23:30 / 09.04.2021
2 967

"Машъал" дарвозасига урилган гол бўйича Мўмин Мелиевга эътирозлар билдириляпти ёхуд "менда нима айб?!"

"Машъал" дарвозасига урилган гол бўйича Мўмин Мелиевга эътирозлар билдириляпти ёхуд "менда нима айб?!"
Фото: sports.uz
Энди “Машъал” – “Қўқон-1912” ўртасидаги ўйин ҳамманинг диққат-марказига тушди, киритилган биринчи гол туфайли. Шу боис Мўмин Мелиев антиқаҳрамонми ёки...Янада қизиғи, у бир неча йил “Машъал”да тўп сургач, бу йил қўқонликлар сафига қўшилганди.

Айнан у биринчи гол муаллифи бўлди. Аммо қандай гол урди? Такрорий вазият шуни кўрсатдики, тўп дарвозанинг ташқи сеткасидан кириб кетган. Хўш, бу вазиятда айб кимда? Футболчидами? Кечирасиз, бу ерда айб Мелиевда эмас! У ўз ишини қилди, голни ҳакамлар ҳисобга олди. Демак, барча масъулият уларнинг зиммасида. Лекин Мўмин “Машъал”нинг собиқ ўйинчиси бўлгани сабабли унга ҳам турли эътирозлар билдириляпти. Учрашувдан кейин ушбу футболчи вазият бўйича sports.uz мухбирига ўз фикрларини билдирди.

- Кўпчилик менга нотўғри фикрлар билдиряпти, - дея гап бошлади, Мўмин. - Телеграмга кирсам, ҳамма менга, сен шу ерни нонини егансан ва ҳоказо дейишяпти. Мени “Машъал”да ҳайдовчисидан тортиб раҳбаригача ҳурматим баланд. Ахир у ерда шунча йил тўп сурганман. Одамларнинг гапига қулоқ солмаганимнинг сабаби шуки, тепган тўпим дарвозанинг ташқи томонидан кириб кетганини телевизорда такрорий эфирда қайта-қайта кўришди. Лекин мен ўша вазиятда зарба бердим, тўп дарвоза ичига кириб кетди, қанот ҳакамига қарасам, у марказ томон югуриб кетди. Шунда мен ҳам гол деб ўйладим. Ахир қайси футболчи гол эмас деб ўйлайди?

Айтайлик, жарима майдони ичида тўпни қўлим билан ушлаб дарвозага отиб юборсам-у, ҳакам буни ҳисобга олса, шунда унга қўлим билан урдим, деган бўлардим. Ўша ҳолатда тепдим ва гол деб ўйладим. Бу ҳам омад ва Худодан. Ким қандай фикрдалигини ўзлари билишади. “Машъал”дагилардан узр сўрашим мумкин. Аммо улар голни нишонладинг дейишди. Мен эса 100 фоиз гол деб ўйладим. Кейин видеосида тўп ташқи томондан кириб кетгани кўриняпти. Бунгача ҳам ўйин пайтда ҳамма берилган зарбалар ташқи томонга тепилса, албатта сеткага тегиб қайтган. Лекин менинг зарбам гол бўлди.

Энди ўзингиз ўйланг, бундай пайтда қайси ўйинчи гол деб ўйламайди? Ахир айтяпман-ку, дарҳол қанот ҳакамига қарадим, у марказга қараб югуриб кетди ва мен ҳам гол деб ўйладим. Мен зарба бераётган маҳалда дарвозабон яқин бурчакда турганди. Албатта, зарбадан кейин иккиландим. Аммо ҳеч қанақасига тўп дарвоза тўридан ўтиб кетмайди-ку. Қарасам, тўп дарвоза ичида эди ва омадли гол деб ҳисобладим. Қанот ҳакамининг ҳаракатини кўргач, бу гол экан деб янада ишонч ҳосил қилдим. Тўғри, учрашувдан кейин гол бўлган вазиятни ҳар томонлама кўрсатишяпти. Аммо у пайтда менинг ҳам айбим эмас-да! Айбим гол урганим ёки дарвоза томон тепганимми?

- Голни такрор кўрганингиздан кейин қандай хулосага келдингиз?
- Ҳамма ўшанда гол бўлмади, деб айтсанг бўларди дейишяпти. Ҳаттоки, видеода кўриб ҳам ишонмаяпман. Ахир қандай қилиб ташқи томондан кириб кетиши мумкин? Бу ҳам омад-да! Сен ҳеч кимдан узр сўрамадинг ҳам дейишди. Албатта, ўшанда тўп дарвоза ичида бўлгач, гол деб ҳисоблайман-да!

- Ростдан фэйр-плейга амал қилинмагани ҳақида ҳам гап-сўзлар бўляпти...
- Боя сизга айтдим-ку, агар қўлим билан гол урсам, шунда ҳакамга айтсам бўларди. Мен дарвозага тепдим, тўп уни ичига кириб кетди, гол-да. Менда қанақа айб? Профессионалман, ўз жамоамга нисбатан ҳурматим бор. Биласизми, ҳаммаси бир сониядаёқ юз берди.

- Бу ҳакамнинг хатосими? Нимагаки, сизда айб йўқ, чунки ўз ишингизни қилдингиз ва дарвозага зарба йўлладингиз. Аммо голни инобатга олиш ёки олмаслик ҳакамларга боғлиқ эди...
- Билмадим. Мен ўшанда қанот ҳакамидан ҳам яқинроқ эдим. Агар ўзим ҳам тўп дарвозанинг ташқи томонидан кириб кетганини билганимда ҳакамга айтган бўлардим. Ҳозир айтганимдек, барчаси бир сонияда бўляпти. Бунақаси фаолиятимда ҳали бўлмаган. Мухлислар қандай фикрдалигини билмадим-у, аммо доим уларни ҳурмат қилиб келганман. Ким гол урса, хурсанд бўлмайди? Сиз ҳам гол урсангиз нишонлайсиз.

Мен гол ургач, футболкамни ечиб, стадионни айландимми? Ёки бақир-чақир қилдимми? Мураббийимиз бетоб эди, уни хурсанд қилиш мақсадида голдан кейин ҳаммамиз унинг ёнига бордик. Масалан, ўша вазиятни VAR бўлганида такроран кўришсин эди. Яна қайтараман, бу мени айбим эмас. Мен гол деб ўйладим. Ёлғондан гол деб ҳисобламадим, менга ростдан чинакам голдек кўринди.

- “Қўқон-1912”га “Машъал”дан ўтдингиз. Шу боис собиқ клубингизга гол ураман, деган ниятингиз каттамиди?
- Тўғриси, ҳаммага ҳам ўйнаб кетган жамоасига қарши тўп суриши қийинроқ бўлади. Менинг қандай ўйнашимни “Машъал”дагилар яхши билади. Мен ҳам уларни биламан. Муборакда ҳар доим тўп суриш қийин бўлган. “Машъал” ҳам совға жамоа эмас. “Пахтакор” ҳам бу ердан осонгина ютиб кетмаган. Мен ҳам доим ўзимга яраша тайёрланаман. “Машъал”дан кетган бўлсам, қўқонлик мухлислар бор ва уларни хурсанд қилишни хоҳлайман. Жамоамга фойдам тегишини ва гол уришни истайман.

Ишонсангиз, телеграмим хабарларга тўлиб кетди. Сен шундай гол урдинг, нега ишонладинг, қабилидаги саволларни ёзишяпти. Кўрган бўлсангиз, ўйин пайтида мураббийлар беш дақиқача гаплашиб қолишди. Мухлислар эса гол эмас деб бақиришяпти. Аммо ўшанда вазиятни камера орқали такрор кўрсатишганида ва гол ташқаридан урилганини билганимда буни тан олардим.

- Ғалабадан кейин одатда ҳаммада хурсандчилик бўлади. Лекин ўзингиз айтганингиздек, сизга эътирозлар келиб тушяпти. Шундай экан, бу ғалаба қанчалик татияпти? Кайфиятингизга таъсир кўрсатяптими?
- Бугунги ўйиндан кўнглим тўлгани йўқ. Бундан ҳам яхшироқ ўйнай оламан. Кайфиятим ҳам яхши эмас. Ҳа, жамоам ютди, ўзига яраша хурсандчилик бор. Биз мухлисларнинг ҳақоратларини эшитиш учун майдонга чиқмаймиз. Биз ҳам катта мақсадларни, жаҳон чемпионатларига чиқишни хоҳлаймиз. Ҳеч қайси футболчи майдонга шунчаки юриш учун чиқмайди. Ҳамманинг ўз мақсади бўлади. Айниқса, гол ураман, жамоамга фойда келтираман, деган нияти бўлади. Агар ўша вазиятда Худо хоҳламаганида тўп майдон ташқарисига чиқиб кетиши мумкин эди, лекин бундай бўлмади ва дарвоза ичига кириб кетди. Бу ҳам тақдир.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Машъал" дарвозасига урилган гол бўйича Мўмин Мелиевга эътирозлар билдириляпти ёхуд "менда нима айб?!"