Рақамлар шуни кўрсатадики, Испания чемпионати ўз бойлигини оширмоқда, лекин у АПЛ билан рақобатлаша олмайди.
2018 йилнинг ёзида Испания Ла Лигаси жиддий зарбага учради – "Сантьяго Бернабеу"нинг португалиялик юлдузи Криштиану Роналду 9 та ёрқин мавсумдан сўнг Мадриднинг “Реал” клубини тарк этди.
Шундан кейин навбат бутун профессионал фаолиятини "Барселона"да ўтказган аргентиналик 34 ёшли "эчки"га етиб келди, у 2021 йилда бирдан муаммоли Каталонияни тарк этишга ва "Париж Сен-Жермен" билан шартнома имзолашга рози бўлди, бу ҳар томонлама (ва аввало, молиявий жиҳатдан) анча ёқимли эди.
Айнан Месси ва Роналду туфайли Испания Ла Лигасининг хориждаги нуфузи узоқ йиллар давомида сақланиб қолганди. Чунки Хитой, Япония, АҚШ ва Европа давлатларидаги кўплаб мухлислар Испания чемпионатидаги турнирларни аргентиналик ёки португалияликнинг муваффақияти нимада эканлигини билиш учун кузатиб боришди. Месси ва Роналду "Барселона" ҳамда "Реал" шарафини ҳимоя қилган кезларда "Эль Класико"нинг бутун дунё бўйлаб кўрилиш рейтингини очиқлашга ҳожат йўқ, назаримизда...
Аммо ҳозир жаҳон футболининг сўнгги ўн йилликдаги асосий шахслари Испания чемпионатида йўқ, шунинг учун лига раҳбарияти ва унда иштирок этувчи клублар кўздан йироқ бўлмаслик, молиявий жиҳатдан кучлироқ мусобақалар, масалан, Англия Премьер-лигаси сояси остида қолиб кетмасликнинг янги йўлларини излаши керак.
"Уэска"нинг собиқ хўжайини Хавьер Тебас 2013 йилдан бери Ла Лига президенти лавозимида ишлаб келмоқда. У, айниқса, асосий масалаларда қаттиққўллиги, принципларга содиқлиги, пичандан игна топа билиши сабабли олқишланади. Минимал имкониятдан максимал фойда олиш имкониятини топиш ҳам Тебасга тегишли хислат. Коронавирус пандемияси туфайли кўплаб футбол лигалари ўз даромадларининг катта қисмини йўқотишди, бироқ Испания чемпионати бу даврда бизнес даромадини 33 фоизга ошириб, фойдани 140 миллион еврога етказди.
Албатта, Тебас ва унинг шерикларига Англия Премер-лигасининг кучи ва имкониятлари билан рақобатлашиш ниҳоятда қийин. Хусусан, сўнгги маълумотлар шуни кўрсатадики, оролликлар ўз чемпионатини хорижда сотишни анча самарали ўзлаштиришган. Ла Лига АҚШ телерадиокомпаниялари билан 8 йил давомида ушбу штат бозорида телевидение ҳуқуқларини 1,5 миллиард еврога сотиш бўйича келишувга эришган бўлса (тендер ғолиби ESPN бўлган), у ҳолда АПЛ NBC Sports билан ҳамкорликдан 2,12 миллиард евро ишлаб олди. АПЛ бу орқали кейинги 6 йил давомида турнирнинг расмий трансляциячиси бўлиш имкониятини қўлга киритди. Умуман олганда, АПЛнинг 6 мавсуми Шимолий Америка бозорида Европа лигалари учун жуда жозибали кўринади, аммо умумий даромад нуқтаи назардан ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
Ла Лига президенти учун чемпионатдаги алоҳида жамоалар, айниқса, раҳбарият хатолари туфайли оғир кунларни бошидан ўтказаётган топ-клублар ривожланишига таъсир ўтказиш ҳақиқатдан ҳам жуда қийин. Масалан, "Барселона" бунга яққол мисол.
2017 йилда "Барса" ишни тўғри йўлга қўйиш бўйича (ҳеч бўлмаганда кадрлар масаласида) сайёрамиздаги энг кучли футбол клубларидан бири бўлиб туюларди. У ерда Лионель Месси, Луис Суарес ва Неймар — афсонавий MSN ҳужум учбурчагини ташкил қилган эди. Бироқ "кўк-анорранглилар"да аста-секин кадрлар ўзгаришни бошлади, бу ҳам клуб имижига, ҳам жамоа натижаларига салбий таъсир кўрсатди. Биринчи "қалдирғоч" Неймарнинг 222 миллион евро эвазига ПСЖга кетиши ҳаммасини ўзгартириб юборди. Каталонияликлар бунинг ортидан бразилиялик футболчининг ўрнига кимнидир олиб келиш "миссия"сига киришишди. Якунда у қадар муваффақиятли бўлмаган трансферларга қўл урилди – "Ливепруль"дан Филиппе Коутиньо ва "Боруссия" Дортмунддан Усмон Дембеле олиб келинди.
Натижада "Барселона" улкан қарзларга (тахминан 1,35 миллиард евро, бу АҚШ ва Шимолий Америкада Ла Лиганинг 8 мавсумини намойиш қилиш ҳуқуқи нархига деярли тенг) ва ўта ёмон натижаларга эришди. Вазият шу даражага етдики, каталонияликлар 2021/22 йилги Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг дастлабки икки турида бирорта ҳам гол уришмади, нафақат “Бавария”га (0:3), балки “Бенфика”га ҳам ютқазишди (0:3). Муваффақиятсизликлар Рональд Куманнинг мавсум ўртасида ишдан бўшатилишига ва футбол майдонида "Барселона" афсонаси бўлган 41 ёшли Хавининг мураббийлик кўпригига келишига олиб келди.
"Барселона"нинг азалий рақиби – "Реал Мадрид"да вазият анча яхши. Карло Анчелотти шогирдлари Ла Лигада ишончли тарзда пешқадамлик қилишмоқда. "Қироллик клуби" иккинчи даврада "Шериф"дан учралган шов-шувли мағлубиятга (1:2) қарамай, ҳеч қандай муаммосиз Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичига чиқди.
"Реал Мадрид" президенти Флорентино Перес клубни жуда яхши билади ва унинг барча тузилмалари фаолиятини самарали йўлга қўйган. Мадридликлар "галактикос" давридан кейин стратегияни ўзгартириб, истиқболли ёшларга сармоя киритишга ҳаракат қилишяпти. Жамоада айнан шундайлардан Винисиус Жуниор, Родриго ва Эдуардо Камавинга пайдо бўлди. Улар билан бирга "бланкос"нинг баъзи собиқ етакчилари авжига чиқишда давом этишмоқда, айниқса, Карим Бензема иккинчи ёшлигини ўтказмоқда десак хато бўлмайди. Испания ва Франциядаги кўплаб мутахассислар уни "Олтин тўп-2021"ни ютишга ҳақиқий даъвогар деб билишгани бежиз эмас.
Бироқ Тебас учун, шунингдек, бутун испан футболи учун "Реал Мадрид"нинг ҳозирги муваффақиятли одими ғурурланишга сабаб бўлмаса керак. Ундан кўра Мадрид клубининг ички майдонда муносиб рақиби йўқлигини англаш муҳимроқ. “Барселона” вақтинчалик "сафда эмас", қолганлар эса етиб кела олишмаяпти. Ҳа, “Атлетико” ўтган йили Испания чемпионлигини қўлга киритганди, аммо ҳозир Диего Симеоне шогирдлари анча йўқотишларга учраб, нақ 7 очко ортда қолишмоқда.
Айнан шу сабаблар туфайли ҳатто Ла Лига капиталлашувини ташқи бозорларда оширишга эришаётган Тебаснинг иши максимал таҳсинга лойиқ. Тажрибали менежер энди жуда кам ва эксклюзив бўлиб кўринмайдиган маҳсулотдан кўпроқ пул топишни ўрганди ва ўртача кўрсаткичдан бир оз юқори даражага чиқди.
Ҳозирги пайтда Месси ва Роналдусиз Ла Лига ўзи арзийдиган маррадан кўпроғини забт этмоқда. Аммо Тебаснинг бундай тенденция бардавом бўлишини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари эртами-кечми етарли бўлмай қолади. Шундай экан, "Барселона", "Атлетико", "Севилья", "Валенсия", "Вильярреал" ва бошқалар бу жараёнга албатта, қўшилишлари керак ёки улар АПЛ билан рақобатлашишни абадий унутишлари лозим.
Шерзод Нурматов таржимаси
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ ва Россия Исроил ҳамда “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги келишувда воситачи бўлади