладиган тушунча эканини тушунтира олди.
Шу тарафдан айнан Брунонинг трансфери кўргазмали бўлди. Магуайр ҳам қисқа вақтда етакчига айланган бўлса-да, у Англия терма жамоаси сардорларидан бири ва энг қимматбаҳо ҳимоячи сифатида юқори статусда келгани маълум эди.
Энди ҳозирги «Манчестер Юнайтед»га қаранг. Ҳа, натижалар ҳавас қилгудек эмас. Лекин энди майдонда виқорни, кибрни кўрмайсиз, тартиб ва меҳнаткашлик эътиборингизга тушади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчилар бор имкониятни ишга солаётганига гувоҳи бўласиз. Футболчилар жамоа шаклида янада яхшироқ бўлишни шу қадар исташяптики, бемалол, «Спортинг» ўйинчисини суперюлдуз сифатида қабул қила олдилар, унга шу статусни бемалол топшириб қўйишди.
Ялтираб турган ҳар қандай футболчига қизиқиш билдириб, бошқалардан кўпроқ маош таклиф қилишига ўрганиб қолганимиз «Манчестер Юнайтед» йўқ энди. Эрлинг Ҳоландни хотиржам ўтказиб юборгани, Санчо ёки Мэддисон борасидаги хотиржамлик сабаби ҳам шундан. «Келадиган футболчилардан маҳоратдан ташқари, кучли хоҳиш ва яна алоҳида сифатларни ҳам қидирамиз», – деганда Сульшер тўғри гапиргани намоён бўлаётгандек.
Янги мавсумда клуб маошлар бўйича 2-ўринга тушиб бўлди ва учинчи ўриндаги «Ливерпуль» билан фарқ у қадар катта эмас. Агар Санчес, Погба, Матич ва балки Де Хеа билан хайрлашилса, маошлар борасида ҳам анча адекват миқдорга яқинлашилади. Келаётган футболчиларга бўлган талаблар пасайиши, Неймар эмас, Брунонинг Неймардек кутиб олиниши клубни кичик қилиб қўймаслигини тушуниб етишди.
Фото: Manchester United
Клуб ҳали ҳам буюк. Дунё футболида фақат «Барселона» ва «Реал»гина «Юнайтед» билан тенг тилга олинишга лойиқ, холос. Бу ўзгармади. Лекин энди майдонда буни кўрмайсиз – у ерда буюк клубнинг бир парчаси бўла олишини исботлаш ўтида ёнаётган ўн бир нафар оддий футболчини кўрасиз.
Улар шу қадар оддийларки, ҳатто «Спортинг»дан келган Бруно Фернандеш ҳам суперюлдузга айланиб қолаверади.
Қаҳрамон Асланов
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...