12:21 / 18.08.2021
2 623

Моуриньо ғалаба машинасини яратмоқда ва унда асосий ишни Шомуродов бажариши керак!

Моуриньо ғалаба машинасини яратмоқда ва унда асосий ишни Шомуродов бажариши керак!
“Рома” учун А Серия мусобақаси 22 август куни ўз майдонида “Фиорентина”га қарши ўйин билан бошланади. Мавсум узоқ ва машаққатли. Римликлар Жозе Моуриньони бежизга таклиф қилгани йўқ. Пойтахт клуби юқори ўринлар учун курашиб, УЕФА Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишни мўлжалламоқда. Зотан, Моуриньо даражасидаги мураббий ўз олдига улкан мақсад қўймаган жамоани қабул қилмайди.

Жозе Моуриньо ишни таркибни ўзига мослаб олишдан бошлади. Ўзига маъқул келмаган футболчилар ўрнига, дарвозабондан тортиб, ҳужумчигача танлаб-танлаб янги ижрочилар – дарвозабон Руй Патрисиу, ҳимоячилар Рожер Ибаньес, Брайан Рейнольдс, Матиас Вина, ҳужумчилардан Элдор Шомуродов ва Тэмми Абрахамни олди.

“Рома” мутасаддилари яна бир неча трансфер бўйича иш олиб бормоқда ва яна янги футболчилар келиши кутилмоқда.

Замонавий футболда жамоа муваффақиятини кўпроқ ҳужумчилар савияси ва уларнинг самарали ўйини белгилайди. Бошланаётган мавсумда римликлар ҳужумида янги ўйинчилар – Тэмми Абрахам ва Элдор Шомуродов ўзини кўрсатиши кутилмоқда.

Жозе клубнинг ҳозирча охирги трансфери бўлиб турган Тэмми Абрахам нега таклиф этилганига қуйидагича изоҳ берди.
- Ҳақиқат шуки, биз мавсумга Эдин Жеко жамоада қолишини инобатга олган ҳолда тайёрланаётган эдик. Унинг кетиши сюрприз бўлди. Ўрнига “Челси”дан Абрахамни олдик. Мен уни болалигидан биламан. Инглиз футболчиларига премьер-лигадан кетиш доимо қийин бўлган. Улар шу қадамни ташладими, демак ўз олдига катта мақсад қўйган бўлади. Абрахам кўп англиялик футболчилар ўзини кўрсата олмаган чемпионатга келди. Унинг мақсади “Рома”даги ўйинлари билан Англия терма жамоасига қайтиб, жаҳон чемпионатида иштирок этиш, - деди Моуриньо.

Португалиялик мутахассис “Рома”ни ўз услубига мослаштирмаслиги ва бироз бошқача йўл тутишини яширмади.
- “Рома” иштирокида Моуриньонинг ўйин услубини кўрмайсизлар. “Рома” ўз ғалабалари билан мухлисларни хурсанд қиладиган жамоага айланади, - деди бош мураббий.

“Рома” ҳужумкор ўйин намойиш этмоқчи. Табиийки, бу жараёнда олдинги чизиқда ўйнайдиган футболчиларга кўп босим тушади. Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ана шу босимни енгиллаштириши керак бўлган ижрочи сифатида муҳим фигурага айланиши кутиляпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Шомуродовнинг “Рома”га келиши кўпчилик учун умуман кутилмаган трансфер бўлди. Бу ўйинчи Моуриньо қўллайдиган тактикага жуда мос ва майдон марказидан рақиб дарвозасигача бўлган ҳудудда римликларнинг устунлигини таъминлашга қодир. Элдорнинг меҳнаткашлиги ва тўпсиз ҳаракат қилишда фаоллиги Моуриньонинг эътиборини қозонган ва уни айнан португалиялик мутахассис танлагани айтилмоқда. Демак, Жозенинг легионеримиз бўйича аниқ режаси ва мақсади бор.

Бундан ташқари, ҳужумчимизнинг кенг майдон бўйлаб самарали ҳаракат қилиши ва қулай позицияга яхши очилиши, жарима майдончасига ёриб кириши, тезкорлиги, рақиб ҳимоясини босимда ушлаб туриши ҳам “Рома” қўллаётган ўйин услубига жуда мос тушиши алоҳида эътироф этилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, старт олаётган А Серия “Рома”га ҳам, Моуриньога ҳам, Шомуродовга ҳам янги синов босқичи ҳисобланади. Шубҳасиз, бу жамоа кўрсатадиган ўйин, эришадиган натижалар бутун дунё бўйлаб, футбол мухлислари эътиборида бўлади.

Биз эса, “Рома”даги фаолият Элдорнинг янада юқори чўққиларга кўтарилишида ўзига хос трамплин бўлишига умид қиламиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо ғалаба машинасини яратмоқда ва унда асосий ишни Шомуродов бажариши керак!