2 843
"Авваллари Корея, Эрон биздан қўрқиб турарди. Ҳозир Сурия билан ўйинларда ҳам қийналяпмиз"
Ўтган мавсум бронза медалларига эга чиқиб ўзига хос кичик тарих яратган АГМК жамоаси ўз қароргохида янги мавсумга қизғин ҳозирлик олиб бормоқда. ОЧЛда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиши кутилаётган олмалиқликлар таркибини ўзагини сақлаб қолган ҳолда яна бир нечта ижрочиларни ўз сафига қўшиб оляпти. Масъулиятли учрашувлар олдидан ушбу ҳолатни табиий қабул қилишимиз мумкин. Боиси халқро миқёсдаги ўйинларда тажриба барибир ўз сўзини айтади. АГМК жамоасида эса бундай футболчилар кўпчиликни ташкил қилади.
Шундайлардан бири сифатида Санжар Турсуновни кўрсата оламиз. Фаолияти давомида Россия, Украина, Қатар ва Корея клубларида тўп тепган ярим ҳимоячидаги бой тажриба "кончилар"га фойда келтириши шубҳасиз. Шунинг учун ҳам клуб Турсунов билан шартномани узайтирди. Яқинда футболчи билан интервью ташкил қилиш асносида ўзимизни қизиқтираётган саволларга ҳам жавоб олдик.
- Аввало 2020 йилнинг "энг чиройли голи" мукофоти билан табриклаймиз. Ўзбекистон чемпионатида кетма кет иккинчи йил бронза медалларига эга чиқдингиз, 2019 йил "Бунёдкор" билан, 2020 йил АГМК билан. Сизнингча қайси бири машаққатли кечди ва қайси бронза медал қадрлироқ?
- Табрик учун раҳмат. 2020 йил АГМК жамоаси билан бронза медалларни қўлга киритиш ростини айтсам қийинроқ кечди. Мавсумни ёмон бошламадик. Лекин кутилмаганда пандемия бошланди, карантин эълон қилинди. Натижада кўп тўхталишлар юзага келди. Иккинчи ўринда кетаётгандик, йўқотилган очколар сабаб бир поғона пастладик. Учинчи ўринни сақлаб қолиш учун астойдил курашдик. Тўғри четдан қараганда осон туюлиши мумкин. Қайси томондан қийиналдик, оралиқдаги танаффуслар сабаб бронзани ўзимизники қилиш бироз мураккаб бўлди. Мен ҳар доим жамоавий совринни биринчи ўринга қўяман. Шахсий мукофотлар эса кейинги поғонада туради.
- Нима учундир, биринчи ва иккинчи даврадаги АГМКнинг ўртасида катта фарқ кўзга ташланди...
- Биласиз, мавсум бир йил давом этади. Йил мобайнида ҳар бир жамоада турлича вазиятлар рўй беради. АГМКга кетма-кет тўртта ўйинда қийин рақиблар рўбарў келди. "Насаф", "Қўқон-1912" жамоалари билан сафарда ўйнадик. Агарда турнир жадвалидаги пастки ўринлардаги жамоаларга ҳам мағлубиятга учраганимизда учинчи ўринни олишимиз ҳам қийинлашарди. Энг муҳими вазифани бажардик, натижа қила олдик.
- Одатда сизни хорижда клубларида легионер сифатида кўришга одатланганмиз. Сўнгги йилларда эса Ўзбекистон чемпионатида тўп тепяпсиз...
- Ўзбекистондаги исталган футболчи легионерга айланишни истайди. Тўғрисини айтсам бир нечта вариантлар бор эди. Айрим таклифларни кутишга тўғри келарди, яна баъзилари ўзимга ва оиламга маъқул тушмасди. Хорижда 16 йил тўп тепдим, шу боис оилам, яқинларим олдида, ўз ватанимда фаолиятимни давом эттиришга қарор қилдим. Айни пайтда бор эътиборим янги мавсумни кўнгилдагидек ўтказишга қаратилган.
- Миржалол Қосимовнинг соврин ютишга чанқоқлиги, ғолиблик руҳини сингдиргани ҳам АГМКнинг муваффақиятларида рол ўйнадими?
- Албатта, учинчи ўринни қўлга киритганимизда Миржалол Қосимов ҳам муҳим рол ўйнади. Сир эмаски мураббий футболда, жамоада катта ҳажмдаги ишни амалга оширади. Миржалол ака ёшлик пайтлариданоқ турли совринларни ютишни бошлаганлар, футболчилик фаолиятларида ҳам диққатга арзигулик муваффақиятларга эришганлар. Буни мураббий сифатида ҳам давом эттирмоқдалар. Улар ҳар доим энг энг юқори мақсадларни қўядилар.
- Ўтган икки йил давомида "Пахтакор" гегемонликни ҳеч кимга бергани йўқ. Нима деб ўйлайсиз фақат бир жамоани кучайиши, чемпионлик учун рақобатнинг йўқлиги чемпионатимизга салбий таъсир қиляптими?
- "Пахтакор" таркибида Ўзбекистоннинг энг яхши ижрочилари жамланган. Бир томондан олиб қаралганда таъсир қиляпти дейишимиз мумкин. Чунки, қайси чемпионатда рақобат кучли бўлса футболчининг даражаси ҳам, ўша мамлакат футбол лигасининг савияси ҳам ошади. Истардимки, қолган клублар "Пахтакор" бўладими ёки АГМК бўладими ҳамма жамоаларга жиддий рақобат туғдира олса чемпионатимиз ўсишга эришади.
- АГМК жамоаси жорий мавсумда ОЧЛда ўйнайди, рақиблар эса Ироқ ва Қатар клублари. Қизиқ ҳолат жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олмаган тақдирда ОФК кубогида иштирок этади...
- Битта ўйинга боғлиқ мусобақалар доим қизиқ ўтади. Бунда кучли ёки кучсиз жамоага ажратилмайди. Чунки ғолиб битта учрашувда аниқланади. ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишга ишонамиз ва шунга монанд равишда ҳаракат қиламиз. Майдонда ғалаба учун курашамиз.
- Ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп тепгансиз, ҳозирги кунда ҳам бефарқ эмаслигингиз табиий. Аввалгига нисбатан ҳозирда терма жамоамизга мухлислар томонидан эътирозлар, танқидлар кўпайганини нима билан изоҳлаш мумкин? Натижалар қониқарсиз кўриниш олгани биланми, мавқеимизни пастлагани биланми? Ҳар ҳолда авваллари ўша Корея, Эрон термалари биздан бироз қўрқиб турарди, ҳозирда эса Сурия ҳам бизни мағлубиятга учрата оляпти..
- Тўғри айтдингиз, олдин Корея, Эрон бизга қарши майдонга тушгач бироз ҳайиқиб турарди. Ҳозирда Сурия каби терма жамоалар билан қийналмоқдамиз. Танқидни ҳам тўғри йўллаш керак деб ўйлайман. Бундай гаплар ҳар доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Эътирозлар кўпайгани рост. Тўғри танқидни ҳамма тўғри қабул қилади.
- ЖЧ 2014 га чиқишимиз учун битта гол етишмади, ЖЧ2018га чиқишимиз учун бир очко. Айнан шу ҳал қилувчи босқичга етиб келганда айнан нима хато кетяпти? 2022 йилги Жаҳон чемпионатига чиқишимиз учун қайси хато устида ишлаш керак? Фикрингиз қизиқ...
- Бир очко, битта гол эмас кўп нарса етишмайди. Футболда майда камчилик бўлмайди. Масалан, Ўзбекистон Суперлигаси Жанубий Кореянинг К2 лигасининг даражасига етиб олиши учун ҳали анча бор. Бир нарсани тушунтириб ўтаман, икки йил олдин К2 лигасида "Теджон Ситизен" жамоасида ўйнаганимда ВАРдан фойдаланишни йўлга қўйишганди. Ҳамма тушунди деб ўйлайман. Олдинга интилишда давом этишимиз даркор.
- Ўзбекистонлик футболчиларга Россиянинг турли жамоаларидан таклифлар келиб тушаётгани ҳақида ҳар хил манбалардан эшитмоқдамиз. Кўпчиликка маълум ўз вақтида Россиянинг "Иртыш-1946", "Волга", "Алания", "Газовик" клублари шарафини ҳимоя қилгансиз, бу борада кўникма ва тасаввурга эгасиз. Демак маслаҳат ва тавсия беришга ҳақли футболчисиз...
- Менинг фикримча футболчиларнинг хорижга кетгани яхши. Ўзбек футболига кейинчалик зарур бўладиган тажриба орттириш имконияти юзага келади. Футболга қараши ўзгаради.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи