09:21 / 26.04.2022
1 174

"Насаф"нинг рақиби "Ал-Веҳдат"нинг ўйинини таҳлил қиламиз! Унинг кучли ва кучсиз томонлари нимада?

"Насаф"нинг рақиби "Ал-Веҳдат"нинг ўйинини таҳлил қиламиз! Унинг кучли ва кучсиз томонлари нимада?
"Аждарлар" ОЧЛ гуруҳ босқичида яхши натижа кўрсатишни уддаламоқда, аммо барча меҳнатни юзага чиқариш учун 6-турда "Ал-Веҳдат"ни яна бир бор мағлубиятга учратиш шарт! Хўш, Иордания клуби бизга қандай хавф туғдиради? Қайси аспектларда "Насаф" кучлироқ? Қандай омил якунда бизга 3 очко тақдим этиши мумкин? Ушбу учрашув олдидан рақиб жамоа ўйинига баҳо беришга қарор қилдик. Катта, аммо жуда фойдали материал "аждарлар" мухлисларини бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

"Ал-Веҳдат"нинг ўйин услуби қандай?

Бош мураббий классик 4-2-3-1дан фойдаланади. Бу замонавий футболдаги энг урфга кирган схема. Шундай бўлсада, иорданиялик футболчилар ундан 100 фоиз фойдаланади, деб бўлмайди. Сабаби, таркибдаги ижрочиларнинг маҳорати бунга имкон бермайди. Биринчи навбатда, кучли прессинг уюштириш борасида уларда муаммолар етарлича. "Насаф" асосан рақиб жарима майдончаси ичида босимни бошласа, "Ал-Веҳдат" рақибни майдон марказида кутиб олишга ўрганган.

Бу уларга қарши ўйинда Бердиев шогирдларига тўп назоратини ортиқча муаммосиз қўлга олиш имконини беради. Бундан ташқари, "Ал-Веҳдат" кучли босим уюштирувчи жамоалар билан ўйинда олдиндаги ягона ҳужумчисига иккинчи қаватдан узатмалар амалга оширишни афзал кўради. Ўз жарима майдончасида хатога йўл қўйгандан кўра шуниси маъқулдек. Айнан шу важ сабабли "Ал-Садд" тўп назоратини ўз қўлига олиб, уларни 5:2 ҳисобида таслим этган эди.

Ёдингизда бўлса, бу жамоалар ўртасидаги биринчи ўйинда айнан тўп назорати ҳал қилувчи омилга айланганди. Иккинчи бўлимда мобилроқ ҳаракат қилган "аждарлар" якунда сўнгги 20 дақиқаликда иккита гол уриб, 3 очко ишлаган. Олдиндаги ўйинда ҳам бу фактор таблодаги ҳисобга таъсир кўрсатмай қолмайди. Прессингда фаол бўлмагани боис "Насаф" ортиқча муаммосиз қанот кучларини ўйинга ташлаши, керакли паллада марказдаги футболчиларни олдинроқ суриши мумкин.

Ожиз нуқтаси қаер?
"Ал-Веҳдат"нинг энг ожиз нуқтаси бу - таянч ярим ҳимояси. Мураббий бу "зона"ни беркитиш учун 2 футболчини ўйинга ташлаганига қарамай, барчаси самарасиз якунланганди. Келинг, Станоевичнинг биринчи голини ёдга оламиз:


Ушбу суратда "Насаф"нинг сербиялик легионери ҳеч қандай қаршиликсиз зарба йўллайдиган позицияга чиқиб борганини кўриш мумкин. Баъзан, жамоа тўпсиз қолиб кетганида прессинг уюштиради, бироқ қарши ҳужум йўлга қўйилган "Насаф" учун бу айни муддао. Рақиб футболчилари қисқа муддат ичида ўз позициясига етиб келишда оқсайди. Таянч ярим ҳимоячилари эса, "Насаф"даги каби интенсив футбол кўрсатмайди. Олдинга чиқса, қайтиши қийин. Қолса, ҳужумга қўшилмайди. Жуда кўп вазиятларда ўз ҳудудини очиқ ташлаб кетади.

Бу Акмал Мозговой, Марко Станоевич ва Шароф Муҳитддинов учун қўшимча имконият. Уларнинг учаласи ҳам керакли паллада плеймейкерга айланиши мумкин. Бош "зона" пайдо бўлиши билан олдинга ўтиши ва зарба йўллаш имкониятига эга. Умуман олганда, рақиб тактик жиҳатдан "Насаф"дан орқада. Йўлга қўйилган ўйин механизми сабабли қаршиликлар "совуқ мия" билан ҳаракат қилса, йирик ҳисобда ҳам ғалаба қозониши мумкин.

Хавф туғдириши мумкин бўлган аспектлар
Иорданияликлар, асосан ҳар бир эпизодни охиригача ўйнаб қўйишга одатланган, аммо асосий устунлиги унда эмас. Улар стандарт вазиятлардан фойдаланиш ва камроқ куч сарфлашга уринади. 60-дақиқага қадар ҳимояга урғу берган ҳолда, ўйиннинг сўнгги қисмида катта куч билан олдинга боради. "Ал-Садд" дарвозаси ҳам айнан 61 ва 75-дақиқада ишғол этилгани сўзимизга исбот бўлиши мумкин. Умуман олганда, "Ал-Веҳдат" мусобақадаги голларининг 80 фоизини иккинчи бўлимда киритган. Жуда содда ва футболчилар учун қулай ўйин қуришга уринган Раед Ассаф мақсадига ета олди. Тўғри, бундай футбол билан катта марраларни забт этиш мураккаб, лекин кучлилар орасида ўзини йўқотиб қўймаслик учун кифоя қилади. Айни дамдаги гуруҳ жадвалига назар солсак, "Ал-Веҳдат"да назарий жиҳатдан имкон бор.

Бунинг учун улар "Насаф" устидан ғалаба қозониши ва тўплар нисбатини яхшироқ ҳолатга келтириши талаб этилади. Ғалати эшитилиши мумкин, аммо бу қаршиликларга катта плюс бўлади. Шунчаки 90 дақиқани ўтказиш учун майдонга чиқиб келган рақибни енгишдан кўра, очиқ футбол ўйнаб, олдинга интиладиган жамоага қарши тўп тепиш Бердиев шогирдлари учун осонроқ. 4-турда "Ал-Файсали" чуқур ҳимояга кетганида, "Насаф" деярли 70 дақиқа ҳужум қилиб, гол кирита олмагани ёдингиздами? Саудия клубини дуранг қаноатлантиргани боис, улар "эконом" режимда ҳаракат қилган эди. Бу сафар ҳам шундай бўлмаслиги учун рақибга ҳам натижа муҳим эканлиги қайсидир маънода бизга қўл келиши мумкин.

"Насаф"дан нима талаб этилади?
Рўзиқул Бердиев шогирдлари гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинда совуққон ҳаракат қилса бўлди. Уларга ортиқча босим умуман керакмас. Худди суперлига баҳсида иштирок этгандек енгил, оддий ҳаракатлар кифоя. Рақибни шошириб қўядиган қандайдир схема, футболчиларнинг кутилмаган рокировкаси ва бошқа деталлар ортиқча. "Аждарлар" шунчаки майдонга чиқиши ва ўзидан кучсиз бўлган рақиб билан ўйин ўтказиши лозим. Ҳозир футболчиларга ортиқча ҳаяжонланиш ҳам мумкин эмас. Ҳа, мумкин эмас! "Ортингизда ватан турибди!", "Халқ учун ўйнанг!", "Байроғимизни баландга кўтаринг!" Шу ва шунга ўхшаш баландпарвоз сўзларни айтмаслигимиз шарт. Йигитлар ўз кучига ишонади ва уни чамалай олади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Насаф"нинг рақиби "Ал-Веҳдат"нинг ўйинини таҳлил қиламиз! Унинг кучли ва кучсиз томонлари нимада?