11:00 / 30.09.2021
2 414

Шомуродов бугун “Рома”га ғалаба келтиришга тайёр, Моуриньо эса бу осон эмаслигини айтди!

Шомуродов бугун “Рома”га ғалаба келтиришга тайёр, Моуриньо эса бу осон эмаслигини айтди!
УЕФА Конференциялар лигаси гуруҳ босқичи иккинчи туридан ўрин олган “Заря” ва “Рома” ўртасидаги учрашувдан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида Элдор Шомуродов устози Жозе Моуриньо билан бирга иштирок этди.

Аввалроқ, Италия матбуоти бугунги ўйинда Жозе Моуриньо асосий ҳужумчи Тэмми Абрахам ўрнига Элдор Шомуродовни бошланғич таркибда майдонга тушириши кутилаётгани ҳақида ёзганди.

Шомуродов футболчи А Сериянинг ўтган учрашувида “Лацио”га 2:3 ҳисобида бой берилган ўйиндан кейин бу гал фақат ғалаба учун ҳаракат қилишини таъкидлади.

- Ўтган учрашув натижасидан хафа бўлдик, лекин биз кучли жамоа сифатида навбатдаги баҳсда ўзимизни кўрсатишни истаймиз. Агар мен таркибга киритилсам, ғалаба учун ўйнашга тўлиқ тайёрман. Энг муҳим жиҳат шуки, биз ғалаба қозонишга тайёрмиз, - деди Элдор Шомуродов.

“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо ҳам журналистлар саволларига жавоб берар экан Украинада ғалаба қозониш осон бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

- Мен “Заря”га қарши бир неча йил олдин декабрда ўйнаганман. Ўшанда қандай шароит бўлганини яхши биласизлар. Ҳозир шароитлар ўнгланган, майдон ҳам жойида, ҳаво ҳарорати футбол учун идеал.

Биз “Заря”нинг Европа лигаси, “Буде-Глимт” ва Украина чемпионатидаги асосий учрашувларини кўриб, таҳлил қилиб чиқдик. Бу жуда уюшқоқ жамоа. Қийин бўлади, лекин биз ғалаба учун ўйнаймиз. Ўйин ташкил қилиш борасида мезбонлар бизга муаммо туғдириши мумкин.

Конференция лигасида ўйнаш учун иштиёқ бор. Лекин мен Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишни танлаган бўлардим. Ҳозир биз Конференция лигасидамиз ва бу турнирни ғолиб чиқишга ҳаракат қилишимиз лозим. Биринчи вазифа – олдимиздаги учрашувда зафар қучиш.

Ҳозир ҳар бир мамлакатда ҳар бир жамоанинг салоҳияти бор. Бир неча йиллар олдингидек катта фарқ йўқ. Менда Украинада ўйнаш тажрибаси бор. Бу ерда ғалаба қозониш қийин. “Интер”ни олиб келганимда сўнгги дақиқалардаги гол туфайли ғалаба қозонганмиз. “Челси” дуранг ўйнаган, “Манчестер Юнайтед” зафар қучган. “Рома” билан тўртинчи келишим бўларкан. Бу гал ҳам ўйин осон бўлмайди.

Кўп ўзгариш қилмайман, лекин айрим ўйинчиларга дам керак, бошқалари ўзини кўрсатиши лозим. Биз кучли жамоамиз ва ғалаба қозонишни истаймиз
, - деди Жозе Моуриньо.

УЕФА Конференциялар лигасининг “С” гуруҳидан ўрин олган “Рома” биринчи турда ўз майдонида Болгариянинг ЦСКА жамоасини 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳ пешқадамига айланди. Унгача римликлар саралаш босқичида Туркиянинг “Трабзонспор” жамоасига қари иккита учрашув ўтказиб, 2:1 ва 3:0 ҳисобида зафар қучган эди.

Элдор Шомуродов учала ўйинда қатнашиб, битта гол ва иккита голли пас муаллифи бўлган.

Бугун учрашув мезбони “Заря” эса Европа Лигаси саралаш босқичидан ўта олмаганидан кейин мавқеи жиҳатидан бир поғона паст турувчи Конференциялар лигаси гуруҳ босқичидан жой олди. Луганск шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган “Заря” гуруҳдаги дастлабки учрашувни Норвегияда “Буде-Глимт” жамоасига қарши ўтказиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

“Зар” – “Рома” учрашуви бугун Тошкент вақти билан 21:45 да бошланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов бугун “Рома”га ғалаба келтиришга тайёр, Моуриньо эса бу осон эмаслигини айтди!