10:17 / 24.10.2020
3 045

Шомуродовни “Интер” юлдузлари синовдан ўтказади!

Шомуродовни “Интер” юлдузлари синовдан ўтказади!
Италия А Сериячининг бешинчи турида ўзбекистонлик футбол мухлисларини жуда қизиқарли учрашув кутиб турибди.
Элдор Шомуродов жамоаси муҳим учрашувда Италия футболи грандларидан бири “Интер”ни ўз майдонида қабул қилади.

Айни пайтда аксарият мутахассислар ва мухлислар юлдузли таркибга эга бўлган миланликларнинг имкониятини юқори баҳоламоқда. Биз ҳам бунга қўшилган ҳолда, футбол кутилмаган натижаларга бой эканини ҳам унутмаслигимиз керак. Қоларвеса, ҳар икки жамоанинг бу мавсумда қайд этаётган кўрсаткичлари ҳам ўйинда хато ва камчиликлар етарли эканини кўрсатмоқда. Буёғига ким бундан унумли фойдаланиб қолишига боғлиқ.

Коронавирус пандемияси туфайли А Серияда энг кам – учта ўйинда майдонга тушган генуяликлар биттадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этиб, тўрт очкога эга бўлди.

Чемпионлик учун курашаётган “Интер” эса дастлабки икки турда умумий ҳисобида 9 та гол билан сермаҳсул ғалабаларни нишонлаган бўлса-да, кейин кетма-кет икки ўйинда жами тўрт очко йўқотди. Антонио Конте шогирдлари Римда “Лацио” билан дурангга эришган бўлса, Милан дербисида азалий рақибга имкониятни бой берди – 1:2. Златан Иброҳимович ўз дубли билан “Интер” тиз чўктирди.

Бугунгича бўлган ўйинлар статистикаси ҳам миланликларнинг устунлигини кўрсатмоқда. Жамоалар А Серия ва кубок ўйинларидан жами 124 маротаба ўзаро тўқнаш келган. Генуяликлар шулардан 27 тасида ғалаба қозонган, 31 марта дуранг ўйнаган ва 66 та маротаба мағлуб бўлган. “Женоа”нинг “Интер” билан ўйинлардаги ижобий натижаларининг барчаси А Серияга тўғри келади.

Мамлакат кубоги беллашувларида эса, саккизта учрашувнинг бари миланликлар муваффақияти билан якун топган.

Биз учун эътиборлиси, бугунги баҳсда ҳужумчимиз Элдор Шомуродовни яна бошланғич таркибда кутиб қоламиз. Ўтган турда Веронадаги учрашувда дебютини нишонлаган ҳамюртимиз баҳс давомида айрим камчиликларга йўл қўйган бўлса-да, умумий олиб қараганда, муносиб ўйин кўрсатди. Бизнингча, асосий таркибнинг ҳеч бир фубтолчисидан кам ўйнамади.

Қолаверса, “Женоа” клуби коронавирус оқибатида кадрлар билан боғлиқ муаммодан ҳали тўла қутилгани йўқ. Бундан ташқари, ҳар қандай жамоа катта суммага олинган ва клубда кўпчиликдан кўп маош оладиган футболчини захирада олиб ўтирмасдан, унинг хизматидан кўпроқ фойдалинишга ҳаракат қилиши мантиқан тўғри эканига таяниб, биз Элдорни яна асосий таркибда кўришимизга ишониб қолаверамиз.

Ўйин олдидан генуяликларда кичик бўлса-да, ижобий натижага умид бор. Биринчидан, мезбонлар халқаро ўйинларда иштирок этмагани боис кўпроқ дам олди ва табиийки аввалги турдан кейин тўлиқ тикланишга улгурди. Иккинчидан, мутахассислар ушбу учрашувда миланликлар асосий ўйинчиларнинг аксарияти майдонга туширмаслигини таъкидламоқда. Чунки уч кундан кейин “Интер” Чемпионлар лигасида Мадридда “Реал”ни мағлуб эта олган “Шахтёр” меҳмони бўлади. Бу мусобақанинг биринчи ўз уйида “Боруссия М”ни енголмаган (2:2) миланликлар учун Украинадаги ўйин Генуядагидан муҳимроқ ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, бугунги ўйин қандай ҳисоб билан якунланишидан қатъи назар, футбол мухлисларини кескин ва қизғин курашларга бой беллашув кутмоқда. Биз эса, Шомуродовдан ишончли ўйин ва тарихий биринчи голини кутиб қоламиз!

"Женоа" - "Интер" учрашуви Тошкент вақти билан 21:00да бошланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовни “Интер” юлдузлари синовдан ўтказади!