13:06 / 03.01.2021
2 870

Шомуродовга янги имконият туғилди...

Шомуродовга янги имконият туғилди...
Бугун Италия А Сериясининг янги йилдаги илк учрашувлари ўтказилади. Янги бош мураббий Давиде Баллардини қўл остидаги “Женоа” ўз майдонида мамлакатнинг етакчи клубларидан бўлган “Лацио”ни қабул қилади.

Сир эмаски, ушбу учрашув олдидан мутахассислар римликларнинг ғалабасига ишонч билдирмоқда. Бунга сабаблар етарли, албатта. “Лацио” ҳозир генуяликлар жамоасидан ҳар томонлама устунлигини ҳамма билади.

Жорий мавсумда “Женоа” ўз ўйинини топа олмаётган ва лигада қолиш учун курашаётган бир пайтда, “Лацио” саккизинчи ўринда бормоқда. Римликлар 14 та ўйиндан олтитасида зафар қучган ва уч маротаба дуранг ўйнаган. Шунга қарамай, “Лацио”нинг бу натижалари уларнинг имкониятидан анча паст баҳоланмоқда. Чунки Симоне Индзаги шогирдлари асосий эътиборини Европа Чемпионлар лигасига қаратди ва бу турнирнинг гуруҳ босқич беллашувларини муваффақиятли якунлаб, плей-оффга йўлланма олди.

“Женоа” ва “Лацио” жамоаларининг ўзаро ўйинлари статистикаси ҳам меҳмонларнинг қудратлироқ эканидан далолат бермоқда. Уларнинг охирги 11 та учрашувида генуяликлар римликларни фақат икки марта таслим қилган ва икки маротаба дуранг қайд эта олган холос. “Лацио” ўзаро баҳслардаги ғалабалари сонини еттитадан саккизтага етказиб қўйиши кутилмоқда.

Ўзбек футбол мухлислари учун энг долзарб масала – Элдор Шомуродовнинг ўйинга тушиш имконияти қандай эканидир. Давиде Баллардини бугунги ўйин учун эълон қилинган қайдномага тўртта ҳужумчини киритди. Булар – Маттиа Дестро, Марко Пьяца, Жанлука Скамакка ва Элдор Шомуродов.

Ўтган ўйинда Шомуродовнинг ўрнига ўйнаган Баллардинининг хос шогирди Горан Пандев бугун майдонга тушмайди. Шундай бўлса-да, мутахассислар бош мураббий бу ўйинда ҳам ўзбек футболчисини асосий таркибга киритмаслигини тахмин қилмоқда.

Шу ўринда, Элдорнинг ўйин услуби “Лацио”га қарши баҳсда қўл келиши мумкинлигини изоҳлаётган мутахассислар ҳам йўқ эмас. Римликлар мезбонлардан ҳар томонлама кучли бўлганига қарамай, А Серияда барқарор ўйин кўрсата олмаётгани генуяликларда имконият борлигини англатади. “Лацио” кейинги олтита учрашувда ўнта гол ўтказди. Жамоанинг таянч зона ва ҳимоядаги заифлигидан “Женоа” ҳужумчилари фойдаланиши шарт.

Таҳлилларга қараганда, “Лацио” юқоридан келадиган тўплар учун курашда ғолиб чиқиш бўйича А Серия жамоалари ўртасида 11-поғонада қайд этилган. Бу паст кўрсаткич. Шомуродовнинг юқоридан келадиган тўпларни эгаллаш ва “иккинчи қават”даги яккакурашлардаги устунлиги унга гол уриш имконини бериши айтилмоқда.

Мураккаб томони шундаки, “Лацио” аксарият учрашувларда учта марказий ҳимоячи билан ўйнайди ва ҳимояга эътибор қаратади. Патрис ва Раду каби ҳимоячиларнинг тезлиги анча баланд. Элдорнинг асосий устунликларидан бири ҳисобланган тезлик “Лацио”га қарши ўйинда иш бермаслиги мумкин.

Бу омилни ҳисобга олган экспретлар, Давиде Баллардини агар Элдорни ўйнатишга қарор қилган бўлса, уни захирадан майдонга тушириши мумкинлигини таъкидламоқда. Чунки, Шомуродов ўз тезлиги эвазига ўйин давомида куч йўқотган рақиб ҳимоячиларидан қочиб кетиш имконига эга бўлади.

Нима бўлган тақдирда ҳам, таркибни бош мураббий танлайди. Баллардинининг ҳам Шомуродов бўйича ўз режаси борлиги аниқ. Фақат бу режа қандайлигини ҳеч ким билмайди. Вақт ўтган сари ундан воқиф бўлиб бораверамиз. Балки бош мураббий Пандевнинг йўқлигидан фойдаланиб, айнан бугун Элдорга имкон берар...

Ҳаммамиз кутаётган учрашув бугун Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовга янги имконият туғилди...