NASA Марс миссияси иштирокчилари 200 кунлик изоляцияни якунлашди

NASAнинг ЧАПEА (Крев Ҳеалтҳ анд Перформансе Эхплоратион Аналог Миссион) иккинчи миссияси иштирокчилари Марсдаги ҳаётни имитация қилувчи мажмуада 200 кунлик узлуксиз изоляцияни ортда қолдиришди. Тўрт кишидан иборат экипаж аъзолари — Росс Элдер, Эллен Эллис, Меттю Монтгомери ва Жеймс Спайсер ўтган йилнинг октябрь ойидан буён 160 квадрат метрли ёпиқ модулда яшамоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ҳозирда жамоа миссиянинг энг мураккаб босқичларидан бири — икки ҳафталик «алоқа тутилиши» жараёнини бошдан кечирмоқда. Бу сценарий Марс Қуёшнинг нариги томонида қолганда юзага келадиган радиоалоқа узилишларини моделлаштиради. Бу вақтда иштирокчилар Ер билан боғлана олмайди ва барча муаммоларни мустақил ҳал қилишга мажбур.
160 квадрат метрли майдонда яшовчи экипаж ресурслар танқислиги, техник носозликлар ва интернетдан фойдаланиш имконияти йўқлиги каби қийинчиликларга дуч келмоқда. Улар Марс юзасига чиқишни симуляция қилиш, ўсимликлар етиштириш ва ҳаётни таъминлаш тизимларига хизмат кўрсатиш каби вазифаларни бажаришади.
NASA мутахассислари ушбу тажриба орқали узоқ муддатли изоляциянинг инсон психологияси, когнитив қобилиятлари ва жисмоний саломатлигига таъсирини ўрганмоқда. Олинган маълумотлар келажакда амалга ошириладиган Ой базалари ва Марсга парвозлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Умумий ҳисобда 378 кун давом этиши режалаштирилган ушбу тажриба 2026-йил 31-октябрда якунланади. Бу миссия NASAнинг инсон саломатлигини ўрганиш дастури доирасида амалга оширилаётган бўлиб, у космик парвозларнинг инсон организмига таъсирини тушунишда муҳим қадам ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!