Бугун Uzcard карталари орқали амалга ошириладиган операцияларда тўсатдан носозликлар юзага келди. Шу билан бирга, Uzcard.uz расмий веб-сайти ҳам фойдаланувчилар учун очилмай қолди.
Компания тарқатган маълумотга кўра, бу ҳолат “режадан ташқари профилактика ишлари” билан боғлиқ. “Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ берган ахборотда таъкидланишича, вақтинчалик муаммолар қуйидаги йўналишларда сезилмоқда:
-
банкоматлар (ATM)
-
E-POS ва POS терминаллар
-
халқаро банк карталари
-
хорижда қўлланиладиган кобейжинг карталари
Бундан ташқари, айрим мобил иловалар орқали тўлов ва пул ўтказмаларида ҳам қийинчиликлар кузатилмоқда. Бироқ, расмий баёнотда бу жиҳат ҳақида алоҳида маълумот берилмаган.
Uzcard томонидан берилган изоҳда қуйидагича дейилган:
— Вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз. Мутахассисларимиз носозликларни тез орада бартараф этиш ва тизимнинг барқарор ишлашини тиклаш устида иш олиб боришмоқда.
Мутахассислар фикрича, бундай узилишлар кўп сонли фойдаланувчилар ҳаётида вақтинча қийинчиликлар туғдирса-да, тизим тўлиқ тикланганидан сўнг хизматлар яна одатдагидек ишлай бошлайди. Фойдаланувчилар эса Uzcard’нинг янгиланган ахборотини кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!