Мурод Хонтўраев 1987 йил 4 июльда Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Ёшлигиданоқ спортга катта меҳр қўйди ва келажакда том маънодаги чемпион бўлишга, Ўзбекистон байроғини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилишга қаътий аҳд қилди.
Бу йўлда тинмай меҳнат қилди, интилди ва умид қилди. Ҳаракатлар бесамар кетмади. У қўл жанги, кикбоксинг, универсал жанг бўйича бир неча бор Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорига айлана олди.
2013 йилдан эса профессионал тарзда ММА йўналишида жанг қилишни бошлади. Дастлабки жангини ўша вақт Қозоғистоннинг энг машҳур “Alash Pride” промоушенининг “Титанлар жанги” турнирида ўтказди ва Молдова вакили Ион Куцелабани дастлабки дақиқалардаёқ таслим этди. Биласизми, Куцелаба ҳозирда жаҳоннинг энг машҳур промоушени UFCда ярим оғир вазн тоифасида фаолият юритади.
У Халил Роунтре, Гаджимурод Антигулов, Энрике да Сильва, Жонатан Уилсон каби жиддий рақибларни мағлуб эта олган ва Гловер Тейшера, Жаред Каннонир, Магомед Анкалаев каби UFC юлдузларига хақиқий бошоғриқ бўла олганди. Айнан ушбу жангчи Мурод Хонтўраев олдида ростмана ожиз қолганди.
У хақиқий кучини Сочида бўлиб ўтган “League S-70” турнирида яна бир бора намоён қилди. Россия терма жамоасига қарши жаҳон термаси сафида жанг қилган “қаҳрамон”имиз анчагина тажрибали Евгений Ерохинни ўзининг машҳур “хай-кик” зарбаси билан нокаутга учратган ва ўша турнирни бевосита аренадан томоша қилаётган Россия президенти Владимир Путин ҳамда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни ҳам лол қолдирганди. Айнан турнир якунида Назарбоев шахсан юртдошимизга ўз миннатдорчилигини изҳор қилган ҳолда, фаолиятига омад тилаганлиги ҳам бунинг исботи, десак янглишмаган бўламиз.
Ўша жангдан сўнг, Қозоғистон шарафини ҳимоя қилганлиги ҳақидаги гап-сўзлар авж олди. Бунга ҳамюртимиз ўзига хос футболчиларнинг легионерлик мақомидаги ҳолатини мисол қилган ҳолда жавоб берган ва унинг ватани Ўзбекистон эканлигини ва ватан танланмаслигини таъкидлаб ўтганди. Дарҳақиқат, у ўша вақт Қозоғистон клубида ва промоушенида легионер сифатида фаолият юритарди.
Мурод Хонтўраев ўзининг юқори формадалиги вақтида менежерлари россиялик машҳур Александр Емеляненкога жанг қилиш таклифи билан чиқишганди. Аммо, Емельяненко бу тўқнашувни хоҳламаганлиги ҳақида гап-сўзлар ҳам қулоғимизга чалинган. Тўғри, унинг ўзи бу ҳақида эшитганми ёки йўқ, бу борада аниқ маълумотга эга эмасмиз. Шунингдек, Александрни жангдан бош тортганлигини қўрқув билан ҳам боғламоқчимасман. Лекин менежерлар ва мураббийлари ҳамюртимизнинг Емельяненко каби жиддий рақибга қарши жанг қила олишига ишонганлиги ҳам Хонтўраевнинг нақадар юқори салоҳиятга эга эканлигини англатарди.
У кейинчалик яна бир қатор промоушенларида жумладан, Қирғизистоннинг 1-рақамли WEF промоушенида ажойиб ғалабаларни қўлга киритди. Тўғри фаолиятида уч мағлубият ҳам ўрин олган. Дастлабкиси 2013 йил Давид Швелидзе билан бўлган жангда қабул қилинганди. Аслида, у Швелидзени қийин ҳолатга тушириб қўйган паллада бармоғи синган ва жангни давом эттира олмаганди.
Юрий Проценко ва Константин Андрейцевдан учралган мағлубиятлар ҳам бор. Бироқ, у ушбу жангга кўнгилдагидек тайёргарлик кўра олмаганди. Ваҳоланки, у ушбу рақибларидан класс борасида юқори эди. Буни исталган мутахассис ва мухлислар ҳам эътироф этса ажаб эмас.
Мурод Хонтўраев яккакураш оламида “Осиё айиғи” номи билан шуҳрат қозонди. Мураббийи Нодир Қодировнинг хотирлашича, мазкур номни у 2007 йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган универсал жанг бўйича Осиё чемпионатида барча жангларни муддатидан аввал якунлаганидан сўнг, Нодир Қодиров ҳамда Сардор Тошхўжаев томонидан олган ва кейинчалик “Осиё айиғи” унинг том маънодаги ташриф қоғозига айланган эди.
У умрининг сўнги йилларида ёш спортчиларимизни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзбек ММАсини жаҳон даражасига кўтариш учун жонбозлик кўрсатаётган эди. Ёдимда, у билан суҳбат уюштириш таклифини берганимизда “Ака мендан кўра, Шер Мамазулунов, Бобур Тагиев, Жамшид Тагиев, Мавлуд Тифиев ва кўплаб хорижда ММА, кикбоксинг, К-1 , профессионал муайтай бўйича ажойиб натижалар қайд этаётган укаларимиз бор, ўшаларни фаолиятини, эришаётган натижалари ва меҳнатларини ёритайлик, яқиндан таништирайлик”,- дея Шер Мамазулуновни таклиф этиб, интервью қилишимизга сабабчи бўлганди. Ҳа, унинг бу борада улкан мақсадлари бор эди.
Хабарингиз бор, у сўнги жангини 2019 йил Тошкентда россиялик Евгений Мякинкин билан ўтказганди. Айнан ушбу жанг аввалидаги матбуот анжуманидан кейин яна бир ўзбек ММАсининг байроқдори Суннат Ильясов ва Мурод Хонтўраевга келинглар икки афсона билан расмга тушай деганимда, “Тирик афсона денг, одатда афсона сўзи менга бу оламни тарк этганларни эслатади”,- деганди.
Минг афсуски, бевақт ўлим уни орамиздан олиб кетди. Энди, ўзининг таъбири билан айтганда “Афсона”га айланди. Ваҳоланки, тириклик вақтидаёқ бу мақомга эришиб бўлганди.
У “қўли очиқ” юртимизнинг мард ўғлони эди. Миллионлаб болакайларнинг кумири ва яккакураш оламига кириб келишларига сабабчи бўлган, десак муболаға бўлмайди. Ўзбек яккакураш оламининг том маънода афсонаси... Умид қиламиз, яқин вақтлар ичида янги Хонтўраевлар чиқади. Чунки унинг жуда кўп шогирдлари ва отасининг изидан бораётган фарзандлари бор!
Ҳа, ўзбек спорт олами ёрқин юлдузидан айрилди. Бироқ, у ҳар доим мухлислар қалбида яшайди. Зеро, ҳақиқий юлдузлар мангу ёнади! Охиратингиз обод бўлсин, қадрли укам Мурод Хонтўраев!
Аҳмадбек Эшматов
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Файзуллаев ва Европа: унга берилган икки хил баҳо...
КХДР аскарларлари урушга кирди. Разведка нима демоқда?
Туркия клуби собиқ президенти ҳакамга ҳужум қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди