20:25 / 01.02.2022
2 115

Спорт залидан бошланган севги қиссаси ва Дубайдаги омадли "Асал ойи" ҳақида Достон Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи билан интервью

Спорт залидан бошланган севги қиссаси ва Дубайдаги омадли "Асал ойи" ҳақида Достон Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи билан интервью
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Қатарнинг "Ал-Сайлия" клуби ярим ҳимоячиси Достон Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи Севинч Ҳамдамова билан Sports.uz сайти интервью ташкил қилди. Қуйида мазкур интервьюни тўлиқ ҳолда ҳавола қиламиз.

Асосий саволларни бошлашдан олдин ўзингиз ҳақингизда айтиб берсангиз.
Мен Хамдамова Севинч, 1998 йилнинг 17 август санасида Тошкент шаҳрида туғилганман. Яқинда Тошкент халкаро Вестминстер университетини Бизнес Менежмент йўналишини тамомладим.

Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз?
Танишганимизга икки, тўйимизга 1 йил бўлди. Совчилар орқали танишганмиз ва бир-биримизни яхши кўриб турмуш қурганмиз. Улар мени 2019 йил спорт залида кўриб қолгандилар. Жароҳат туфайли "Пахтакор"даги жамоадошларидан алоҳида фитнес залида машғулот ўтардилар. Мен ҳам ўз соғлиғим учун худди ўша залга қатнар эдим. Ўша ерда мени биринчи кўришларидаёқ севиб қолганлар. (Ўзларининг айтишича, юрагидан урган эканман!) Тахминан 2 ҳафтача кузатган ва кейин кўнглимга йўл топишга ҳаракат қилганлар.

Ўшандан кейинги биринчи учрашувингиз ҳақида гапирсангиз. Улардан олган ва берган биринчи совғангиз нима бўлган?
Умуман олганда, спорт залида кўришганимиз ҳисобга ўтса керак. У ерда мен билан гаплашишга, эътиборимни қозонишга, тил топишишга ҳаракат қилар эдилар. Бевосита биринчи учрашув эса, кафеда бўлган. Менга берган илк совғалари албатта гул. Менимча, йигитларнинг ҳаммаси биринчи бўлиб гул берса керак. Мен эса уларга атир совға қилганман. Ўшанда 24 июль туғилган кунлари эди.

Ўзи улар билан танишишдан олдин футболга қизиққанмисиз?
Тўғрисини айтсам, футболни жуда ҳам ёмон кўрардим ва умуман қизиқмасдим. Ҳозир ишонмаслигингиз мумкин, аммо мен Ўзбекистонда футболчилар йўқ деб ўйлар эдим. Бунга оила аъзоларимнинг ҳам футболга қизиқмаслиги сабаб бўлгандир. Достон акам: "Мени танийсизми, қаердадир эшитганмисиз", деб савол берган эдилар. Ўшанда "йўқ", деб жавоб берганимда ҳайрон қолгандилар ва ҳатто, ишонмаган бўлсалар ҳам ажаб эмас.

Ишонаман! Бошқа баъзи футболчиларнинг аёллари ҳам қизиқмаган экан...
Чунки бу спортнинг кўпроқ эркаклар кўрадиган тури-да.

Турмуш ўртоғингиз Дубай клубида ўйнаган. Сиз ҳам улар билан борганмисиз?
Ҳа, мен улар билан бирга эдим. Чунки биз тўйдан кейин Дубайга "Асал ойи"га борган эдик. Аммо тақдир тақозоси билан у ерда 6 ой қолиб кетдик. Турмуш ўртоғимга БАА клубларидан қизиқиш бўлган экан. Шу-шу анча пайтгача бошқа давлатда яшашимизга тўғри келган.

Дубайда турмуш ўртоғингиз иштирокидаги ўйинларни кўриш учун стадионга тушганмисиз? Умуман у ерда яшаш сизда қандай тасуротлар қолдирган? Ўрганиш қийин бўлмаганми?
Пандемия туфайли стадионга бора олмаганман. Чунки улар ҳаракат қилган клуб атрофидаги коронавирус билан боғлиқ вазият сал ёмонроқ эди. Шунга қарамай, ҳар доим уларнинг ўйинларини кузатаман, уйда ўтириб "поддержка" киламан. Дубай менга жуда ҳам ёққан. Шаҳар чиройли, об-ҳавоси, инсонлари менга маъқул келган. Қийинчилик умуман бўлмаган умуман. Ҳар иккаламизнинг мослашув жараёнимиз анча осон кечган.

Бирлашган Араб Амирликларидан ташқари қайси давлатларда бўлгансиз?
Қозоғистон, Таиланд, Туркия, Ҳиндистон ва БАА.

Достон Ҳамдамов яқиндагина "Ал-Сайлия" клубига ўтди. Сиз ҳам улар билан бирга кетмадингизми?
Йўқ, мен ҳозир Ўзбекистондаман. Чунки улар миллий терма жамоа билан ўқув-машғулот йиғинида қатнашиш учун кетгандилар. Ўша ердан йўл-йўлакай Қатарга кетдилар ва ҳозир коронавирус туфайли Дубайга қайтиб кела олмаяптилар. Лекин Худо хоҳласа, визам чиқиши билан БААга бораман, унгача улар ҳам келиб қолсалар керак.

"Инстаграм"да Элдор Шомуродов ҳамда Жалолиддин Машариповнинг аёллари билан видеоларингизни кўрган эдим. Улар билан қандай танишгансиз?
Шомуродова билан турмуш ўртоқларимиз орқали, Машарипова билан эса ўзимиз танишганмиз. Чунки ўша пайтда турмуш ўртоқларимиз биргаликда "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилар эди. Уларнинг ҳар иккиси билан жуда яхши алоқадамиз.

Умуман олганда, қайси футболчиларни аёллари билан гаплашиб турасиз?
Тўғриси, жуда кўпчиликни танимайман. Биладиганларим Суюнова, Ҳамробекова. Чунки улар билан қўшнимиз. Бундан ташқари, Собирхўжаевани танийман ва Ашурматова билан ҳали кўришиб, яқинроқ танишишга улгурмадик.

Олдинги интервьюларда футболчини аёли бўлиш қийин деган фикр айтилганди. Сиз бунга қўшиласизми?
Ҳа, қўшиламан. Чунки баъзи пайтларда турмуш ўртоғимизни ойлаб, ҳатто 1 йилгача кўрмаймиз. Мисол учун, Достон акамни кўрмаганимга 1 ойдан ошди. Аммо айрим қизлар футболчиларнинг турмуш ўртоқларига ҳавас қилишади, уларда ҳаммаси идеал деб ўйлашади. Йўқ, бу ҳам ўзига яраша қийин.

Келажакда ўғлингиз шу соҳани танлашига қандай қарайсиз? Ёки қизингиз футбол ёки бошқа спорт турини танлашига муносабатингиз қанақа?
Мен бунга ижобий қарайман ва қўллаб-қувватлашга тайёрман. Улар шуни танласа, бу амалга ошиши учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Лекин хўжайиним буни истамайдилар. "Мен кўрган қийинчиликларни у ҳам бошидан ўтказишини хоҳламайман" дейдилар. Балки кейинчалик фикрлари ўзгарар...

Ажойиб, лекин кўпчилик бу нарса қарши бўлади...
Қилаётган ишини ўзи севса, мен ҳеч қачон қарши бўлмайман!

Юқорида турмуш ўртоғингиз ўзи ўтган қийинчиликлардан фарзандлари ўтишини хоҳламаслигини айтдингиз. Сизнингча, Достон Ҳамдамов футболчилик фаолияти давомида шу соҳани танлаганидан афсусланган пайтлари бўлганми?
Балки афсуслагандир, лекин улар ҳеч қачон буни билдирмайдилар, ҳарактерлари шунақа. Аксинча, ўз соҳасини устаси бўлишга янада кўпроқ куч билан ҳаракат қиладилар. Қачондир фарзандимиз футболчи бўлишни истаса, билган нарсаларининг барчасини ўргатсалар керак деб ўйлайман.

Турмуш ўртоғингиз билан бирорта қизиқарли воқеани айтиб бера оласизми?
Воқеа эмас-ку, лекин мен учун қизикарли томони мен 17 августда туғилганман, улар 17-рақамда ўйнайдилар.

Достон Ҳамдамовни аёли 3 та сифат билан қандай таърифлайди?
Нафақат учта, ундан ҳам кўпроқ айтаман:
1. Меҳрибон;
2. Жуда масъулиятли;
3. Ҳеч қачон, ҳеч кимдан ёрдамини аямайдиган;
4. Меҳнатсевар;
5. Ҳалол;
6. Уятчанг ва сўнгиси Ўзбекистондаги энг яхши футболчилардан бири.

Сўнгги ва ҳазил савол ўтсак: Достон Ҳамдамов ютқазиб қўйган ўйинларидан кейин машҳур кинодагидек тош ойнани излаб, жиғибийрон бўлмайдими? Ўзи умуман, бундай ҳолларда унга қандай ёрдам берасиз?
Агар жамоаси мағлубиятга учраб, кайфиятсиз келсалар ҳар доим далда беришга ҳаракат қиламан. "Бу - футбол! Тўпни қаерга тепса, ўша ерга боради. Сиқилманг, ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Майли, бир сафар ютқазиб берибсизлар, ҳар доим ютаверасизларми?!", деб ҳазиллашаман.

Кайфиятларини кўтариш қийин эмасми? Мағлубият баъзи инсонларга жуда қаттиқ таъсир қилади...
Агар жуда ҳам муҳим ўйин бўлса, мен ҳам гапирмасликка ҳаракат қиламан. Ўзларини бироз муддатга ёлғиз қолдириш тарафдориман.

Интервьюга рози бўлганингиз учун раҳмат!
Арзимайди!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Спорт залидан бошланган севги қиссаси ва Дубайдаги омадли "Асал ойи" ҳақида Достон Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи билан интервью