Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Сингапурга қарши ўйинида захирадан майдонга туширилган Ҳожимат Эркинов афсуски жароҳат олиб сафдан чиқди.
Натижада у Тошкентга қайтиб кетди. Бундай паллада футболчига осон тутиб бўлмайди. Биринчидан жароҳат, иккинчидан жамоага ёрдам бера олмаслик – бу ҳар қандай ўйинчига оғир. Буни Эркинов ҳам яхши ҳис қилиб турибди. Sports.uz мухбири Тошкентда даволанаётган ушбу футболчи билан алоқага чиқди.
- Сингапурга қарши ўйиндаги жароҳат туфайли таркибдан четга чиқиб қолдингиз. Ўша ҳолатда ҳам оғриқ жиддиймиди?
- Ушбу вазиятни эслайдиган бўлсам, орқада оёғим қолиб кетди ва қайрилиб устига тушдим. Бошида унчалик оғриқ бўлмади. Ўрнимдан туриб оёғимни босганимда оғриқ билинди. Натижада ўйинни давом эттира олмаслигимни тушундим. Ўша маҳалда тўғриси бироз қўрқинчли ҳаяжон бўлди. Олдин менда сира бундай бўлмаган.
- Жароҳат туфайли сизни Тошкентга қайтаришди. Бу қарор кимдан чиқди ва кайфиятингизга таъсир қилдими?
- Тошкентга қайтариш ташаббуси ҳаммадан чиқди. Бу ҳақда барча ўйлаб кўрди, ҳар томонлама. Ўзим ҳам ўйладим. Тезроқ сафга қайтишим учун дарҳол Тошкентга қайтиб муолажаларни бошлашим керак эди. Албатта, бундай ҳолат кайфиятга таъсир қилди. Уйдан яхши ниятлар билан йўлга чиққандим. Терма жамоамиз билан бирга учта учрашувда ғалаба қозониб ёруғ юз билан қайтиб келишни ният қилгандим. Жамоадаги акаларимга омад тилайман. Худо хоҳласа, юзлари ёруғ ҳолатда қайтишади.
- Ҳозирда даволаниш қандай кечяпти? Бу борада сизни ким назорат қилиб турибди?
- Жароҳатимга келсак, ҳозир анча яхши. Кундан-кунга ижобий томонга ўзгариб боряпти. “Пахтакор” клубидаги шифокор билан миллий терма жамоамиздаги бош шифокор Аброр ака Пирриев назорат қилиб туришибди.
- Бу жароҳатингиздан кейин “Пахтакор” клубидагиларнинг муносабати қандай бўлди ва энди сизни қачон майдонда кўришимиз мумкин?
- “Пахтакор” клуби фақат тезроқ соғайиб, қайтишимни истаяпти. Бу футболда бўлиб турадиган вазият. Худо хоҳласа, бир-икки ҳафталарда майдонга қайтсам керак.
- Вадим Абрамов сиздан сеҳрли таёқча сифатида фойдаланмоқчи эди. Аммо жароҳатингиз режаларни ўзгартириб юборди. Бу борада бош мураббий сизга нима деди ва жамоадошларингизнинг ўйинини телевизор қаршисида кузатиш қандай туюляпти?
- Биринчи ўйинни озгина бўлса ҳам майдонда ўтказдим. Аммо уч кундан сўнг навбатдаги учрашувни телевизорда кўриш қийин бўлди. Бу кайфиятимга ҳам таъсир қилди. Юз берган ишлардан сиқилдим. Лекин ёнимдагилар руҳиятимни кўтаришди. Жароҳат ҳам футболнинг бир қисми, тезда руҳий томондан синиб қолмагин деб далда бўлдилар. Вадим Карленович тезроқ соғайиб сафга қайтсанг хурсанд бўламиз деди.
- Сингапурни йирик ҳисобда ютган жамоамиз нима учун Яманга қарши қийналди деб ўйлайсиз?
- Биринчи ўйинни ўтказганимиздан кейин барибир Яман терма жамоаси ҳам бизни ўрганади. Шунга яраша тайёрланади. Рақиб барча жамоадошларимнинг яхши формадалигини кўрди. Шунинг учун ҳам уларни тайёргарлиги яхши бўлди деб ўйлайман. Аммо улардан кўра терма жамоамиз ўйинга жиддий тайёрланганди ва шунинг учун ҳақли ғалаба қозондик.
- Саудия Арабистонига қарши ўтадиган марказий ўйин олдидан нима деган бўлардингиз?
- Майдонда жанг бўлади. Буни футболчилар яхши тушуниб туришибди. Иккала жамоа ҳам яхши тайёргарлик кўриб майдонга ғалаба учун тушишади. Аммо терма жамоамизга ишонаман. Зўр ўйин бўлади.
- Жароҳатга қадар яхши спорт формасида эдингиз. Энди яна олдингидек ўйин амалиётига эга бўлишингизга вақт керак. Бу борада хавотирларингиз борми?
- Жароҳатдан кейин ўз устимда икки баробар кўпроқ ишлаб, яна олдинги спорт формамга қайтишга ҳаракат қиламан. Хавотирларга берилмаяпман.
- Дарвоқе, сизга хориждан ҳам таклифлар бўлаётгани хусусида эшитиб турибмиз...
- Бу ҳақида ўзим билмайман. Фақат “Пахтакор” клубидан сўрасанглар маъқул бўларди. Чунки менда бу борада ҳеч қандай маълумот йўқ.
- Қачон легионерга айланиш ниятингиз бор?
- Режам бўйича қишда кетишни ният қилиб турибман.
Шуҳратбек Жўраев
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб борингCtrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
Реваншда ғалаба қозониш учун Тайсон Фьюрига нима керак?
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади