09:19 / 29.04.2021
2 327

Футболимиз учун аянчли ҳолат...


Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида иштирок этган “Пахтакор” ҳамда АГМК клубларидан умидимиз катта эди. Афсуски, иккала жамоамиз ҳам муддатидан аввал гуруҳда қолиб кетишди.
Масалан, Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ҳисобланган “Пахтакор” ишончни оқлай олмади. Ғалабасиз ўйинлари туфайли гуруҳдан нарига ўта олмади. Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев клубларимизнинг ОЧЛдаги омадсиз иштироки ҳақида муносабат билдирди.

“Пахтакор”нинг иштироки ҳақида
- Бизнинг футболимиз учун “Пахтакор”нинг гуруҳда қолиб кетишини аянчли ҳолат деб баҳолаган бўлардим. Умумий оладиган бўлсак, биринчи учрашувда “Пахтакор” ёмон бошламаганди. Лекин Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов ва яна бошқа етакчилари, шунингдек, бир неча йиллар давомида жамоани ички чемпионатда гегемонга айлантирган мураббийнинг кетиши ҳам клубга таъсир ўтказмай қолмади. Лекин яна бир томондан қарасак, ўзимизнинг маҳаллий ёшларимизни мана шундай ўйинларда синовдан ўтказилаётгани ёмон натижа эмас. Чемпион сифатида “Пахтакор”дан ҳаммамиз юқори натижани истагандик. Лекин омад ҳам етишмади, деб айтсак бўлади.

Хюистра хусусида
- Очиғини айтсам, ҳали бу мураббий билан ишламаганмиз ва уни энди яқиндан биляпмиз. Тўғриси, ўзим томонимдан у ҳақида фикр билдиришим нотўғри деб биламан. Албатта, мураббийни Осиё Чемпионлар лигасидаги натижасига қараб баҳолайдиган бўлсак, табиийки, ундан кўпроқ натижани хоҳлагандик. Аммо боя айтганимдек, унинг ёшларга бераётган имкониятига қарайдиган бўлсак, мураббийлик салоҳияти ва футболчиларнинг иқтидорини кўра билиш қобилияти борлигини кўрсатиб берди. Тўғри, футболимизда ёрқин натижаларни кутиб соғиниб қолганмиз. Шу томонлама биз ютқаздик ва кўпчиликнинг кайфияти тушгани ҳам шундан иборат.

“Пахтакор”нинг ОЧЛдаги муваффақиятсизлиги ички чемпионатдаги иштирокига таъсир қиладими?
- Ўзингиз биласиз, футбол бир жойда ҳеч қачон туриб қолмаган. Эътибор берсак, Европа гигантлари ҳам бирор натижага эришгандан сўнг, уни сақлаб қолиш учун катта сармоялар киритишади. “Пахтакор”нинг бугунги мавқеига қадар катта ҳисса қўшган йигитлар бор эди ва жамоани тарк этганларнинг ўрни қоплагани йўқ. Жамоа ўзининг асосий фигураларидан айрилган. Кўп ўйинларда эътибор бердикки, Драган Черанга боғланиб қолгани яққол билиниб қолди. “Пахтакор” ОЧЛдаги муваффақиятсизликдан ички чемпионатга тушкун ҳолатда келади деб ўйламайман. Чемпионлик учун курашда ҳар доимгидек фаворитлигича қолади. Қайтанга ёш футболчиларига ўзларига бўлган ишончни оширади. Жамоани қийин вазиятда ўша ёшлари олиб чиқиб кетиши мумкин.

Яна чемпионлар лигасига қайтадиган бўлсак, иштирокчи жамоаларнинг таркиблари кучли ўйинчилардан ташкил топган. “Пахтакор” сафида охирги марта терма жамоада тўп сурган футболчилардан фақатгина Иброҳимхалил Йўлдошев ва Сардор Рашидовни кўрдик. Уларни ҳам терма жамоанинг асосий ўйинчилари дея олмаймиз. “Пахтакор” бугунги кунда ўша биз билган ўйинчилари терма жамоанинг ўзагини ташкил этган жамоа эмас. Шу томонлама ҳам “Пахтакор”га қийин бўлди. Мана, Тожикистоннинг “Истиқлол”ини кўп гапиряпмиз. Унинг ўзагини терма жамоа футболчилари ташкил қилади. Бошқа клублардаги легионерлар ҳам “Пахтакор” ўйинчиларининг мавқеларидан анча юқорилиги сезилиб қолди.

АГМК тўғрисида
- Албатта, ўзбек клублари учун яхши эмас ва биз кутган натижалар юз бермади. АГМКнинг гуруҳини эшитганимиздаёқ кейинги босқичга чиқиши қийин бўлишини олдиндан сезгандик. Саудия ва БААнинг кучли жамоалари бор эди. Шундай бўлса-да, АГМКнинг биринчи ва иккинчи турда кўрсатган жасоратли ўйинлари илиқ таассурот қолдириб, гуруҳдан чиқишига нажот борлигини билдирганди. Албатта, кўпчилик томонидан босим қилинаётгани бу “Истиқлол”нинг кейинги босқичга чиққани бўлди. Буни тўғри қабул қилишимиз керак. Ҳозирги кунда ҳамма жойда футбол ўйнашни билишади. Ўсиш бўляпти. Агар “Истиқлол” чиқмасдан БАА клуби йўл олганида АГМКнинг гуруҳда қолгани аянчли аҳвол деб қабул қилинмаган бўларди. Биласиз, АГМК биринчи марта бундай мусобақада қатнашди. Ўзига яраша ҳаммага мактаб вазифасини ўтаб беради. “Истиқлол”нинг ўйинига эътибор қаратсак, яхши ўйин кўрсатишди. Ҳимоявий ўйнаб ўз мақсадига эришгани таҳсинга лойиқ. “Истиқлол”нинг тарихига қарасак, бугун пайдо бўлган жамоа эмас.  
Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Футболимиз учун аянчли ҳолат...