19:01 / 27.11.2020
2 945

"Пахтакор" яна "Насаф" футболчиларини "нишонга" оладими?

"Пахтакор" яна "Насаф" футболчиларини "нишонга" оладими?
“Насаф” – “Пахтакор” ўртасидаги ўйин 24-турнинг безагига айланди. Тан олайлик, қаршиликларнинг чемпион жамоа дарвозасига жавобсиз учта тўп киритишини ҳеч ким кутмаганди. Лекин ушбу мавсумда “Пахтакор”дан сўнг, чиндан ҳам “Насаф”нинг ўйинлари олқишларга сазовор бўлиб келяпти.

Сарлавҳа дарҳол эътиборингизни тортганига аминмиз. Келинг, уч йил орқага қайтайлик, 2017 йилнинг 19 ноябрь куни Қаршида Шота Арвеладзенинг “Пахтакор”и “Насаф” томонидан 4:0 ҳисобида тор-мор этилганини яхши эслаймиз. Ўша мағлубият грузиялик мураббий учун жиддий зарба бўлганди. Кейин нима қилди?

Бирма-бир “Насаф”нинг етакчиларини ўз сафига оғдира бошлади. Акмал Шораҳмедов, Элдор Суюнов, Одил Ҳамробеков, Баҳром Абдураҳимов, Фарруҳ Сайфиев, Санжар Қувватов, Шерзод Аъзамов, Драган Черан сингари тажрибали ўйинчилар ҳисобига “Пахтакор” таркибини анча бойитиб олди. Клубнинг ҳозирги муваффақиятларида собиқ “насаф”чиларнинг қўшаётган ҳиссаларини барча кўриб турибди.

Ўша пайтда кўпчилик “Насаф”ни “синди”, деб ҳисоблашганди-а? Лекин у ерда академия билан Рўзиқул Бердиев бор экан, анча-мунчага “синиши” қийин. “Пахтакор” қаршиликларнинг етакчиларини олиб кетганидан кейин “Насаф” яна маҳаллий ёшларига бор эътиборини қарата бошлади. Натижада ўзбек футболига янгидан-янги иқтидорлар кашф этилиб келмоқда.

Тўғри, ўша 4:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг, ўзаро учрашувларда асосан “Пахтакор”нинг қўли баланд келаётганди. Бердиев эса мана шундай ўйинлар орқали ёш шогирдларини “пишитиб” келди ва оқибатда бу сафарги тўқнашувда “аждарлар” яна катта саҳнага чиқди. Яна бир бор “Насаф”даги жайдари йигитлар Арвеладзе ва “Пахтакор”га ўз кучларини кўрсатиб қўйдилар.

Эътибор беряпсизми, яна ўша уч йил олдинги ҳолат такрорланаётгандек, гўё! Кечаги учрашувдан сўнг, Шота Арвеладзе “Насаф” футболчиларининг ўйини ёққанини айтиб ўтди. Балки бу бежиз эмасдир. Бу эса Бердиевни ўйлантириб қўйди. Чунки ким кафолат беради, “Пахтакор”ни яна “Насаф” футболчиларини “илиб” кетмаслигига?!

Яширишнинг кераги йўқ, охирги пайтларда қаршиликларнинг бир қанча футболчиларига яхши таклифлар бўлаётганлиги хусусида эшитиб турибмиз. Қизиқ, “Пахтакор” яна “Насаф” футболчиларини “нишон”га олдимикин? Лекин бу сафар энди “аждарлар” ҳам жим қараб турмаса керак-а?! Уч йил олдин етакчиларини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқа олмаганди ва бу Рўзиқул Бердиевга яхшигина дарс бўлганди.

Мураббий эса ўтган вақт давомида йўқотишларга қарамай, ўзининг маҳаллий кадрларидан яна ажойиб жамоани туза олди. Бу йил иккинчи ўринда бораётгани бежиз эмас, албатта. Шундай экан, унинг шогирдларига таклифлар бўлиши аниқ. Лекин “Пахтакор”нинг бу борада позицияси қандай бўлиши кўпчиликни қизиқтирмоқда. Балки кўп масала Арвеладзенинг клубда қолиш ёки қолмаслиги билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Аммо шуниси аниқки, бундай истеъдод эгалари Бердиевнинг ўзига ҳам керак. Ушбу вазият билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Пахтакор" яна "Насаф" футболчиларини "нишонга" оладими?