23:43 / 17.09.2021
4 056

Андижонга шундай мураббий келяптики, бу унинг илк ташрифи ёхуд "Бобур арена"да "мўъжиза" кўрамизми?

Андижонга шундай мураббий келяптики, бу унинг илк ташрифи ёхуд "Бобур арена"да "мўъжиза" кўрамизми?
Суперлиганинг 19-турини 19 сентябрь куни “Андижон” – “Пахтакор” жамоалари бошлаб беради. Ўйин соат 16:00 га белгиланган. Вазият шундайки, турнир жадвалини “Пахтакор” бошқариб, “Андижон” якунлаб турибди. Биз ушбу ўйин атрофида фикр-мулоҳаза юритиб кўрамиз.

Аламли мағлубият
“Андижон” 16-турда ўз уйида “Бунёдкор”га йирик ҳисобда ютқазгач, мезбонлар устози Виктор Кумиков олдимизда турган “Машъал” ҳамда “Металлург”ни ютсак вазият ўзгариши ҳақида гапирганди. 17-турда андижонликлар “Машъал” майдонида ўта қимматли ғалабани қўлга киритиб қайтди. Кумиков бежизга айтмаган экан-да, деган хаёлга бордик. Мухлисларда ҳам яна ишонч уйғонди. Чунки кейинги рақиб “Металлург” эди. Рақибга ҳурматни сақлаган ҳолда айтганда, андижонликлар Муборакдаги ғалабадан сўнг, бу сафар ҳам уч очкони қўлга киритиши тахмин қилинганди. Ўйинни стадионда кузатиб шунга амин бўлдикки, жамоалар бир-бирига муносиб эдилар.

“Металлург” еттита ўйиндаги ғалабасиз сериясига Андижонда барҳам бермоқчи эди. Аммо иккинчи бўлим ўрталарида Усмонали Исмоналиевнинг голидан сўнг “Андижон”нинг ғалабасига кўпчилик ишона бошлади. Аммо кейинчалик ўйиннинг охири майдон эгалари учун худди қўрқинчлик туш каби бўлишини ҳеч ким ўйламасди. 4 дақиқа ичида 2 та гол уриб қаҳрамонлик кўрсатган “Металлург” “Андижон”нинг оғзидан ғалабани нақд юлиб олди. Мезбонлар эса оғзидаги ошни олдириб қолаверди. Бу ўйиндаги ғалаба андижонликлар учун ўта муҳим эди. Ҳатто дуранг ҳам қониқтирмасди. Бироқ якунда аламли мағлубиятга учрадилар. Бу эса “Андижон”га руҳий тарафдан ўта жиддий зарба бўлди.

Статистика нима дейди?
“Андижон”нинг кейинги рақиби “Пахтакор”. Бу ҳамма вақт “Бургутлар” учун жуда ноқулай рақиб бўлиб келган. Ҳозир бу жамоаларнинг имкониятлари ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Шунчаки, уларнинг ўзаро ўйинлардаги статистикасига қарамоқчимиз. Якшанба куни “Бобур арена”даги ўйин олдидан “Андижон” билан “Пахтакор” 51 марта тўқнаш келган. Фарқ ер билан осмонча. “Андижон” чемпионни чемпионат мобайнида 4 бор ютган. Илк ғалабасини 2001 йили қўлга киритган. Ўшанда “Андижон” собиқ “Наврўз” стадионида “Пахтакор”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Иккинчи ғалабаси 2003 йилга тўғри келади. Ўшанда ҳам андижонликлар ўз майдонида яна 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. 2011 йилги мавсумда “Пахтакор” “Андижон” майдонида мағлубиятга учрайди. Ўшанда Лочин Солиевнинг дубли эвазига мезбонлар 2:1 ҳисобида муваффақият қозонган. Охирги ғалабаси 2016 йилги мавсумда юз берган. Иккинчи даврадаги баҳсда “Андижон” ўз уйида ягона гол эвазига “Пахтакор”ни мағлуб этган. Дарвоқе, 8 та ўйинда кучлар тенг келган. Тўплар нисбатидаги тафовут ҳам жуда катта. “Андижон” 34 та гол урган ва “Пахтакор”дан 125 та тўп ўтказиб юборган.

“Пахтакор”га қарши ўйинда “Андижон”дан нима кутиш мумкин?
Юқорида айтганимиздек, турнир жадвалини “Пахтакор” бошқариб, “Андижон” якунлаб турибди. Натижалари ва кўрсаткичлари ҳам шунга яраша. “Пахтакор” мағлубиятсиз сериясини давом эттириб 48 очко билан якка пешқадам бўлиб келяпти. Яқин таъқибчисидан 14 очкога илгарилаб кетган. Ҳамма тушуниб турибдики, бу йил ҳам “Пахтакор” чемпион! Бунга ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бу жамоани ютишга чемпионатимизда ҳеч кимнинг кучи етмаяпти. Энди фараз қилинг, бирор жамоа “Пахтакор”ни юта олмаётганида “Андижон”нинг бунга қурби етадими? Кимдан сўрамайлик, “Пахтакор”нинг катта қийинчиликсиз ғалабасига ишоняпти. Шубҳасиз, рақиб мезбонлардан икки-уч баробар кучли. “Андижон” “Металлург”га ютқазгач, руҳий тушкунликка тушган.

Виктор Кумиков “Пахтакор” билан учрашувгача футболчиларни бу руҳий ўрадан олиб чиқишга улгура оладими? Лекин таркиб, савия, ўйин бўйича барибир рақиб ўта кучли. Кўпчилик учун бу худди амалга ошириб бўлмас ишдек кўриняпти. Бу учрашувда “Андижон”нинг бирор натижага эришишига фақат “Пахтакор”нинг ўзи кўмаклашиб юбориши мумкин. Яъни, чемпионат карвонбошиси рақибни менсимасдан майдонга тушгудек бўлса, балки шунда нимадир қила олишлари мумкин. Бу ўйинда “Пахтакор”дан ҳам кўра, Суперлигада қолиш учун курашаётган “Андижон”га очко сув ва ҳаводек зарур бўлиб турган бир пайтда мезбонларнинг кучли рақибга қарши ўйинда бу ишни уддалай олишига қурби етиши шубҳа остида.

“Андижон” учун тақвим шунчаки “даҳшат!”
“Металлург”га бой берилган ўйин чемпионат якунида “Андижон”га жуда қимматга тушади. Ўша учрашувда албатта ютиши шарт эди. Майли, бўлар иш бўлиб ўтди. Биз шунчаки “Андижон”нинг кейинги рақибларига қараяпмиз. “Пахтакор”ни қабул қилганидан кейин жамоа 20-турда водий дербисида “Қўқон-1912” меҳмони бўлади. Келинг, турма-тур келтириб ўтсак, 21-тур “Андижон” – “Сўғдиёна”; 22-тур “Локомотив” – “Андижон”; 23-тур “Андижон” – “Насаф”; 24-тур АГМК – “Андижон”; 25-тур “Андижон” – “Навбаҳор; 26-тур “Турон” – “Андижон”.

Изоҳга ҳожат йўқ, шундайми? Ўзи Суперлигада қолиш имкониятини борган сари пасайтираётган бўлса-ю, олдидан турган рақибларига бир қаранг! Тўғри, подадан олдин чанг чиқармаслик керак. Ким билади, балки “Андижон” кучли рақибларга қарши “мўъжиза” кўрсатишга қодир бўлар, футболда ким ютишини олдиндан айта олмаймиз, фақат тахмин қила оламиз холос. Шуни ҳисобга олганда, амалий жиҳатдан ҳали имконият бор. Аммо энди воқеликка реал қарайлик-чи, сиз бу ўйинларда “Андижон”дан нима кутяпсиз? Яъни, бир-биридан қийин ва медаллар учун курашаётган жамоаларга қарши ўйинларда Кумиков шогирдлари “тирик” қоладиларми? Аксига олиб, “Андижон”нинг таркиби кучли эмас. Футболчиларнинг тажрибаси ҳам етмаяпти. Булар шунчаки ҳақиқат. Жамоага нима ёрдам беради? Фақат катта иштиёқ ва руҳий тайёргарлик.

Сиз буни билармидингиз?
Дарвоқе, Андижонга шундай мураббий келяптики, бу унинг илк ташрифи! Гап “Пахтакор” бош мураббийи Питер Хюистра ҳақида кетяпти. У юртимизда ишлаётганидан бери ҳали Андижонда бўлмаган. Демак, Хюистранинг “Андижон” майдонидаги биринчи ўйинига гувоҳ бўламиз!

Буни сизга аниқроқ тушунтирсак, яна бир қизиқ жиҳат юзага чиқади. “Пахтакор”нинг Андижондаги охирги ўйини 2016 йилнинг 3 август куни содир бўлган. Юқорида айтдик, ўшанда “Андижон” клуби 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Шундан бери “Пахтакор” бу рақибига қарши ўйинларни Тошкентда ва яна бошқа стадионларда ўтказди. Бу жамоаларнинг 2016 йилги тўқнашувидан уч йил ўтиб, 2019 йилда улар яна учрашишди. Унгача “Андижон” биринчи лигада эди. Турли манбаларда ўша 2019 йилги мавсумнинг биринчи даврасида “Пахтакор” “Андижон” майдонидан йирик ғалаба билан қайтгани кўрсатилган. Бироқ турли сабабларга кўра, ўша ўйин Андижонда эмас, балки Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказилганини эслатиб ўтмоқчимиз.

Ўтган йилги ҳар иккала ўйин ҳам Тошкентда бўлиб ўтди. Эсласангиз, пандемия сабабли чемпионатимиздаги ўйинлар марказлашган ҳолда ўтказилган. Шу боис “Андижон” расмий мезбон сифатида “Локомотив” стадионида “Пахтакор”ни қабул қилган. Аммо ўша ўйин ўтказилмаслиги катта эҳтимол эди. Ёдингизда бўлса, клуб банкротлик ёқасига келиб қолганди. Лекин бир амаллаб “Андижон” Кумиков бошчилигида ўйин куни Тошкентга етиб келган ва ўшанда Сергеев билан Чераннинг голлари “Пахтакор”га ғалаба келтирган. Хюистранинг “Пахтакор”да 2017 йилдан бери ишлаётганини ҳисобга олсак, чиндан ҳам бу сафар унинг Андижонга биринчи ташрифи бўлиши борасида юқоридаги сабаблардан келиб чиқиб, жавоб олдингиз, деб ўйлаймиз.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Андижонга шундай мураббий келяптики, бу унинг илк ташрифи ёхуд "Бобур арена"да "мўъжиза" кўрамизми?