Торонтода СМС-бластер орқали фирибгарлик қилган гуруҳ қўлга олинди

Торонто полицияси шаҳарнинг марказий қисмида СМС-бластер қурилмасидан фойдаланиб, минглаб одамларга зарарли хабарлар юборган уч нафар шахсни ҳибсга олди. 2025-йилнинг ноябрь ойидан буён фаолият юритиб келган ушбу гуруҳга нисбатан 44 та айблов илгари сурилди. Расмий маълумотларга кўра, бу Канадада қайд этилган илк шундай ҳолатдир. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
СМС-бластерлар мобил алоқа минораларини сохталаштириш ва кучлироқ сигнал тарқатиш орқали яқин-атрофдаги смартфон ҳамда планшетларни ўзига улашга мажбур қилади. Қурилма 2Г тармоқларидаги хавфсизлик бўшлиқларидан фойдаланиб, фойдаланувчиларга фишинг ҳаволалари бўлган хабарларни юборади. Ушбу ҳаволалар орқали жиноятчилар банк ҳисоблари ва шахсий маълумотларни ўғирлашни мақсад қилган.
Полиция вакилларининг таъкидлашича, ушбу қурилмалар нафақат фирибгарлик учун ишлатилган, балки 911 фавқулодда хизматларига ҳам халақит берган. Махсус жиҳозланган автомобил ичига ўрнатилган қурилма шаҳар бўйлаб ҳаракатланиб, турли ҳудудларда хабарлар тарқатиш имконини берган. Худди шундай ҳолат 2024-йилда Бангкокда ҳам кузатилган эди.
Мутахассислар фойдаланувчиларга телефон созламаларидан 2Г алоқа тармоғини ўчириб қўйишни тавсия қилмоқда. Хусусан, Apple қурилмалари эгалари Локкдовн Моде функциясини ёқиш орқали ушбу турдаги хавфлардан ҳимояланишлари мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!