date

Автоҳалокатларда аёллар эркакларга қараганда 1,6 баробар кўпроқ жароҳат олади

Автоҳалокатларда аёллар эркакларга қараганда 1,6 баробар кўпроқ жароҳат олади

Гратс техника университети (ТУ Граз) Транспорт хавфсизлиги институти тадқиқотчилари замонавий автомобиллар хавфсизлик даражаси ошганига қарамай, аёллар автоҳалокатларда эркакларга нисбатан жиддийроқ жароҳат олишини аниқладилар. Австрияда 2012–2024-йиллар оралиғида ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, бир хил шароитдаги аварияда аёлларнинг жароҳат олиш хавфи эркакларникига қараганда ўртача 1,6 баробар юқори. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Тадқиқот раҳбари Корина Клугнинг таъкидлашича, аёллар кўкрак қафаси, умуртқа поғонаси ҳамда қўл ва оёқ соҳаларида кўпроқ шикастланишади. Айниқса, 50 ёшдан ошган аёллар учун паст тезликдаги тўқнашувлар ҳам ўта хавфли бўлиб, уларда оғир жароҳат олиш ёки ҳалок бўлиш эҳтимоли эркакларникидан икки баробар кўпдир.

Олимлар виртуал биомеханик моделлар ёрдамида авариялар жараёнини қайта тиклаб, ўриндиқ ҳолати хавфсизликка қандай таъсир қилишини ўргандилар. Маълум бўлишича, замонавий хавфсизлик камарлари ва ёстиқчалари кўпинча йўловчиларнинг, хусусан, аёлларнинг ўзига хос тана тузилиши ва ўриндиқнинг ностандарт ҳолатларига мослаштирилмаган.

Муаммонинг туб илдизи автомобил краш-тестларининг тарихига бориб тақалади. Ўнлаб йиллар давомида хавфсизлик стандартлари фақат "ўртача эркак" кўрсаткичлари асосида ишлаб чиқилган. Ҳатто "аёллар" учун мўлжалланган манекенлар ҳам аслида эркаклар моделининг кичрайтирилган нусхаси бўлиб, улар аёлларнинг анатомик хусусиятларини, масалан, тос суяги кенглиги ёки елка геометриясини тўлиқ ҳисобга олмайди.

Тадқиқотчилар хулосасига кўра, аёллар шунчаки "кичик эркаклар" эмас, шунинг учун универсал моделлар хавфсизликни баҳолашда хатоликларга йўл қўймоқда. Ҳозирги кунда аёллар анатомиясига мослаштирилган махсус манекенлар фақат орқа томондан урилиш синовларида қўлланилади, бироқ улар ҳам ҳали кенг оммалашмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Автоҳалокатларда аёллар эркакларга қараганда 1,6 баробар кўпроқ жароҳат олади