
Япониянинг машҳур Kawasaki компанияси футуристик ва технологик жиҳатдан илғор транспорт воситаси — Corleo робот-от концепциясини Osaka-Kansai Expo 2025 кўргазмасида намойиш этди. Бу шунчаки транспорт эмас — у ҳар қандай релъефда ҳаракатлана оладиган, тўрт оёқли, сунъий интеллектга эга инқилобий робот.
Янги давр қаҳрамони: сунъий ақл ва водород қуввати
Corleo робот-от замонавий водородли двигатель ва сунъий интеллект (AI) билан жиҳозланган. СИ орқали у йўлнинг шакли, тиклик даражаси ва ҳаракатдаги барқарорликни таҳлил қилади, чавандознинг оғирлигини эътиборга олиб, ҳаракатини автоматик мувофиқлаштиради.
Тўртта мустақил робот оёқ — ҳар қандай релъеф учун
Corleo’нинг энг ажойиб жиҳати — унинг тўртта интеллектуал оёғи. Орқа оёқлар олдинги оёқлардан мустақил равишда юқори-паст ҳаракатланади. Бу эса қорли тоғлар, ёмғирли шохобчалар ёки ноҳамис тексликлардан осон ўтиш имконини беради. Юриш ва югуриш пайтида ҳаракат самарадорлиги юқори даражада сақланади.
Функционал дизайн ва интерактив бошқарув
Робот-отнинг корпуси аэродинамик шаклда яратилган, металл ва углероддан тайёрланган. Унинг олд қисмида мотоциклни эсга солувчи “қалқонсимон” бош қисми бор, фаралари эса кундуз-туннинг ҳар қандай шароитида ёруғлик бериши мумкин.
Бошқарув тизими анъанавий тугмаларсиз — чавандознинг оғирлик марказини ўзгартириши билан робот ҳаракатни сезади ва мувофиқ жавоб беради.
Қурилмадаги илғор функциялар:
- Каучукли "туёқлар" – сирпанишдан ҳимоя, қаттиқ ва юмшоқ юзаларда бирдек самарадор;
- Асбоблар панели – водород қуввати, навигация, барқарорлик ва тортишиш марказини кўрсатувчи HUD-дисплей;
- Сакраб ўтиш қобилияти – юқори рельефли жойлар ва тўсиқларни енгиб ўтиш имкони.
Қачон чиқиши мумкин?
Ҳозирда бу фақат концепция сифатида тақдим этилган бўлиб, техник жиҳатлари тўлиқ очиқланмаган. Компания маълум қилишича, Corleo’ни реал бозорга чиқариш 2050 йилгача режалаштирилган. Тезлиги, батарея автономлиги каби техник маълумотлар ҳозирча махфий сақланмоқда.
Келажакдаги йўлтанламас — бугунги тасаввурда
Kawasaki'нинг Corleo робот-оти — бу нафақат транспорт воситаси, балки одам билан технология ўртасидаги янги мулоқот усули. У нафақат шарқона зеҳн, балки замонавий технологиянинг чўққисидир. Агар Corleo концепцияси амалга ошса, транспорт воситаларига бўлган қарашлар бутунлай ўзгаради. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!