РЖД сунъий интеллектга асосланган Автопротокол сервисининг очиқ тестини бошлади

"РЖД – Сифровие пассажирские решения" жамоаси аудио ва видео ёзувларни таҳлил қилиш ҳамда матнга ўгиришга мўлжалланган "Автопротокол" сунъий интеллект сервисининг очиқ тест синовларини бошлади. Ушбу платформа йиғилишлар ёзувларини автоматик равишда тузилмали ҳужжатларга айлантириб, асосий тезисларни ажратиб кўрсатади ва сўзловчиларни тайм-кодлар орқали аниқлайди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Гарчи сервис темир йўл соҳаси терминологиясига мослаштирилган бўлса-да, у ҳар қандай соҳада фойдаланиш учун қулай. Фойдаланувчилар файлни сайтга юклаб, электрон почта манзилини кўрсатишлари кифоя. Тизим тўлиқ онлайн режимда ишлайди ва маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча талабларга жавоб беради.
Компания бош директори Евгения Чухнованинг таъкидлашича, сервис доимий равишда такомиллаштирилмоқда ва фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинмоқда. Келгусида транскрипция сифатини ошириш, шовқинни камайтириш ва бошқа рақамли хизматлар билан интеграцияни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Ёпиқ тест даврида сервис орқали 500 дан ортиқ ёзув қайта ишланиб, 400 га яқин протокол шакллантирилди. Умумий ҳисобда 21 кундан ортиқ давом этган аудио ва видео материаллар таҳлил қилиниб, тизимнинг самарадорлиги тасдиқланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!