23:30 / 18.06.2020
3 899

Диққат! Футбол бозорига навбатдаги "бомба" ташланади

Диққат! Футбол бозорига навбатдаги "бомба" ташланади
Одатда йилнинг айни маҳалида жаҳон футболида катта трансфер битимлари имзоланган ёки имзоланиши қизғин муҳокама қилинаётган, мураббийлар ўз жамоаларининг кейинги мавсумда қандай кўриниш касб этиши устида жиддий бош қотираётган бўлишарди.
Футбол оламидаги аксар "бомба" трансферлар ҳам айнан ёзда амалга оширилиши одат тусини олган. Йиллар давомида "Челси", "Реал", МЮ ёки ПСЖ сингари клубларнинг катта харидлари трансфер бозорини тўс-тўс қилгани, футболнинг келажагини нечоғлик ўзгартириб юборганидан хабарингиз бор.

2020 йил эса кутилмаган сюрпризлари билан бошланди. Ҳозир бозорда фаоллик кўрсатаётган клублар деярли йўқ. Аммо трансфер тақиқидан эндигина қутилган "Челси" раҳбарияти ўз отларини қамчилаш билан оввора. Етарли совчилари бор Ҳаким Зиешнинг аллақачон "Челси" футболчисига айланиши (40 млн евро), "Ливерпуль"га ўтиши тахмин қилинган Вернернинг (53 млн евро) "Энфилд"ни эмас, "Стемфорд Бридж"ни танлаши сўзимизнинг исботи бўлса керак. Инсайдерлар фикрича, бу ҳали ҳаммаси эмас. "Ювентус" ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳам кейинги мавсумни кўк либосда бошлаши мумкин экан. Кимлар ушбу хабарларга "бўлиши мумкин" дея муносабат билдирса, кимлар мийғида кулиб қўйиш билан кифояланяпти. Ҳозир шу хусусдаги мушоҳадаларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.

Бизнингча, КР7 кейинги йилни "Юве"да ўтказишидан кўра, жамоани тарк этиш эҳтимоли юқорироқ.

Роналду 2018 йилнинг ёзида "кекса синьора" либосини кийди. Бу "Юве" учун ҳам, А Серия учун ҳам маркетинг томонлама олдинга ташланган катта қадам эди. Аммо "Ювентус"нинг ўйини Криштуану билан кескин кучайиб кетди, дейиш ноўрин. Фактларга эътибор қаратсак, бунинг аксига гувоҳ бўламиз. Демак, форвард "Ювентус"даги илк мавсумида А Серияда 21та гол билан жамоанинг энг яхши тўпурари бўлди (таққослаш учун, олдинги мавсум Пауло Дибала 22та гол урганди), мусобақа бомбарлирлари рўйхатида эса "Сампдория" ҳужумчиси (36 ёшли!) Фабио Квальярелла ҳамда "Аталанта" вакили Дуван Сапатадан кейинги ўринни эгаллади. Португалиялик футболчи "Юве" ҳужумини кескин кучайтириб юбориши кутилганди, аммо аксинча "зебралар"нинг голлари сони камайиб кетди (А Сериянинг 2017-18 йилги мавсумида "Юве" 86та гол урган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 70га тушиб қолди). Ҳозир ҳам ишлар кўнгилдагидек эмас. Италия кубоги "Наполи"га бой берилди, чемпионлик курашида "Лацио" ёки "Интер"га енгилиш эҳтимоли йўқ эмас. ЕЧЛ нимчорак финалининг "Лион" билан дастлабки баҳсида клуб анча қийналди. Энди Роналду ва Иммобиленинг жорий мавсумдаги статистикасини солиштирамиз.

Ҳар ўйинда ўртача 6тадан зарба берадиган Роналдунинг ҳисобида 21 гол бор (мавсум давомида 132та зарба).

Ҳар ўйинда ўртача ҳисобда 4тадан зарба берадиган Чиро Иммобиледа 27 гол бор (мавсум давомида 96 зарба).

Роналду 2 жиҳат бўйича "Юве"га халал беряпти.
Биринчидан, Сарри қурмоқчи бўлган жамоавий ўйинини Криштуану бор экан, йўлга қўёлмайди. Бундай ўйин услубида майдондаги футболчиларнинг барчаси тенг ҳуқуқли бўлмас экан, мукаммал жамоавий ўйин шаклланиши қийин. Роналду тўп тепадиган клублар ўйнаётганда эса майдонда ҳар доим КР7 ва бошқалар бўлади. Иккинчидан, потенциали юқори бўлган Пауло Дибаланинг сояда қолиб кетиши.

"Юве" Роналдуни сотиши учун яна бир асос: Футболчи аллақачон 35 ёшни қоралади. Унинг келаси мавсумларда фаолиятини якунламаслигига кафолат йўқ. Туринликлар Роналдуни ҳозир сотиш орқали мўмайгина даромад ҳам топиши мумкин.

Унинг кейинги манзили қаер бўлади?

"Реал"?!
Футболчининг Мадридга қайтиши ҳақида ҳам миш-мишлар янграб туради. Аммо бу вариант амалга ошмайди. "Қироллик клуби"ни не машаққатлар билан янгилаётган, ёшартираётган Зиданга Роналдудан кўра Винисиус ёки Родриго қадрлироқ. Футболдан керак пайтда кета олган франциялик мутахассис Роналдуга ҳам шуни тавсия қилиб, оқ фотиҳа беришдан нарига ўтмаса керак.

МЮ?!
Бу вариант ҳам амалга ошиши мумкин. Эҳтимол, Погба - Роналду "рокировка"сига гувоҳ бўлармиз. Аммо сўнгги пайтларда "қизил иблислар" томонидан ҳужумчига нисбатан жиддий қизиқиш борлиги ҳақида гапирилмаяпти.

"Челси"!
Бу ҳақиқатга жуда яқин вариант. Жорий мавсум давомида "Челси" ёшартирилди. Энди жамоага катта футболчиларни олиб келиб, балансни шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Хабарингиз бор, Роман Абрамович 2003 йилдан буён "Челси"ни грандлаштириш ва катта жамоалар сафида ушлаб туриш учун ҳеч нарсани аямади. Унинг трансфер бозоридаги навбатдаги юриши айнан Роналду бўлиши тахмин қилиняпти. Албатта, бу россиялик миллиардернинг қўлидан келишига шубҳа йўқ. Шундай экан, келаси мавсумда Роналду фарзандлари билан ўйнайдиган либосининг ранги "оқ-қорами ёки қора-оқ"лигини муҳокама қилмаслик учун Лондон клубининг кўм-кўк футболкаларида майдонга туша бошласа, ажабланманг.

Роналду қанчага баҳоланяпти?
Португалиялик футболчининг Туринни тарк этиши воқелик жиҳатидан "бомба" бўлиши мумкин, лекин катта маблағ сарфланиши туфайли эмас. "Transfermarkt" порталида Криштиану 60 млн еврога баҳоланмоқда. Унинг эҳтимолий нархи бундан ҳам паст бўлиши мумкин. Чунки у 35 ёшда. Яна бир ёки икки йил юқори даражада ўйнаши мумкин, холос. Бундай футболчига 100лаб миллионларни сарфлаш учун киши ақлан заиф бўлиши керак. Сабаби шундаки, бу суммага 10 йил юқори даражани сақлаб тура оладиган 23 ёшли юлдузлардан бирини харид қилса бўлади.

Хуллас, ўзи буни тан олгиси келмаётган бўлса ҳам, футбол тарихидаги энг ёрқин юлдузлардан яна бири кун сайин сўниб бормоқда. Имкон бор экан, унинг майдондаги ҳаракатларидан максимал даражада завқ олишни унутманг. Зеро, Роналду ҳам тез орада тарихга айланади...

Фахриддин Рўзиев

Манба: championat.asia

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Диққат! Футбол бозорига навбатдаги "бомба" ташланади