2 493
"Ал-Муҳаррақ" "Насаф"ни тўлиқ "ўқиб" чиққан" - Финал ўйинига мутахассис қандай муносабатда?
Афсуски, “Насаф” клуби ОФК Кубоги финалида сафарда “Ал-Муҳаррақ” жамоасига йирик ҳисобда ютқазиб тахминларимизни оқламади.
10 йил аввал ОФК Кубогини ютган “Насаф”да яна шундай имконият юзага келганди. Ҳамма қаршиликларнинг ғалабасига ишонаётганди. Шунинг учун таблодаги 3:0 ни ҳеч ким кутмаганди.
Натижа бизни ранжитгани рост. Аммо “Насаф” футболчилари ҳаракат қилди. Ушбу ўйин бўйича билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар ҳам бўляпти. Айни пайтда АГМК клуби бош директори сифатида ишлаётган Мухтор Қурбонов “Насаф”нинг финалдаги ўйини ҳақида ўз таҳлилини билдирди.
Финал ҳақида
- Бутун Ўзбекистон “Насаф”га мухлислик қилди. Бевосита ўйинни ўзим ҳам кўрдим. “Насаф” жамоаси ёмон таассурот қолдирмади. Футбол шунақа ўйинки, агар “Насаф” “Ал-Муҳаррақ” билан яна икки ёки уч марта ўйнаса барчасида ютади. Футболда ҳар бир сония ниманидир ҳал қилиш мумкин. Учрашувда тезкор гол урилгани ҳам таъсир қилди. Стадионда мухлисларнинг жамоасини тинмай қўллаб-қувватлаб туриши ҳам мезбонларга ёрдам берди. Тўғри, тўп назорати ва ўйиндаги устунлик “Насаф”да бўлди. Афсуски, рақиб 3:0 ҳисобида ютди. Иккинчи голдан кейин “Насаф” масала ҳал бўлди дея тўхтаб ҳам қолди десак бўлади. Агар тезкор гол урилмаганида ўйин бошқача бўлиши ҳам мумкин эди.
Ҳисоб 1:0 бўлиб турган пайтида 15-20 дақиқада ўтгач, “Насаф” 100 фоиз ютади деб ўйлагандим. “Ал-Муҳаррақ” “Насаф”ни тўлиқ “ўқиб” чиққан. Жамоа ўйинини яхши ўргангани кўриниб турибди. Мураббийининг имзоси ҳам сезилди. Тезкор гол урганидан кейин ўйинни “Насаф”га бериб, иккинчи рақам остида ҳаракат қилиб, ўзининг пайтини пойлади. Тажриба қаердадир уларга қўл келди деб ўйлайман. “Насаф” футболчиларига эътироз билдириб бўлмайди. Голли вазиятларни яратишди, тўп кирмади. Омад юз ўгирди. “Насаф” бунгача ўз майдонида “Ахал”, “Ли Ман” каби клубларга қарши қийинчиликларга дуч келганди. Жамоанинг финалгача боргани ҳам яхши ҳолат. ОФК Кубоги – Осиё Чемпионлар лигасидан кейинги мусобақа. “Насаф”нинг ютишига ишонгандим, афсуски, бундай бўлиб чиқмади.
“Насаф” ўз ўйинини кўрсатдими?
- Тўпни назорат қилиш бўйича “Насаф” доимгидек ўзини кўрсатди. Ойбек Бозоров ҳам ҳаракат қилди. Айтяпман-ку, “Муҳаррақ” рақибини яхши ўрганган. Шу боис кейин Бозоровга ҳам деярли имкон беришмади. Норчаев ҳам пойлади, вазиятларни кутди, афсуски бўлмади. “Насаф” ўз ўйинини 100 фоиз кўрсатди деб айтмайман. Лекин чемпионатимиздаги ўйинини 80-90 фоизга бажарди, тўпни назорат қилди, ёшлар югурди. Рақиб таркибида легионерлар ва маҳаллий ўйинчилари бор, тажриба қаердадир ўз сўзини айтди.
“Насаф”нинг меҳмонда ўйнагани ҳам мағлубиятга сабаб бўлдими?
- Футболда майда-чуйда ишлар бўлмайди. “Насаф” ўз уйида ўйнаб ютиб финалга чиқди. “Ал-Муҳаррақ” ҳал қилувчи ўйинни ўз майдонида ўтказди. Масалан, улар Қашқадарёга келганида “Насаф” ютарди. Рақиб ўйинчилари тажовузкор, тўп билан муомала қилиши, ҳаммаси тажриба билан боғлиқ. Бир қарашда ҳамма айтяпти, кеча “Насаф” ютиши керак эди, аммо ютолмади. Ҳисоб 3:0! Қайтараман: тажриба ўз сўзини айтди.
Мағлубият жамоанинг Суперлигадаги иштирокига таъсир кўрсатадими?
- Финалдаги мағлубият ички чемпионатда “Насаф”га қанчалик таъсир қилишини вақт кўрсатади. Ҳозир бир нарса десам нотўғри гапириб қўйишим мумкин. Мавсум тугашига ҳеч қанча қолмади. 20 кун ичида “Насаф”нинг қанчалик тайёрлиги, кайфияти қанақа, ҳаммамиз билиб оламиз. Осиё Чемпионлар лигаси учун иккинчи йўлланмани ким олишини охирида кўрамиз. АГМКни ҳам мақсади иккинчи ўринни олиш ва чемпионлар лигасига чиқиш. Ҳозир шу мақсадимиз йўлида кетяпмиз. Ижобий натижаларни кўрсатиб, Худо хоҳласа иккинчи йўлланмани биз оламиз.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
Реваншда ғалаба қозониш учун Тайсон Фьюрига нима керак?
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади