"Локомотив" етакчиси Марат Бикмаев Россия клубига йўл олган Жасур Жалолиддинов ҳамда "Спартак"ка ўтиши кутилаётган Остон Ўрунов ҳақида фикр билдирди.
Савол туғилиши мумкин, нега Бикмаевдан фикр олдик? Бунинг сабаби шундаки, Марат ҳам анча ёш Россияга йўл олганди. Бикмаев 2004 йил "Пахтакор"ни тарк этиб "Крилья Советов" билан шартнома тузганида 18 ёш эди. У футболчилик фаолиятининг 10 йилини хорижда ўтказди.
Маълумот учун, Бикмаев 2004-2005 "Крилья Советов", 2006-2007 "Рубин", 2008-2010 "Спартак-Нальчик", 2010-2012 йилларда "Алания" шарафини ҳимоя қилган. Шунингдек, у 2014 йил Ўзбекистонга қайтиб "Локомотив" билан шартнома имзолашдан олдин Қозоғистоннинг "Актобе" клубида тўп тепган.
- Марат, яқинда "Бунёдкор"нинг ёш футболчиси Жасур Жалолиддинов "Локомотив" Москва билан шартнома тузди. Яна бир ёш футболчимиз Остон Ўрунов "Уфа"ни тарк этиб "Спартак"ка ўтишга яқин турибди. Сиз ҳам ўз вақтида анча ёш Россияга йўл олгандингиз. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳозирги янгиликларга муносабатингиз қандай?
- Аввало шуни айтишим керак, биздан қанча кўп футболчи четга кетса футболимиз учун шунча яхши. Футболчилар ўсади, дунёни кўради, кучлироқ чемпионатларда ўйнайди. Жалолиддинов ҳақида гапирадиган бўлсам, у ҳали ёш ва ўз устида кўп ишлаши керак. Энг муҳими, четга кетиб футболдан бошқа бекорчи нарсаларга чалғиб қолмаслик.
Тўғри, мен ҳам анча ёш кетганман ва Россияга борганимда ёнимда ҳеч ким бўлмаган. Шу боис жуда қийналгандим. Маслаҳатгўйим йўқ эди. Натижада кўп вақт бекорчи бўлиб қолганман. Ҳали 20га тўлмаган ёш йигит эдим, кўп зерикардим ва бекорчиликдан кўчага чиқиб кетардим. Хуллас атрофимда маслаҳат бера оладиган яқиним бўлмаган, барибир шу жамоадаман-ку деб юраверганман. Шу боис Жасурга бир маслаҳат бермоқчиман: аввало Москвага ёлғиз кетмасин, ёнида йўл-йўриқ кўрсатадиган бирор яқини бўлсин.
- Жалолиддинов 17 ёшда легионерга айланди. Уни олдинда кутаётган қийинчиликлар кўпми?
- Қийинчилик жуда кўп бўлади. Бу ўринда у нима қилиши керак? Кўп ҳам атрофдаги гап-сўзларга чалғиб қолмасдан фақат футболни ўйлаши керак. У ҳали ёш, энг аввало тил ўрганиши шарт. Русчани қанчалик билади хабарим йўғ-у, лекин янада яхшироқ ўрганиши лозим. Қолаверса инглиз тилини ҳам ўрганиши зарур.
Кейин у фақат футбол билан чекланиб қолмай ўқишга киришга, институтда ўқишга ҳаракат қилсин. Менинг унга берадиган маслаҳатим шу. Четга боргандан кейин бекорчи бўлиб қолмаслик керак. Қийинчилик ҳамма жойда бор. Жамоада барча билан яхши муносабатда бўлиши лозим.
- Сизда қандай қийинчиликлар бошдан ўтган?
- Айтиб ўтганимдек, биринчи навбатда маслаҳатгўй инсон бўлмаган. Ўз билганимча юраверганман. Бошида "Крилья Советов"га борганимда ҳаммаси яхши эди, кейин "Рубин"га ўтганимда ҳеч иш юришмаган.
Натижада яна жамоа алмаштиришга мажбур бўлиб, "Спартак-Нальчик"ка ўтгандим. Айнан шу клубда ўз ўйинимни топиб кета олдим. Энг ёмони - сен бизга керак эмассан, ўзингга бошқа жамоа қидиравер деган гапни эшитиш. Жасур билан шундай ҳол юз беришини хоҳламайман. Бунинг учун эса жуда қаттиқ меҳнат қилишга тўғри келади.
- Жалолиддинов иқтидорини қандай баҳолайсиз?
- Тўғрисини айтсам, унинг кўп ўйинларини кўрмаганман. Бу йил бизга қарши ўйинда кўрдим, салоҳияти ва иқтидори борлиги кўриниб турибди. Лекин бўйи пастлиги сабаб Россияда ўйнаб кетиш осон бўлмайди.
Агар тўп учун ҳавода кураша олмаса, унда ерда тўп билан зўр ҳаракат қилиши талаб этилади. "Локомотив" Москва ушбу футболчи билан келажакни ўйлаб шартнома тузди деб ўйлайман. Улар бекордан бекорга қайсидир ўйинчини харид қилмайди.
- Россиянинг яна бир клуби "Уфа"да ўзини кўрсатган Остон Ўрунов ҳақида фикрингиз?
- Остонга гап бўлиши мумкин эмас. У тезда ўзини кўрсата олди. Унда табиат берган иқтидор, жисмоний чидамлилик, хуллас ҳамма нарса бор. Шу боис ҳам унинг бирданига ўйнаб кетгани янгилик эмас. Мен унга тўлиқ ишонаман.
- Шу кунларда Остоннинг "Спартак"ка ўтиши ҳақида кўп гап-сўзлар бўляпти.
- Менимча, у "Спартак"да бемалол ўйнаб кета олади. Бир нарсани унутмайлик, "Спартак"да ҳам бизга ўхшаган одамлар ўйнайди, ҳеч ким осмондан тушиб қолмаган. Қолаверса, Остон Ўрунов Россия чемпионатида ўйнаб кета олишини қисқа вақт ичида кўрсата олди. Фақат бу ўринда мураббий ишонса бўлди. Футболда шунақа экан, кимдадир тажриба 25-26 ёшда келса, Остон 18 ёшдаёқ катталардек ўйнаб кетди. Бу ҳам Худо берган бир истеъдод.
- Бу ўринда агентларнинг роли ҳам катта, тўғрими?
- Энди барибир футболчининг ўзида бўлмаса агент нимаям қила оларди. Қаранг, биздан Шомуродов, Шукуров каби футболчилар четга кетди. Нима учун? Ўзида иқтидор бўлгани учун.
Мен хоҳлардимки, биздаги футболчиларга таклиф тушдими, ортиқ ушлаб туриш керак эмас. Қанча кўп ўйинчи легионер бўлса, терма жамоага ҳам фойда. Чунки улар барибир кучайиб қайтади. Мана Одил Аҳмедов четда ўйнаб қандай даражага етди. Насиб қилса, Шомуродов ва бошқа футболчилар ҳам шу даражага чиқади.
Тўғри, бу ўринда клубларни тушунаман, ҳеч ким футболчини арзон пулга қўйиб юборишни истамайди. Аммо футболчиларнинг келажагини ҳам ўйлаш керак. Шу боис доим олтин оралиқни топган маъқул. Жалолиддин Машариповга ҳам қанчадан бери айтиб келаман: бор, четга бориб ўйнаб кел. Егор Кримецга ҳам шундай деганман. Кримец-ку легионер бўлиб ўйнаб кўрди, лекин Машарипов вариант борлигида кетмаса, кейин кеч бўлади.
- Яна бир савол. Нима деб ўйлайсиз, Элдор Шомуродов "Ростов"да қолгани маъқулми ёки кетганими?
- Элдор ҳозирча тўлиқ бир мавсумни "Ростов"да ўтказди ва унинг нималарга қодирлигини ҳаммамиз кўрдик. Лекин янада кучли бўлиши учун бир ёки бир ярим мавсум шу ерда ўйнаши керак деб ҳисоблайман. Шу боис унинг "Ростов"да қолгани маъқул. Чунки яна бир-икки йил яхши ўйнаб берса, янада зўр таклифлар бўлади. Россия чемпионати ҳам кучли, буни тан олайлик.
Х.Холиқов суҳбатлашди.
Манба: championat.asia “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)