Элдор Шомуродовнинг Италия А Сериясига йўл олгани ўзбекистонлик мухлислар учун катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Ахир ҳар куни ҳам ўзбекистонлик футболчи учун «кучли бешлик» жамоаси катта пул тўлайвермади-ку.
Тўғри, Илёс Зейтуллаев «кучли бешлик»да ўйнаган илк ўзбекистонлик бўлганди, бироқ икки футболчининг Италияга йўл олиши фарқлича кечди. Зейтуллаев ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатиб, ёш ва умидли футболчи сифатида «Ювентус» назарига тушганди. Турин клуби сафида фақат кубок баҳсларида майдонга тушган Илёс учун кейинчалик Италия қуйи лигалари бўйлаб саёҳатлар бошланди. Орада у А Серияда бир неча ўйин ўтказишга ҳам улгурди.
Элдор Шомуродов эса Италияга бутунлай бошқача ҳолатда бормоқда. У Европада кучли лигалардан бири саналадиган РПЛда ўзини кўрсатди ва у учун Италия клуби 7,5 миллион евро пул тўлади. «Женоа» Марио Балотелли ёки Элдор Шомуродовдан бирини танлаши керак бўлган ҳолда ўзбекистонлик футболчини афзал кўрди.
Биринчидан, Балотелли бир неча баробар кўпроқ маош талаб қилиши аниқ эди. Бундан ташқари, Элдор ундан 5 ёш кичикроқ ва катта чемпионатда ўйнаш ўтида ёниб турибди. Балотелли учун «Женоа»га ўтиш фаолиятидаги оддий бир ўзгариш бўларди, аммо Шомуродов учун бу катта воқеа. Шомуродов Италияга кетгани ўзбек футболи учун ҳам кўп нарсани англатишини сезиб турибди. Ўзбекистонлик мухлислар «кучли бешлик»да футболчимиз бўлишини анчадан буён орзу қилишади. Ниҳоят, ўзбек футболчиси ҳам катта чемпионатда ўйнайди. Уни шунчаки олиб кетишмади, трансфер учун катта пул тўлашди. Бу бир жиҳатдан Шомуродовга катта масъулият юкласа, бир жиҳатдан ўхшаши йўқ илҳом тақдим этади.
Бу трансфер рус футболи учун ҳам яхши янгилик сифатида қабул қилинди. Ахир Элдор руслар учун ҳам ўз футболчисидек бўлиб қолганди. Антон Миранчук каби Элдорнинг ҳам Италияга кетиши россияликларда А Серияга бўлган қизиқишни оширди.
Россия матбуоти ҳам Шомуродовнинг Италияга йўл олганини илиқ кутиб олди ва у ҳақда турли хил мақолалар эълон қилинмоқда. Sports.ru журналисти Андрей Клешенок Элдорни Италияда нима кутаётгани ҳақида мақола ёзди. Қуйида ушбу таҳлил айнан келтирилади.
Бу Россия учун ҳам муҳим
Биринчи айтишимиз керак бўлган нарса шуки, бу трансфер нафақат Ўзбекистон учун, балки Россия учун ҳам муҳим бўлди. «Женоа» 10 йилдан буён бирор футболчи учун бунча пул сарфлагани йўқ. Генуяликлар арзонроққа футболчи олиш ёки бошқа клуб билан футболчи алмаштиришни маъқул кўришади. Клуб тарихида Элдордан қимматроқ биргина легионер ҳужумчи бўлган – Диего Милито (Ҳа, кейинчалик «Интер» билан ЕЧЛни ютган ва финал қаҳрамони бўлган аргентиналик тўпурар).
Шомуродов «Женоа»нинг сўнгги йиллардаги энг асосий трансфери. Gazetta dello Sport у Кшиштоф Пёнтекнинг муваффақиятини такрорлаши мумкинлигини айтишмоқда. Қанчалик ажабланарли бўлмасин, Элдорнинг трансфери Пёнтекникидан икки баравар қимматроққа тушди. Элдорни Италияда нима кутиши мумкинлигини таҳлил қилиб кўрамиз.
«Женоа» ҳимоядан ўйнайди, ҳужумчилар ўз дарвозаси яқинигача ҳимояланишга мажбур
«Женоа» бош мураббийи Роландо Маран «Рақиб бурчак зарбасини амалга ошираётган вақтда ҳимояланиш» мавзусида диплом иши ёқлаган. Бу эса унинг қандай мураббий эканини кўрсатади. Ҳа, Маран тартибли ва минимализацияга асосланган футбол кўрсатади.
Роландо Маран/globallookpress.com
Маран жамоасининг ўйинини жуда ҳам жумбоқли қилиб юбормайди, аммо у ўйинни шунчалик оддий йўлга қўядики, механизм автоматик тарзда ишлаб кетаверади. У ҳимоядан ўйнайди ва таянч яримҳимоячиси ҳимояга яқинроқ ўйнашини маъқул кўради. Ҳужумга келганда эса у бўшлиқлар топиб, ўша ерлар орқали ҳужум қилишни хуш кўради. Яъни, қарши ҳужумни.
Унинг ўйин услуби «Катания», «Кьево», «Кальяри» ва энди «Женоа»да ҳам бир хил. У 8 йилдан буён А Серияда ишлайди. Бу вақт давомида 6 хил тактик схемадан фойдаланган ва яхши янгиликлар қила олган, бироқ услуби сақланиб қолган.
Мараннинг жамоаларидаги ҳужумчиларга қийин. Унинг тактикасида ҳужумчи асосий ролни ўйнайди. У одатда икки ҳужумчи билан ўйнайди ва улар ҳар қандай прессингда қатнашади. «Женоа» икки хил услубда ҳимоядан чиқади. Биринчи ҳолатда рақиб унчалик босим қилмаса, жамоа пастдан тезкор узатмалар орқали ҳужумга ўтади. Бундай ҳолатда иккинчи ҳужумчи жуда муҳим, у чизиқлар орасида очилиб тўпни сақлаб қолиши ва ҳужумни давом эттириши керак. Агар рақиб ҳимоячилари босим қилса, «Женоа» одатда узун паслар орқали ҳимоядан чиқади.
Юқорида «Женоа» бўшлиқлар орқали ҳужум қилишни ёқтиришини айтдик, аммо рақиб ёпилса, «Женоа» ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик билан ҳужум қилади. Ҳужумнинг якуний қисмида минимум миқдорда футболчилар қатнашади. Маран жамоаси майдоннинг рақиб томонидаёқ ҳимояланишни бошлашини хоҳлайди. У прессинг қанчалик олисда бошланса, рақиб ҳужуми дарвоза яқинига келгунча шунчалик кучсизланишини эътиборга олади.
«Женоа»да қанотлар орқали очилиш тактикаси ҳам бор. Бундай ҳолатда икки қанотда марказга амалга ошириладиган кросслар сони кўп бўлади. Шомуродовнинг бош билан яхши ўйнаши эса бундай паслар вақтида айни муддао бўлади.
Тўпни йўқотгач, «Женоа» 5-3-2 схемасига ўтади. Ҳимоянинг қанчалик чуқур бўлиши рақиб ҳужуми темпига боғлиқ. Катта жамоалар билан ўйинларда жамоа ҳужумчилари чинакамига ҳимоянинг биринчи қавати вакилларига айланиб, дарвозадан тахминан 40 метр узоқликда прессингга киришади. Стандарт вазиятлар вақтида ҳам ҳужумчилар ўз дарвозалари яқинига келишади. Баъзан, жарима майдончасига барча майдон ўйинчилари қайтади. Ахир мураббийнинг диплом иши мавзусини эсланг. Кучсизроқ жамоаларга қарши эса «Женоа» очиқроқ футбол кўрсатади: енгилроқ прессинг қилиб, камроқ ёпилади.
Шомуродовдан майдонда жуда кўп меҳнат қилишини кутишмоқда. «Женоа» Италияда энг кучсиз таркибга эга десак ҳам бўлади. Тўғри, номларга қарасак, таркиб ёмон эмас: Кришито ва Пандев ҳамон яхши формада, улар ўтган мавсумда биргаликда 17та гол уришди, Сапата лигадаги ҳужумчиларни индивидуал қўриқлашда энг устаси фаранглардан, Дзаппакоста яқингача «Челси»да ўйнарди, Шёне «Аякс» билан ЕЧЛда порлади, Перин ажойиб реакцияли дарвозабон... Бироқ бир нарсани унутмаслик керак, бу йигитларнинг фаолиятининг энг яхши даврлари аллақачон ўтиб бўлган.
Жароҳатлар жамоага қимматга тушиши мумкин, чунки захира унчалик кучли эмас. Ўтган мавсумда генуяликлар охирги турдагина лигада қолиш вазифасини уддалашди ва бу мавсумда ҳам мақсад лигада қолиш эканини яширишмаяпти.
Умуман олганда, Мараннинг футболи бу ўйиндан роҳатланадиганларга унчалик хуш келмайди. Бу ерда ишлаш керак. Ҳужумчиларнинг вазифаси аниқ белгилаб қўйилган. Бир ҳужумчи очилаётган вақтда иккинчи ҳужумчи ёки унга бўш жой яратиб бераётган бўлиши ёки ҳимоячиларга босим ўтказиши керак бўлади. Позицион ҳужум вақтида тўққизлик ҳужумчи (катта эҳтимол билан Элдор) рақиб ҳимоячилари билан бир чизиқда ўйнаб, бўш жой қидиради, иккинчи ҳужумчи эса тўп оширишларда иштирок этади.
Lapresse/Tano Pecoraro/imagephotoagency.it
Шомуродов ҳар икки ҳолатда ҳам ўйнаб кета олади, аммо унга тўққизлик ҳужумчи сифатида эътибор қилишмоқда. У узоқ масофага амалга оширилган тўп узатишларига умид қилиши, ҳимоячиларга босим қилиши ва жуда-жуда кўп югуриши керак бўлади. Унинг самарадорлиги кроссларга ҳам боғлиқ: «Женоа»нинг ҳужумлари 81 фоиз ҳолатда қанотда ривожланади. Бу А Сериядаги энг юқори кўрсаткич.
«Женоа»да 8 нафар ҳужумчи бор, лекин чинакам рақобатчи битта. Шомуродовда имкон бўлади
Ҳозир «Женоа»да 8 нафар ҳужумчи бор. Рўйхатдагиларнинг ярми ижарада. Асосий таркибдаги икки ўрин учун қуйидаги футболчилар кураш олиш боради: Марко Пьяца, Маттиа Дестро, Горан Пандев, Жанлука Скамакка ва Элдор Шомуродов.
Номларга қаралса, «Ростов»нинг собиқ ҳужумчиси марказий фигура экани кўринади. Пьяца ва Дестро бир вақтлар порлаши кутилган собиқ юлдузлар, Скамакка футболга Пандев «Интер» билан ЕЧЛни ютган вақтда кириб келган – у 21 ёшда. «Сассуоло»дан ижарага олинган Скамакка фавқулодда ҳолатлардагина асосий таркибда тушиши мумкин. Горан Пандев – 37 ёшда. Элдор бу рўйхатда яққол ажралиб туради. У жамоадаги энг яхши ҳолатида бўлиб турган ва салоҳияти бор ягона ҳужумчи. Унинг атрофида жамоа қуриш мумкин.
Йўқ, лойиҳа деган сўздан ажабланманг, Маран бу ҳақда шундай деганди: «Президент ортиқ майдондаги воқеалардан қийналишни хоҳламайди. У биринчи мавсумда лигадан тушиб кетмасликни сўради, иккинчисида эса жамоа қуришни. У жамоанинг ўзига хос услуби бўлишини хоҳлайди. Менга индивидуал ёрқин ҳаракатлар бўлган ва Генуя менталитетини кўрсата оладиган жамоа керак».
«Женоа»нинг лигада қолиш имкониятлари ёмон эмас. Чунки Маран рақобатчи мураббийлар билан солиштирганда кучлироқ. У буни биринчи турда «Кротоне»ни 4:1 ҳисобида енгиб исботлади. Тўғри, кейинчалик 2-турда «Наполи»га 0:6 ҳисобида енгилди ҳам. «Женоа» А Серияда иккита ўйиндан кейин 11-ўринда бормоқда.
Элдорнинг устунлиги тактик ўйинда яхши қатнаша олиши билан чекланмайди. У Маранга кўп жиҳатдан мос келадиган ҳужумчи. Қуйида нега бундай эканини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Жанлука Скамакка Италия ёшлар жамоаси тўпурари. Қарийб икки метрли футболчи ўнг оёқда жуда кучли зарба йўллай олади. Уни ҳужум марказига қўйса, фақат «симёғоч» вазифасини бажариши мумкин. Бу эса «Женоа»га унчалик мос келмайди.
Lapresse/Tano Pecoraro/imagephotoagency.it
Маран ҳужумчиларига аниқ вазифа белгилаб қўйган. Улардан бири орқароққа қайтганда, иккинчи ҳужумчи офсайд линиясида очилиб, бўшлиқда вазият қидириши керак. Бу Скамакка учун унчалик мос келмайди. У қарши ҳужумга мослашган футболчи эмас. Чунки оғир вазнли бу футболчи тезлик билан олдинга ўтиши қийин. Пандев эса ҳужумда ҳаддан ташқари фаол бўлиш кексалик қилади.
Марко Пьяца – асосан қанотда ўйнайдиган вингер. У тўрт йил олдин яхши очилаётган ва келажакда монстрга айланиши кутилганди. Бироқ иккита жиддий жароҳат уни ҳаддан ташқари эҳтиёткор қилиб қўйди. У ҳатто «Женоа»да асосий таркибда эмас. У дарвозага тескари қараб ўйнаганда йўқолиб қолади, чунки бундай ўйинга ўрганмаган. Шу сабабли асосий таркибда тушмайди. У Пандевнинг ўринбосари, лекин тўққизлик учун фақатгина учинчи вариант.
Шомуродовнинг асосий рақобатчиси 29 ёшли Маттиа Дестро. Италия миллий жамоасида 8та ўйинда майдонга тушган Вьерининг собиқ издоши ҳақида 6 йил аввал журналист Даниэле Манусия айтиш мумкин бўлган барча гапни айтган: «Дестро Вьеридан кейинги энг яхши италиялик ҳужумчи бўлиши мумкин. У кейинги 10 йилликда дунёда ҳам тенгсиз бўлиши мумкин. Лекин у дарвоза олдида «ётиб олиб», ўйиндан кейин кийиниш хонасида нечта гол урганини мақтанадиган йигитга ўхшайди».
Дестро Шомуродовчалик чаққон эмас, бўйи ҳам ундан пастроқ. Аммо у жарима майдончасида жуда яхши ўйнайди ва Пандевни зўр тушунади. Синиша Михайлович Дестро ҳар сафар яхши формага чиққанда жароҳат олишини айтганди. У ҳатто гол нишонлаётиб ҳам жароҳат олган. Элдор мавсум давомида «Женоа»да ягона соғлом тўққизлик ҳужумчи бўлиб қолиши ҳам мумкин.
РИА Новости/Сергей Пивоваров
Дарвоқе...
Роландо Маран А Серияда 8 йилдан буён ишлаётган бўлса, фақат икки марта унинг ҳужумчилари 12тадан кўп гол урган. Биринчиси Гонсало Берхессио. У асло бир жойда турмайдиган ва тез-тез бўшлиқда ёлғиз қолиб кетадиган ҳужумчи эди. Иккинчиси Леонардо Паволетти. Тўғриси, у бош билан ўйнашдан бошқа ҳеч нарсани билмасди, аммо бу ишни жуда яхши уддаларди.
Шомуродов Маран ёқтирадиган икки хил образни бирлаштиради: ҳаракатчан, тезкор, бўйи баланд, бўшлиқда яхши ўйнай олади ва иккинчи қаватда хавфли. У «Женоа» учун идеал ҳужумчи. Шомуродовда албатта, имконият бўлади. Қолгани унинг А Серияга мослашиши ва имкониятлардан фойдаланишига боғлиқ. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас