10:35 / 22.11.2021
1 649

"Навбаҳор" "Андижон"га ёрдам бераркан дейишди, шунинг учун ҳам ютмасак бўлмасди" - Азим Аҳмедов

"Навбаҳор" "Андижон"га ёрдам бераркан дейишди, шунинг учун ҳам ютмасак бўлмасди" - Азим Аҳмедов
“Навбаҳор” клуби водий дербисида сафарда “Андижон”га қарши қийин кечган ўйинда 1:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мухлисларини қувонтирди. “Андижон” эса “Навбаҳор”га ютқазганидан кейин Суперлигани тарк этди.

Айтиш мумкинки, наманганликларнинг ғалабасида жамоа сардори Азим Аҳмедовнинг ҳиссаси улкан бўлди. У майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарди. Ўйиндан кейин "Навбаҳор" сардори Sports.uz учун интервью берди.

- “Навбаҳор” биринчи даврада Наманганда “Андижон”га аламли тарзда ютқазиб қўйганди. Бу сафар эса жамоа Андижонда ўша мағлубият учун реванш олди. Ўйин хусусида қандай фикр билдира оласиз?
- Биз бу ўйинга жуда бошқача тайёрлангандик. Чунки ҳамма, мухлисларимиз ҳам “Навбаҳор” “Андижон”га ютқазиб бераркан, деган гапларни айтишди. Биринчи навбатда ўз майдонимизда мағлубиятга учрагандик. Шунинг учун ҳам аламимиз бор эди. Жиддий тайёрландик. Ғалаба учун майдонга тушдик ҳамда ўша мақсадимизга эришдик.

- Рақибдан қандай қаршилик кутгандингиз. “Андижон” сиз кутган ўйинни кўрсатдими?
- “Андижон”нинг ўйинларини 2-3 кун давомида кўриб, таҳлил қилдик. Стандартларда яхши ишлашибди. Биз ҳам шунга яраша тайёрландик. Рақибдан бошқача ўйин кутгандик. Биз улардан кўра яхшироқ ўйнадик, деб ўйлайман. Шу сабабдан ҳам ғалаба қозониб кетдик.

- Қизиғи, “Навбаҳор”нинг ғалабасидан кейин “Андижон” Суперлигани тарк этди. Рақибнинг бундай аҳволга тушиб қолганига нима дейсиз?
- Бу бизни қизиқтирмасди. Жамоамизни фақат ғалаба қониқтирарди. “Андижон” тушиб кетадими-йўқми, аммо бизни ҳам ўз мақсадимиз бор эди. Мухлислар бошқача фикрда эдилар. Юқорида айтганимдек, “Навбаҳор” ёрдам бераркан, “Андижон”ни олиб қолишаркан, деган гаплар тарқалди. Шу деганлари учун ҳам майдонда жон куйдириб ўйнадик ва меҳнатимизга яраша ғалаба қозондик. “Андижон”га кейинги ўйинларда омад тилайман. Ҳа, клуб тушиб кетди. Аммо “Андижон” яхши жамоа. Мухлислари эса ажойиб. Аммо бизни ҳеч нима қизиқтирмасди. Айтганимдек, жамоамизга фақат ғалаба зарур эди. Ким тушиб кетади, ишимиз йўқ эди. “Навбаҳор” ғалаба қозониши керак эди ва бунга эришди.

- Тугаётган мавсумдан нималарни хулоса қиляпсиз?
- Бу йилги иштирок ҳақида келсак, ўйинлар жуда шиддатли кечди, хурсандман. Олдин “Пахтакор”га қарши қўрқиб ўйнардик. Бу йил эса бошқача ўйин бўлди. Масалан, “Андижон” ҳам “Пахтакор”ни ютди. Ҳамма ўйинлар қизиқарли ўтди. Бу йилги мавсумни яхши ўтди деса ҳам бўлади. Айниқса, охирги 3-4 та турлар жуда қизиқарли тарзда кечди. Яхши таассурот қолдирди.

- “Навбаҳор”нинг иштироки ҳақида гап кетганда, сиз бу борада қандай муносабат билдира оласиз?
- 5-ўринга ҳаракат қиляпмиз. “Бунёдкор” билан ўртамизда уч очколик фарқ бор. Бу клубни “Пахтакор” билан ўйини бор. Худо хоҳласа, мақсадимиз – 5-ўринни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Охирги турда мухлисларимизни хурсанд қилмоқчимиз.

- Келаси йил учун Азим Аҳмедовнинг режаси қандай? Бу бизни қизиқтиряпти...
- Худога шукр, олдимда вариантлар бор. Мавсум тугаганидан кейин бу ёғини ўйлаб кўрамиз.

- Катта эҳтимол билан “Навбаҳор”дан кетасизми?
- Билмадим. Кетаманми-кетмайманми, буни вақт кўрсатади. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бу – футбол.

- Айтмоқчиманки, сизни 2022 йилги мавсумда яна Ўзбекистон чемпионатида кўрамизми ёки легионерга айланмоқчимисиз?
- Бир нарса дея олмайман. Ҳозир айтганимдек, барчасини вақт кўрсатади. Четдан ҳам таклифлар бор.

- Охирги пайтларда Одил Аҳмедовни “Нефтчи”га ўтиши ҳақида гап-сўзлар тарқаляпти. Бу ҳақида нима дейсиз?
- Йўқ, бу миш-миш. Одил акам ҳам айтди, менимча Ўзбекистонда ўйнамасам керак деди. Ҳали акам билан бу масалада хотиржам гаплашганим йўқ.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Навбаҳор" "Андижон"га ёрдам бераркан дейишди, шунинг учун ҳам ютмасак бўлмасди" - Азим Аҳмедов