Суперлигада чемпион номи аллақачон ҳал бўлиб улгурди. Интрига қолмади дейсизми, катта эҳтимол билан ҳа! Асосий кураш иккинчи ва учинчи ўринлар, қолаверса, лигада қолиш учун курашаётган жамоалар ўртасида юз беряпти. Айниқса, Суперлигада қолиш учун кураш қизигандан қизияпти. Элитани 2,5 та жамоа тарк этади. Жадвалда охирги ўринда Суперлигада дебютини ўтказаётган “Турон” клуби боряпти. Уларнинг ҳисобида 13 та очко бор. Бу турда улар Тошкентда “Бунёдкор”га жиддий қаршилик кўрсатганига қарамасдан аламли тарзда мағлуб бўлди.
Айниқса, рақиб етакчиси Лутфулла Тўраев майдондан четлатилганидан сўнг, устунлик “Турон” тарафига ўтди ва ҳисобни тенглаштирди. Уларнинг шижоатидан энди меҳмонлар ғалабани илиб кетадигандек эди. Аммо кейинчалик “Турон”дан Деян Поньевичнинг майдондан четлатиши эвазига “Бунёдкор” қўшимча дақиқаларда қарши ҳужум тактикасидан унумли фойдаланиб ғалабани илиб кетди.
Жамоа минг уринмасин, ғалаба тугул, ҳатто дурангни ҳам эплай олмади. Кетма-кет мағлубиятлар туфайли “Турон” Суперлигани тарк этиш учун асосий даъвогар. Клуб хусусий бўлса-да, раҳбарият томонидан барча шарт-шароитлар бор, маблағ масаласида муаммо йўқ. Лекин натижага келганида мақтаниш учун ҳеч қандай асос йўқ. Ислом Исмоилов ва Богуслав Баниакдан кейин бош мураббийликка Игорь Шквирин олиб келинганида клуб ишқибозларидаги ишонч ва умид анча жонланди.
Шунга яраша Игорь Анатольевич клубда иш бошлагач, бирдан натижада ҳам жонлангандек бўлди. Ўшанда Шквирин 11-турда “Машъал”га қарши ўйин орқали дебютини ўтказган бўлиб, Яйпандаги беллашувда ҳисоб очилмаганди. Кейинги турда эса “Металлург”ни қабул қилган “Турон” 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионатдаги илк муваффақиятига эришганди.
Хуллас, шундай бўлдики, Шквирин келгач, “Турон” кетма-кет бешта ўйинда ютқазмади. Иккита ғалаба ва учта дуранг қайд этди. Гўё клуб энди ўзига келгани-ю, мағлубиятсиз серия бошланиб, жамоа энди юқори ўринларга курашиши айтилди. 15-турда “Турон” ўз майдонида “Сўғдиёна”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Айнан ўша учрашувдан кейин Шквирин ва унинг жамоаси яна пастга қараб шўнғий бошлади. Шу пайтгача 8 та учрашув ўтказган клуб 7 тасида ютқазди. Олдинги турда ўз уйида асосий рақобатчиси “Сурхон” билан дуранг ўйнаб қимматли очколардан маҳрум бўлди.
Кўриб турганингиздек, 8 та ўйинда бор-йўғи бир очко қўлга киритилди. Оқибатда “Турон” охирги ўринга “михланиб” қолди. Яқин таъқибчилари эса эплаб-сеплаб очколарини оширишга ҳаракат қиляпти. Айни шу пайтга келиб “Турон”да 13 очко бўлса, “Андижон”да 18 очко бор. Бу клуб 23-турдаги ўйинини энди ўтказади. Мухлислар орасида “Турон” манзилга етиб келди, қабилидаги гап-сўзларни эшитяпмиз. Тўғри, ҳали назарий жиҳатдан имконият бор. Аммо бу имконият тўғридан-тўғри қолиш учун эмас, балки плей-оффга илашиб олиш учун.
“Бунёдкор”га қарши ўйиндан кейин Игорь Шквирин матбуот анжуманида қатнашди, мағлубият сабаблари ҳақида гапирди. Шундан сўнг, жамоа аъзолари билан хайрлашган. Sports.uz олган маълумотга кўра, у клубни тарк этганини маълум қилган. Шквирин билан бирга Шуҳрат Раҳмонқулов ҳам “Турон” билан хайрлашгани айтилди. Аммо ҳали клуб бу ҳақда расман маълумот бергани йўқ. “Бунёдкор”га қарши учрашувдан кейин футболчиларга уч кунлик дам берилган. Балки Шквириннинг айтган гапи жиддий бўлса, клуб унинг истеъфога чиққанини тез орада эълон қилса ҳам ажаб эмас.
Қийин вазиятга тушиб қолган “Турон”ни учта ўйини қолди. 6 ноябрь куни ўз уйида “Машъал”ни қабул қилади. 20 ноябрда сафарда “Металлург”га қарши майдонга тушади ва 7 кундан кейин “Андижон” “Турон” майдонида меҳмон бўлади. Бўлажак рақиблар турнир жадвалида яйпанликларнинг рақобатчилари эканини кўриб турибсиз. Ҳали клуб расман Суперлигани тарк этгани йўқ. Аниқки, “Турон” охирги имкониятгача курашади. Аммо унгача бошқа рақиблари ҳам қараб турмаслиги тайин.
Хўш, “Турон”да Шквиринни ўрнини ким эгаллайди? Яқинда клубга маслаҳатчи мураббий сифатида Баҳром Ҳакимов қайтган. Шунингдек, клубда Шквириннинг ёрдамчиси сифатида ишлаётган Анвар Бердиев ҳам бор. Учта ўйин учун раҳбарият яна бошқа мутахассисни олиб келмаса керак. Биз қандайдир тахминларни билдиришимиз мумкин, лекин ҳаммаси раҳбариятга боғлиқ. Клуб учун чўнтагидан пул сарфлаётган мутасаддилар нимани исташса, шу бўлади. Муҳими, улар “Турон”ни сақлаб қолиш ҳаракати йўлида сўнгги умид қолгунигача курашмоқчи. Қолганини эса вақт кўрсатади.
Шуҳратбек Жўраев
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Самарқандда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланди
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш