21:12 / 07.12.2020
3 101

Бугунги муҳим ўйинда “Женоа” Шомуродовга таянади, рақиб эса Риберига

Бугунги муҳим ўйинда “Женоа” Шомуродовга таянади, рақиб эса Риберига
Италия А Сериясининг 10-туридан ўрин олган охирги учрашувда чемпионат аутсайдерлари “Фиорентина” ва “Женоа” ўзаро куч синашади.

Тўққиз тур якунига кўра, бўлажак учрашув мезбони ҳисобланган “Фиорентина” саккиз очко билан 17-поғонани эгаллаб турибди. Чезаре Пранделли шогирдлари сўнгги тўртта турда фақат бир очкони қўлга киритди. Флоренцияликлар бу учрашувларда рақиб дарвозасини бирор маротаба ишғол қила олмади.

“Женоа” ҳам охирги тўртта ўйиннинг барини рақибларга бой берди. Лекин генуяликлар бу галги рақобатчидан фарқли равишда тўртта учрашувдан учтасида рақиб дарвозасига тўп кирита олди. Жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланаётган бўлса-да, Роландо Маран шогирдлари кетма-кет ютқазмоқда ва қимматли очколар рақибларга насиб қиляпти. Кейинги пайтда бош мураббийнинг курсиси қимирлаб қолгани ҳақида ҳам хабарлар чиқа бошлашди.

Таркиб борасида “Фиорентина” анчагина кучли эканини таъкидлаш лозим. Флоренцияликлар ҳимоясида Кристиано Бираги, Никола Миленкович сингари катта клублар нишонида турган футболчилар етакчилик қилмоқда. Майдон марказида Франк Ребери, Жакомо Бонавентура, Борха Валеро, Софьян Амрабат каби машҳур ярим ҳимоячилар тўп тепади.

Ёзги трансферлар мавсумида Элдор Шомуродовга харидор бўлган “Фиорентина” ҳужумида катта жамоалар мактабини кўрган тажриба форвардлар Хосе Кальехон ва Патрик Кутроне билан бирга сербиялик Душан Влахович ва ивуарлик Кристиан Куаме каби легионерлар ўйнаяпти.

“Женоа”да кадрлар муаммоаси кўзга ташланмоқда. Асосий дарвозабон Маттиа Перин, етакчи ҳимоячилар Доменико Кришито, Давиде Бираски, Давиде Дзаппакоста, моҳир ярим ҳимоячилар Филиппо Мелегони, Франческо Кассата жароҳати боис майдонга туша олмайди. Сербиялик Иван Лакисевич ва даниялик Лассе Шёне дисквалификация қилинган.

Мутахассислар “Фиорентина” ва “Женоа” баҳсида мезбонларнинг устунлигини айтаётган бўлса-да, бу учрашув натижасини олдиндан тахмин қилиб бўлмайди. Чунки ҳар икки жамоа ҳам ҳали ўз ўйинини топиб улгургани йўқ.

Флоренцияликларнинг асосий устунлиги таркибда кўпни кўрган тажрибали футболчиларнинг борлиги билан изоҳланмоқда. Қолаверса, кетма-кет тўртта учрашувда очко йўқотган жамоа ўз уйида аутсайдерлардан бирига қарши ўйинда бу нохуш серияни тўхтатиши кераклиги уларга қўшимча мотивация бериши лозим.

Мутахассисларнинг фикрича, “Женоа” таркиб муаммосига дуч келган айни вазиятда генуяликларнинг асосий таянчи Элдор Шомуродов ва Жанлука Скамакка ҳисобланади. Генуяликлар таркибига ёзги трансферлар вақтида бирга келган ҳар икки ҳужумчи бугунги кунда асосий таркибга кира олди.


Италия ёшлар терма жамоаси тўпурари Скамаккага итальян футболига мослашиш учун вақт сарфлагани йўқ. Элдор Шомуродов эса жамоа юлдузи Горан Пандев билан рақобатда устунлигини кўрсата олди ва “Женоа”нинг охирги икки ўйинидан буён бошланғич таркибдан жой олмоқда.

А Сериядаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган жамоалар ўртасидаги баҳс кескин ва муросасиз ўтиши кутилмоқда. Учрашув Тошкент вақти билан 7 декабрдан 8 декабрга ўтар кечаси 00:45да бошланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бугунги муҳим ўйинда “Женоа” Шомуродовга таянади, рақиб эса Риберига