15:12 / 05.10.2020
2 734

Шомуродовдан Роналду билан рақобатга қодирлигини сўрашди. Жавоб оригинал бўлди

Шомуродовдан Роналду билан рақобатга қодирлигини сўрашди. Жавоб оригинал бўлди
Ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг “Ростов”дан А Серия вакили “Женоа”га кўчиб ўтиши Россия премьер-лигасининг энг шов-шувли трансфери сифатида эътироф этилмоқда.

Тўғри, “Локомотив” етакчиси Алексей Миранчук ҳам Элдордан олдинроқ “Женоа”дан кучлироқ бўлган ва Чемпионлар лигасида ўйнайдиган “Аталанта”га ўтгани ҳам катта трансфер бўлди. Фарқи шундаки, Миранчукнинг трансфери анча аввалдан овоза бўлган ва вазият пишиб қолганди. Элдорни қўлга киритиш учун “Женоа”, “Верона” ва “Фиорентина” каби клублари ўзаро рақобатлашгани, умуман олганда, ҳамюртимизнинг Италиядан таклиф олгани кутилмаган ҳолат бўлди.

Чунки, ўтган йилги мавсумда Шомуродовга асосан Ла Лигадан “Сельта”, Бундеслигадан “Штутгарт” ва “Шальке” каби жамоалардан қизиқиш ва мурожаатлар бўлгани бор гап. Шунинг учун кўпчилик Элдорни Германияга кетишини кутганди.

Бирдан “Женоа” варианти пайдо бўлди. Генуяликларнинг расмий чорлови овоза бўлганидан кейин “Верона” ва “Фиорентина” рақобатга киришди. “Женоа” таклиф шартларини яхшилаб, “Ростов” розилигини олишга эришди.

Ўзбек футболи тарбияланувчилари Италия футболи учун нотаниш эмас. Бундан қарийб йигирма йиллар муқаддам Илёс Зейтуллаев “Ювентус” академиясида таҳсил олиб, катта жамоа таркибида ҳам муайян учрашувларда майдонга тушган ва кейинчалик бу юртнинг ўнга яқин жамоаларида тўп тепган эди. Фарқи шундаки, Илёс Италияга жуда ёш бориб қолган. Элдор Шомуродов эса, маҳоратли ҳужумчи сифатида таклиф олди.

“Женоа” клубида кутилмаганда коронавирус тарқагани боис, Элдор Шомуродовни жамоада кутиб олиш маросимини анъаанга мувофиқ ва кўнгилдагидек ташкил этиш имкони бўлмади. Асосий таркибнинг 20 нафарга яқин футболчиси вирус юқтиргани учун карантинда ва шифокорлар назоратида қолмоқда.

Элдорнинг ўзи тўрт йиллик шартномага имзо чеккан ва “Женоа” футболчиси сифатида таништирилгани ҳақидаги видеолавҳалар ҳам тарқалди.

Айни пайтда “Женоа”даги илк машғулотини кутаётган ҳамюртимиз журналистларга интервью бериб, илк таассуротлари билан ўртоқлашди:

- Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Ҳозир шу ерга келганимдан жуда хурсандман. Дунёнинг энг кучли лигаларидан бирида ўйнаш азалий орзуларимдан бири эди. Мени тўғри тушуниб, кетишимга рухсат бергани учун “Ростов” раҳбариятидан миннатдорман. Орзуларим рўёбга чиқмоқда.

- Ўз олдингизга қандай мақсад қўйгансиз? Бу мавсумда Криштиану Роналдудан кўп гол уришни истайсизми?

- Катта гапирмайман. Оддий қилиб айтганда, қўлимдан келган барча нарсани амалга оширишга ҳаракат қиламан!

Дарҳақиқат, Элдор Шомуродов “Женоа”да 9-рақамда тўп суради. Ҳамюртимиз А Сериядаги дебютини 19 октябрь куни “Верона” жамоасига қарши ўтказадиган бўлди. А Сериянинг тўртинчи туридан ўрин олган учрашувга Верона шаҳридаги 45 минг кишилик "Стадио Марк-Антонио Бентегоди" стадиони мезбонлик қилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)