20:07 / 17.04.2022
3 044

“Рома”: Айтилган суммани бериб, шу ҳужумчимизни олиб кетинглар!

“Рома”: Айтилган суммани бериб, шу ҳужумчимизни олиб кетинглар!
Николо Дзаньолонинг ўйини кучайиб бораётганига қарамай, “Рома” раҳбарияти ёзда уни сотиб юборишга тайёрланмоқда.

Гап шундаки, ҳужумкор футболчининг амалдаги шартномаси яна икки мавсумдан кейин якунланади. 22 ёшли ўйинчи ва клуб ўртасида янги келишув бўйича ўтказилган музокаралар муваффақиятли якун топмади. Томонлар бир қарорга кела олмаган.

Аниқроғи, римликлар Николога ҳар йили 6 миллион евро атрофида маош бермоқчи. Бу ўйинчини қониқтирмаяпти.

Шу боис, Рим клуби Дзаньолони ёзда сотиб юбормоқчи. Ҳозирча, улар қайси клуб 60 миллион евро атрофида маблағ таклиф қилса, ҳужумчини ўша клубга жўнатмоқчи.

Дзаньолога А Сериянинг ўзидан “Ювентус” ва “Наполи” жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Агар Николо янги шартнома имзоламаса, “Рома” ёзда уни сотиб юбориши керак бўлади. Чунки трансфер келаси йили ёзга қолса, ўйинчининг шартномаси охирлаб қолади ва унинг нархи тушиб кетади.

Рақиб “Рома” ҳимоячисини сўраяпти

Жозе Моуриньо “Рома”ни қабул қилиб олганидан кейин захира ўриндиғига ўтириб қолган ёш ҳимоячи Мараш Кумбулла ўзига берилган кам сонли имкониятлардан тўғри фойдаланиб, жамоанинг етакчи ҳимоячиларидан бирига айланди.

Ҳозир албаниялик ҳимоячига янги даъвогарлар чиқяпти. Хусусан, “Милан” ҳимоячиси Алессио Романьолини пойтахтга кўчиб ўтишга кўндирган “Лацио” энди асосий рақобатчиларидан бўлган “Рома” вакилини ҳам олмоқчи.

Аслида Кумбулла “Верона”га тегишли ҳисобланади, лекин узоқ муддатли ижара асосида “Рома” шарафини ҳимоя қиляпти.

“Рома”да бу ўйинчини “Верона”дан тўлиқ сотиб олиб, кейин бошқа жамоага трансфер қилиш имконияти ҳам бор.

“Рома”га Бундеслигадаги ўйинчи керак

“Рома” спорт директори Тьягу Пинто ёш дарвозабон Мила Свилар трансферини уддалаганидан кейин бошқа нишон – “Хоффенхайм” ярим ҳимоячиси Флориан Гриллични поутахтга олиб келиш бўйича иш олиб бормоқда.

Айни пайтда Пинто футболчининг агентлари билан доимий алоқани ушлаб турибди. 26 ёшли австриялик ўйинчининг амалдаги шартномаси мавсум охирида якунланади.

Бу ўйинчи кучлироқ клубга ўтиш мақсадида “Хоффенхайм” билан янги келишув имзолашдан бош тортди.

Тажрибали футболчини эркин агент сифатида бепул қўлга киритиш имконияти бошқа клубларнинг ҳам эътиборини тортмоқда.

DailyMail нашрининг хабар беришича, Флориан Грилличга Англия премьер-лигаси вакилларидан “Арсенал”, “Ньюкасл”, “Эвертон” ва “Лидс” каби жамоалар жиддий қизиқиш билдиряпти.

Демак, Жозе Моуриньо ўз жамоасида кўришни истаётган ўйинчини олиш римликларга осон бўлмайди.

Абрахам тарихий рекорд остонасида

“Рома”да дебют мавсумини ўтказаётган “Челси” тарбияланувчиси Тэмми Абрахам пойтахт клубида гол уриш бўйича тарихий натижаларни қайд эта бошлади.

Англиялик ҳужумчи бу мавсумда А Серияда 15 та, Конференциялар лигасида 8 та ва Италия кубогида битта, жами 24 та гол уриб, “Рома”даги биринчи мавсумида кўп гол уриш бўйича Роберто Фольк рекордини такрорлади.

Роберто Фольк клуб тарихида узоқ давом этиб келаётган рекордини 1929-1930 йилги мавсумда ўрнатган эди.

Тэмми Абрахам яна битта гол урадиган бўлса, 90 йилдан ўтган рекордни янгилайди. Бунинг учун 24 ёшли ҳужумчида имконият ҳам, вақт ҳам, бўлажак ўйинлар ҳам етарли даражада. Қолаверса, футболчининг жисмоний ҳолати қандай бўлишидан қатъи назар, бош мураббий Жозе Моуриньо Абрахам ҳар бир учрашувда бошланғич таркибда майдонга тушурмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Рома”: Айтилган суммани бериб, шу ҳужумчимизни олиб кетинглар!