14:12 / 20.12.2021
2 457

Абрахам Шомуродовнинг “иши”ни такрорлади!

Абрахам Шомуродовнинг “иши”ни такрорлади!
А Серия доирасида ўтказилган “Аталанта” ва “Рома” баҳси 18-турнинг марказий учрашувларидан бири бўлди. Бергамо шаҳри мезбонлик қилган ва римликларнинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган беллашувда бир неча эътиборга молик воқеалар содир бўлди. Эътиборингизга учрашувга оид фактларни ҳавола этамиз.

“Рома”нинг 10-ғалабаси
Жозе Моуриньо жамоаси жорий мавсумдаги 10-ғалабасини нишонлади. Бу учрашувларда римликлар 30 та гол уриб, ўз дарвозасидан 20 та тўп олиб чиқди ва жами 31 очко жамғарди.

Кетма-кет учинчи ғалаба
А Серия ва Конференциялар лигаси ўйинларини қўшиб ҳисоблаганда “Рома” ғалабали сериясини учта учрашувга етказди. Пойтахт клуби УЕФА миқёсидаги турнирда ЦСКАни, А Серияда “Специя” ва “Аталанта”ни таслим қилди.

Сафар учрашувидаги тўртинчи ғалаба
“Рома” рақиб майдонида ўтказилган 9 та учрашувдан тўрттасида зафар қучган. Қизиғи, Моуриньонинг жамоаси энг муросасизларидан бири. Хусусан, сафар учрашувларда ё ғалаба ёки мағлубият қайд этган. Улар дурангга рози бўлмайди.

Абрахам Шомуродов натижасини такрорлади
Тэмми Абрахам Бергамодаги учрашувда А Сериядаги биринчи дублини қайд этди. Эътиборли томони, Элдор Шомуродов ҳам Италия чемпионатидаги илк дублини айнан “Аталанта” билан бўлган учрашувда нишонлаган. Ўтган мавсумда “Женоа” шарафини ҳимоя қилган легионеримиз иккинчи бўлимда майдонга тушиб, иккита гол урганди.

Абрахам “Рома” тўпурарига айланиб бормоқда
Тэмми Абрахам асосий ҳужумчи номига мос натижа қайд эта бошлади. Англиялик ҳужумчи “Рома” таркибида А Серияда ва Конференциялар лигасида олтитадан – жами 12 та тўп киритди. Бунинг учун унга 24 та учрашув кифоя қилди.

Бу натижа илк бор 1927 йилда қайд этилган
“Аталанта”ни сафарда 4:1 ҳисобида енгган “Рома” ўз тарихида рақиб майдонида худди шу натижани илк бор 1927 йилда қайд этган. Римликлар учун бу сафар майдонида 1:4 наижаси билан якунланган 22-ўйин бўлди. “Рома” охирги маротаба 2019 йили “Фиорентина” майдонида худди шу кўрсаткични қайд этган эди.

Дзаньолонинг қуруқ серияси тугади
“Рома” ярим ҳимоячиси Николо А Серияда 514 кун давом этган голсиз сериясига якун ясади. Истеъдодли футболчи сўнгги маротаба 2020 йилнинг 20 июль куни “СПАЛ” жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, римликларнинг 6:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаган эди.

2018 йилдан бери “Рома” шарафини ҳимоя қилиб келаётган Дзаньоло “бўрилар” сафида 90-учрашувини ўтказиб, 17-голини урди.

Шомуродов собиқ жамоадошига қарши ўйнади
Ўтган мавсумда “Женоа” шарафини биргаликда ҳимоя қилган Элдор Шомуродов ва Давиде Дзаппокаста бу гал бир-бирига тўқнаш келди. Ўзбек легионери “Рома” сафида 70-дақиқада майдонга туширилди.

Давиде Дзаппакоста эса 79-дақиқада майдонга чиқарилди. Қизиғи, Дзаппакоста "Женоа"дан олдин "Рома" шарафини ҳимоя қилган.

Олдинди сўнгги ўйин
“Рома” футболчилари 2021 йилни яхши кайфиятда якунлаш имконига эга. “Бўрилар” бу йилги сўнгги учрашувни “Олимпико” аренасида ўз мухлислари кўз ўнгида ўтказади.

22 декабрга белгиланган 19-тур учрашувида Жозе Моуриньо шогирдлари “Сампдория” билан куч синашади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абрахам Шомуродовнинг “иши”ни такрорлади!