Kingdom Come Deliverance 2 Steam Awardsда совринсиз қолди

2026 йил боши Скалицалик Индржих мухлислари учун кўнгилсиз хабар билан келди: Kingdom Come: Deliverance 2 The Game Awards 2025 маросимидан совринсиз қайтгач, ҳамжамият барча умидини Steam Awardsга боғлаган эди. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Ўйинчи овози ҳал қилувчи бўлгани учун, саноат экспертлари эмас, айнан геймерлар тарихий RPGга керакли ғалабани олиб беради деган фикр кенг тарқалди. Аммо натижа аксинча чиқди: Warhorse Studios лойиҳаси “Йил ўйини” ва “Энг яхши сюжет” каби номинацияларни ҳам қўшиб, бирорта ҳам совринга эга бўлмади. Кузатувчилар орасида у 2025 йилнинг энг катта “совринсиз қолган” лойиҳаси сифатида тилга олинмоқда.
Шу билан бирга, мўътадил мухлислар бошқа бир ҳақиқатни эслатади: тижорий муваффақият ва юқори сифат ҳар доим ҳам оммавий машҳурликка тенг келавермайди. Redditдаги кўплаб ўйинчилар KCD2 жуда хардкор эканини, шу боис у мейнстрим ўйинлар билан беллашишда қийналишини тан олмоқда — бу эса юқори сотувлар ва мақтовли фикрларга қарамай, ўйин кенг аудитория томонидан етарлича қадрланмаганини кўрсатади.
Warhorse ўзининг ўта реализмга таянадиган ёндошуви ва ноодатий механикаси билан кўпинча FromSoftware’нинг илк ишлари билан қиёсланади: тарих ишқибозлари ва мураккаб геймплейни ёқтирадиганлар учун бу ҳақиқий “севги мактуби”, бироқ одатий казуал геймерлар учун ҳаддан ташқари талабчан бўлиб туюлиши мумкин.
Steam Awards 2025даги муваффақиятсизлик эса ҳамжамиятнинг қоронғу томонини ҳам юзага чиқарди. Форумларда фитна назариялари, ғолибларга — хусусан Silksong ва Dispatch каби номларга — ҳужумлар кўпайди. Баъзи мухлислар натижалар сохталаштирилганини даъво қилиб, “казуал” ўйинчиларни ҳақиқий ўйинни тушунмайди дея камситди.
Шунга қарамай, бошқа фойдаланувчилар вазиятни босишга чақириб, совринлардан қатъи назар ўйиндан завқ олиш кераклигини таъкидлади. Уларнинг фикрича, “Йил ўйини” номинациясининг ўзи ҳам катта эътироф, қолганини эса вақт ва аудитория баҳоси ҳал қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!