"Спорт ТВ" канали Римнинг "Рома" жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов билан катта интервью ташкил қилди. Суҳбат давомида футболчи "Насаф" ва "Пахтакор" таклифини рад этгани, Абрахам билан рақобати, Италиядаги ҳаёти ҳақидаги барчани қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди.
Нега "Пахтакор" ёки "Насаф"ни эмас, "Бунёдкор"ни танлаган?
- Дарҳақиқат, менда "Бунёдкор"дан бошқалардан ҳам таклифлар бор эди. "Қалдирғочлар" сафига Сергей Лушан борлиги сабабли ўтганман. У билан аввал ёшлар жамоасида ишлаганим боис, имкониятлари қай даражада эканлигидан хабарим бор эди.
Агентларим билан "Ростов"га кўчиб ўтишимдан бир йил аввал шартнома имзолаганман. Яратганга шукур, бу борада менга омад кулиб боқди. Биз улар билан катта йўл аввалида барча режаларимизни бирга тузганмиз. Ҳозир, уларнинг ҳаммаси амалга ошмоқда.
Терма жамоа Бабаян ва Абрамов давридаги икки хил натижаси ҳақида
- Мени МТЖдаги дебютим Самвел Бабаян даврига тўғри келади. Ҳақиқатан ҳам, ўша йилги саралаш босқичида жуда яхши иштирок этган эдик. Якунда эса, арзимаган нарсалар сабабли ЖЧдан ташқарида қолишга мажбур бўлдик.
Эктор Купер билан Осиё Кубогида тўп сурдик. Афсуски, Австралияга қарши плей-офф баҳсида пенальтилар сериясида енгилдик. Агар, лотереяда омад келганида, турнирда узоқроққа боришимиз аниқ эди.
Кейин, Вадим Абрамов жамоа постини қабул қилиб олди. Бу даврга келиб, шу кунга қадар терманинг суяги ҳисобланган барча фаолиятини якунлаган эди. Натижада, жамоавий ўйинимиз йўқолиб қолди. Бу эса, натижаларга таъсир кўрсатди.
Абрамовнинг иккинчи бор терма жамоа постини қабул қилишини хато қарор, деб ҳисобламайман. Агар саралашнинг 3-босқичига йўл олганимизда, менга бу саволни бермаган бўлар эдингиз. Пандемия ҳам воқеаларга таъсир кўрсатди.
Ҳозирги мураббийимиз Сречко Катанец эса, ўзгача услубга эга. Унинг машғулот ўтказиш услуби европалик мураббийларникига ўхшаб кетади. Шунга қарамай, ҳозирги терма жамоа қайтадан тузилмоқда. Шу боис, унга вақт керак, деб ҳисоблайман.
Терма жамоа ҳужум чизиғидаги рақобат ҳақида
- Бу ерда барчадан бир хил нарса талаб қилинади. Жамоага чақирилаётган футболчиларнинг ҳар доим ҳар хил эканлигини ҳисобга олсак, ҳеч кимни алоҳида кўрсата олмайман. Мураббий ўзи истаган ўйинни қуриши учун кўплаб янги қарорлар қабул қилиши мумкин. Биз бир оила бўлиб, уни ҳурмат қилишимиз керак. Натижа учун барча жавоб бериши лозим.
"Рома"даги асосий таркиб учун кураш ҳақида
- Абрахам кучли ҳужумчи. У "Рома"га қадар "Челси"да ҳам ишончли тўп тепган. У билан машғулотларда бирга ишлаш завқ беряпти.
"Венеция" билан ўйинда иккимиз асосий таркибда тўп сурдик. Шунга қарамай, буни кутилмаган қарор, демаган бўлар эдим. Мураббий ҳар бир учрашувга ўзгача ёндашади. Бу ҳам унинг синаб кўрмоқчи бўлган схемаларидан бири.
Рақобатчим бўлишига қарамай, у билан тандемда яхши ҳаракат қилдик. Аслида, бу муҳим эмас. Асосийси, жамоамизнинг ғалабаси. "Рома" соврин ютиши биз учун асосий мақсад. Барча ўз менини кўрсатмаслиги шарт.
Моуриньо бошқача мураббийми?
Дарҳақиқат, Жозе бошқа мутахассислардан кескин фарқ қилади. У ҳиссиётларини яшириб ўтирмайди. Учрашув давомида ва ундан кейин кескин ҳаракат қилиши ҳамда фикр билдириши нормал ҳолат. У билан майдондан ташқарида кўп гаплашмасам ҳам, машғулотларда суҳбатлашиб тураман.
"Рома"нинг бу мавсумдаги мақсади ҳақида
- Биринчи навбатда, ички биринчиликда муваффақиятли иштирок этиш. Режага кўра, лигани кучли тўртликда якунлашимиз шарт. Бунинг учун бизда барча имконият мавжуд. Бу ҳақда Моуриньонинг ўзи ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтди.
Блиц-саволларга Элдор Шомуродовнинг жавоби:
- Спагеттими ёки ош?
- Ош.
- Ростовми ёки Генуя шаҳри?
- Генуя.
- Муборак ёки Жарқўрғон?
- Жарқўрғон.
- "Рома" ёки "Челси"?
- "Рома".
- Торрес ёки Дрогба?
- Дрогба.
- 3та ассист ёки битта гол?
- Гол.
- Кино ёки китоб?
- Кино.
- Ижтимоий тармоқлар ёки уйқу?
- Уйқу.
- Хет-трик, аммо мағлубият ёки голсиз ўйин ва жамоа ғалабаси?
- Ғалаба.
- Валерий Карпин ёки Жозе Моуриньо?
- Иккаласи.
- Мураббий сифатида Абрахам ёки Шомуродов?
- Шомуродов. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига етиб борди (фото)
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди
"Майк Тайсон - Жейк Пол" бокс оқшомининг барча иштирокчилари билан танишинг
Нима учун айнан кузда кўпроқ киви истеъмол қилиш керак?
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди